Покистон сиёсати АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларга боғлиқми?

10.04.2022 21:15

Бугун, 10 апрель куни Покистон парламенти бош вазир Имрон Хонга нисбатан ишончсизлик вотумини қабул қилиб, уни лавозимидан четлатди. Покистоннинг янги бош вазири лавозими учун номзод ҳам кўрсатилди.

Reuters хабарига кўра, овоз берган мухолифатчилар Хонни мамлакатдаги иқтисодий вазиятни яхшилай олмаётганликда ва коррупцияда айблаган.

Покистон ҳукумати ишончсизлик вотуми ортида АҚШ турганини иддао қилмоқда.  24 февраль куни Россиянинг Украинага босқини бошланган биринчи кунда Покистон бош вазири Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашган эди. Шундан сўнг, 3 апрель куни Покистон парламенти аъзолари бош вазирга ишончсизлик вотуми ўтказмоқчи эди. Бироқ, парламент вице-спикери овоз беришни ўтказишдан бош тортди. Покистон Миллий Ассамблеяси спикери Асад Кайзер бу конституциянинг 5-моддасига зид эканини айтди.

Парламентнинг бош вазирга ишончсизлик вотумини ўтказишга уринишлари бошланган заҳоти президент Ориф Алвий Миллий ассамблеяни тарқатиб юборган эди.

Асад Кайзер бугун, ишончсизлик вотумига овоз бериш олдидан истеъфога чиқди. У буни «Хонни ҳокимиятдан олишга қаратилган чет эл фитнасида қатнаша олмаслиги» билан изоҳлаган. Имрон Хон эса уни олиб ташлашга уринишлар ортида АҚШ расмийлари турганини айтган.

Ҳукумат аъзолари АҚШ бош вазирдан Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага бормасликни талаб қилган деб ҳисоблашмоқда. Уларга кўра, Покистон раҳбари АҚШга қулоқ солмаган, оқибатда эса АҚШ мамлакат парламентидаги бир қатор мухолифат вакилларига муайян пул тўлаб, бош вазирга ишончсизлик билдириш учун овоз беришни сўраган. АҚШ Имрон Хон ҳукмронлиги даврида Покистон АҚШдан янада узоқлашиб, Россия ва Хитой билан яқин алоқа ўрнатганидан мамнун эмас. Покистоннинг “Dawn” газетаси мамлакат бош вазири Москвага кетаётганида АҚШ унга бевосита босим ўтказиб, ташрифни бекор қилишни талаб қилганини ёзган.

Имрон Хон Қўшма Штатлар мамлакат ички ишларига аралашганини билдириб, аҳолини ушбу фитнага қарши намойишлар ўтказишга чақирди. New York Times газетасининг ёзишича, АҚШ расмийлари мазкур айбловларни рад этган. Россия томони эса расмий равишда АҚШдан Покистон ички ишларига аралашмасликни талаб қилди.

7 апрель куни Покистон Олий суди Миллий ассамблеяни тарқатиб юбориш ва мамлакат бош вазирига ишончсизлик вотумини бекор қилишни «конституцияга зид» деб топди ва овоз беришни ўтказишга қарор қилди.

Покистонда сайловлар 2023 йилда бўлиб ўтиши керак эди. Аммо Ахборот ва телерадио узатишлар вазири Фаррух Ҳабибга кўра, мазкур ҳолат ортидан Покистонда янги парламент сайловлари 90 кундан сўнг бўлиб ўтади. Имрон Хон янги бош вазир сайлангунга қадар ўз вазифасини бажариб туриши маълум қилинган.

Бугун, кутилаётганидек Покистон мухолифати томонидан «Покистон мусулмон лигаси» партиясининг етакчиси, илгари уч марта мамлакат бош вазири бўлган сиёсатчи Навоз Шарифнинг укаси Шаҳбоз Шариф номзоди Покистоннинг янги бош вазири лавозими учун кўрсатилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
13.04.2022 13:22
Бу воқеалар кўп "мустақил" давлатларда ҳақиқий ҳоким АҚШ эканлигини кўрсатади