19 йил Раматов бошқарган "Ўзбекистон темир йўллари"нинг бадбўй, кир ва чанг босган вагонларидан репортаж

22.02.2021 14:26

Ёхуд «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамияти 60 йил аввалги совет даврининг поездларида ҳамон одам ташимоқда...

Rost24.uz ахборот сайти журналисти 60 йиллик поезднинг барча (ҳайдовчи хонасидан ташқари) хоналарини кўздан кечирди.

Пойтахтимиздаги Жанубий вокзалдан «Тошкент — Қўнғирот» йўналишидаги поездга чиққач, биз учун ҳақиқий саргузашт бошланди. Вагон ичига қадам қўяр эканмиз бирданига бадбўй, сассиқ ҳид димоққа урилди. Янгича дунё, пойтахтдан узоқдаги одамларнинг бугунги ҳаёти билан танишиш истаги, узоқларда яшаётган замондошларимизнинг ўй-ҳаёлини, турмуш тарзини яқиндан билиб, янги мавзуларда мақола ва репортажлар тайёрлаш орзусида йўлга чиққан саргузаштталаб ижодкорларнинг бу сафари хийла кўнгилсизлик билан бошланди.

Димиққан, хира тортган ички йўлаклар шу қадар торки, икки киши қарама-қарши учрашиб қолса, бир-бирига урилмай йўлида давом этишнинг иложи йўқ. Вагонлар орасидан ўтиш йўлакчаси эса, жонни хатарга қўйиш билан баробар. Ўриндиқлар, эшиклар, дераза-ю пардаларигача барча барчаси сизга уруш йиллари эслатади. Тезюрар, замонавий йўловчи транспортида юрганларнинг бу ҳудудга кириб қолиши, гўё улар учун қадим дунёга тушиб қолгандек туюлади.

Поезд аста-секинлик билан йўлдан қўзғалар экан, не-не шаҳарлару, далаю қирлардан, қорақалпоқ кенгликларидан ўтадиган оғир ва узоқ манзилни қандай босиб ўтирканмиз, деган ҳадик тинчлик бермайди сенга. Тоза артилмаган, кир-чир бўлиб ётган йўлаклардан юрар экансиз, кўмир тўкилган бурчаклар, чанг босиб ётган “палас”лардан тезроқ қутилиш учун олдинга интиламиз. Бадбўй ҳид эса поезднинг ҳар тарафидан сизни таъқиб қилиб келаверади. Ҳатто тамаддихонада ҳам у сиз билан бирга қолади.

Поезд ходимларининг тили билан «ресторан», деб аталган бу жойни биз ҳатто “кафе”, тамаддихона ҳам демаган бўлардик. Бундай кўринишдаги овқатланиш жойида чой ичиш, тамадди қилиш жуда-жуда мушкул. Кўчган, эскирган доғли стол-стуллар, ароқ ҳиди анқиб турган бу “қоронғу хона”, поезднинг қўланса ҳидига аралашиб кетган бир нуқтасидан келаётган овқат хиди, кўнгилни беҳузр қилади.

Бу "ресторан"да овқат ейиш у ёқда турсин, стулларга ҳам ўйлаб ўтирасиз. Ҳожатхонани эса тасвирлашни эп кўрмадик, чунки бу тасвирларни журналистика этикаси кўтара олмайди. Тор “купе”ларнинг бирига жойлашган бўлсангиз, дўппингизни осмонга отсангиз ҳам бўлади. Энг оғири – плацкартда ўтириб йўлга чиқиш. Тиқилинч, одамлар ёзнинг жазирама иссиғи, қишнинг аёзли ҳавосида “плацкарт”да кетадилар. «Купе» деб аталган тахминан 4 метр куб жойга тўрт кишини жойлаш, бу қамоқхонадаги шароитдан ҳам ноқулай бўлса, керак. Униққан, нам тортган энсиз матраслар, “вентиляция” йўқ, бадбўй, эркин ҳаракатланиш имконияти бўлмаган тор, чанг хоналарда одам ташиш, инсонлар ҳаётига беҳурматликдан бошқа нарса эмас. Пул тўлаб шу шароитда кетишнинг ўзи ачинарли.

Аслида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ аҳолини шундай оғир шароитда ташигани учун компенсация тўлаши керак. «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг осмон қадар нархларидан қутқариб келаётган бу поезд худди жазо ўталадиган ҳудудга ўхшайди.

1959 йилларда суратга олинган «Жазда фақат қизлар», «Шарқий экспрессдаги қотиллик» каби тарихий фильмларда кўрган поезд “купе”лари ҳам бугун хизмат кўрсатаётган «Ўзбекистон темир йўллари»нинг бу поездидан минг чандон яхшироқ кўринади.

Бугунги кун талабига умуман жавоб бера олмайдиган собиқ совет иттифоқи давридан «мерос қолган» поездларни яна қанча эксплуатация қилиш мумкин? «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг нафақат поездлари, балки раҳбарияти дунёқараши ҳам совет давридан «мерос қолган» кўринади. Чунки бугунги дунёқараш билан «Ўзбекистон темир йўллари»АЖнинг 60-70 йиллик поездларида аҳолига хизмат кўрсатишга ҳар ким ҳам жазм қила олмайди.

Шу шароитда кўпгина талабалар, муҳожирлар ва бошқа йўловчилар Россия давлатигача қатнайди. Бу шароитда 3 кун давомида Россия чегарасигача соғ-саломат етиб олишнинг ўзи ҳақиқий қаҳрамонлик бўлса, ажаб эмас.

Шу аҳволни аҳолига раво кўраётган масъулларни доим раҳбарлар ёнида қўли кўксида кўрамиз. Бугунги давр дунёқараши билан расмана совет даврининг «сарқити» дейиш мумкин бўлган ўша поездларни ҳамон боқимандалик билан ишлатишга йўл қўйиб келаётган раҳбарият ўзи қачон охирги марта бу вагонларга чиққан экан?..

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ масъуллари, шу раҳбариятда 19 йил фаолият юритган Очилбой Раматовнинг ўзларини ҳам марҳамат қилиб ушбу “купе”ларда сайр қилишга таклиф қилган бўлардик.

Бизнинг бу йўловчи поезддаги саргузаштимиз ҳам 16 соат ўтиб, Нукусга етганимиздан сўнг якунига етди.

Шу тариқа «жазо ўталадиган ҳудуд»дан чиқишга муваффақ бўлдик, тоза ҳаводан ўпкамизни тўлдириб, тўйиб-тўйиб нафас олдик, аммо устимиздан ҳамон поезднинг бадбўй ҳиди, кўз ўнгимиздан қадим замонлардан қолган хароба вагонлари, қулоғимиздан эса тарақа-туруқ шовқини кетмаяпти.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
29
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
02.04.2022 16:34
Мен Жокаргы Кенес рахбари булсам биринчи ишимни шундан бошлардим
27.05.2021 06:41
To'g'ri
27.02.2021 16:27
Maqolada muammoni ko'tarilib chilganda tassavvur paydo qilingan. Lekin Maqolaning asl maqsadi ma'lum bir shaxs(Ramatov)ni yomonlash bo'lgan. Zakazga qilingan yoki Ramatovni yomon ko'radigan odam yozgan
24.02.2021 17:53
Oztemiryolovchi direktoridan soranglar nimaga u Uzbekistan temir yollari raisini buyrugini bajarmayopdi xamma boshqa temir yol xodimlariga 490000 mingdan yordam pulini bervotdi xamma premiyalarni qaytarvotdi lekin Oztemiryolovchi direktoridi nima qisalarin qil bermiman divotdi bu buyruqqa asosan 1 fevraldan berish kere u bolsa yoq
23.02.2021 15:51
Жуда тугри гаплап
23.02.2021 11:13
Совет пайтида бу поездлар чётки булган, бизни шоввозлар адабини берди буларни
23.02.2021 09:39
Журналист Британияга ишловчи давлатимиз хоиними охирги расмда акслари куриниб турибди. Яна битта «Навальный»
22.02.2021 21:17
Ҳудли шундай вагонлари! Афсус!
22.02.2021 21:03
Аввал битта ишни, пешона тери билан бажариб қўйгинда, кейин аққилилик қилгин. Энг оғир ишинг телефонни кўтарволиб, нимжон бармоқчаларинг билан телефон клавиатурасини босгин.