Ўтган бир ой ичида ижтимоий тармоқлар ўқитувчиларнинг openbudget.uz да ўз мактаблари учун овоз бериш сўралган илтимосномалар билан тўлди. Унда мактабларнинг реал муаммоси кўрсатилган бўлиб муаммони бартараф этиш учун кўпроқ овоз тўплаш ва ғолиб бўлиш талаб этилади.
Муаммолар аниқ ва асосли.Таклифлар тизимда тасдиқдан ўтган. Шундай экан, бунинг учун овоз тўплашдан нима наф?
Бугун ўқитувчилар ўз таълим муассасалари шароитини яхшилаш учун овоз тўплаш билан овора. Мутасаддилар ўз курсисидан туриб, жойлардаги муаммоларни ўз кўзи билан кўриб ўрганиши ва ҳал қилиши керак эмасми? Нега масъул идораларнинг вазифасининг бир қисми яна ўқитувчилар зиммасига тушмоқда?
Молия вазири Темур Ишметов мазкур портал бюджетдан ажратилаётган маблағлар устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ошириш мақсадида очилганини маълум қилган:
«Бу фуқаролар ўзининг ҳаётида қийнаб келаётган масалаларни ҳал қилиш учун бюджет жараёнида қатнашиш орқали мазкур масалаларни юқорига кўрсатиб маблағларни талаб қилиш имконияти яратилган порталдир».
Rost24.uz сайти ўқитувчиларнинг бу портал ҳақидаги фикрлари билан қизиқди ва ижтимоий тармоқдаги билдирилган муносабатларни тўплади:
«Айрим яқинлардан кеча Опенбюджетга овоз беришга ёрдам сўрагандим. Аммо биз курашни тўхтатдик.Овоз берганларга раҳмат.Энди овора бўлмангизлар...Яна бир бора раҳмат....»
«Опенбюджет мантиқсизлик!
Бундай йўл танланишини ёқламайман. Нега мутасадди ташкилотлар таъмирталаб мактаблар банкини ташкил қилиб шундан маълумотни олиб, хонасидан чиқиб, мактабларга бориб ҳақиқий аҳволни ўрганиб, бюджетдан пулни ажратмайди? Бу вазиятда таъмирга муҳтож мактаблар қолиб кетади. Агар ҳақиқий ҳолатни кўриб шунга қараб маблағ ажратилса, мақсадли бўлади. Адолатдан бўлади».
«Опенбюджет бизни ҳам қийнаб юборди.Ҳозир 3-ўринда эдик,4-ўринга тушиб қолдик.Масъулиятимиз икки баробар ошди. Дарси йўқ ўқитувчилар қўшни вилоятларга ҳам бориб келишяпти.Бу кураш 1апрелгача давом этаркан.Сабримиз етармикин!?»
«Сизларда ҳам шу аҳволми, устозлар? Шу жараённи ўйлаб топган раҳбарлар, ўқитувчиларни кўчама кўча сарсон, гадойга ўхшаб овоз йиғиб юришидан роҳатланиб, мазза қилишадида.
“Авваллари эшикма эшик юриб, ҳар хил ҳужжатлар йиғиларди. Энди замонавийлашиб, телефон орқали овоз йиғишга ўтилди. Бу нимаси? Ҳокимлар эътиборли бўлишса, бюджетдан мақсадли фойдаланишса, мактаблар хароб холга келмасмиди? Мактабга дейилса, хиралигидан шунгаям вақт кетказиб тайёрланганда дейдиган краскалар ажратилади. Поллар қайта-қайта артилса ҳам краскалар «безрайиб» тураверади. Ҳайрон қоламан, бу краскаларни ишлаб чиқараётганлар вақтларига ачинишмасмикан а?”
Биз ижтимоий тармоқларда фикр билдирган ўқитувчиларга босим бўлмаслиги учун исм фамилияларни келтириб ўтмадик. Уларни ўқиркансиз, кўпчилик яқинлари, қўшнилари ва ҳаттоки кўчада ўткинчилардан овоз беришни сўрашга мажбур бўлаётганликларини кўришингиз мумкин.
Овоз бериш доим ҳам шаффоф эмас!
Жумладан, ўтган йили «Ташаббусли бюджет» бўйича қатор лойиҳалар жамоатчиликда шубҳаларни келтириб чиқарганди.
Ўшанда қарийб 900 та лойиҳа ташаббусли бюджет бўйича овоз беришда ғолиб деб топилган, бироқ уларнинг айримлари жамоатчиликда саволлар ва манипуляцияга йўл қўйилган, деган шубҳаларни келтириб чиқарди. Жумладан, Чилонзор туман ҳокимлигида ошхона қуриш, сектор штабини таъмирлаш ва ободонлаштириш хизмати ходимлари учун асбоб-ускуналар сотиб олиш бўйича лойиҳалар кам овоз билан ғолиб бўлган.
Унга кўра туман ҳокимлиги ходимлари учун 999 млн сўмлик янги ошхона қуриш, туман 4-сектори штабини 500 млн сўм эвазига таъмирлаш, шунингдек, туман ободонлаштириш хизмати учун белкурак, чўтка, болта ва бошқа асбоб-ускуналарни 600 млн сўмга сотиб олиш ташаббуслари ғолиб бўлганига эътибор қаратилди.
Эътиборлиси, ушбу лойиҳалар онлайн ҳолатда бор-йўғи биттадан овоз олган — қолган барча овозларнинг SMS орқали берилгани манипуляция ва маъмурий имкониятлардан фойдаланилганига ҳам далил бўлди.
Ўша вақтда юрист ва блогер Хушнудбек Худайбердиев Молия вазирлиги Давлат бюджети департаментининг директори Шерзод Муҳамедов изоҳини эълон қилган. Мутасадди «Ташаббусли бюджет» порталида қайсидир ташаббус энг кўп овоз олгани, бу ўша лойиҳа албатта молиялаштирилишини англатмаслигини, ишчи гуруҳлар томонидан ғолиб бўлган лойиҳалар тегишли талабларга тўғри келиши қайта кўриб чиқилишини маълум қилган.
Демак, якунда қайта кўриб чиқилар экан, мажбурий овоз бериш жараёнини мавжудлиги қанчалик аҳамиятли?
Ташаббусли бюджет нима?
Унинг доирасида фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин.
Лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар ҳар бир туман (шаҳар) даражасида тузиладиган «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»да жамланади. 2021 йил 1 июлдан бошлаб фондга маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларидан 30%дан кам бўлмаган маблағлари, шунингдек, тасдиқланган харажатларнинг 5% келиб тушмоқда. Президент қарори билан жамғарма маблағларини бошқа мақсадларда ишлатиш қатъиян тақиқланади.
Демак, www.оpenbudget.uz расмий веб-сайтидаги «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида фаол иштирок этиш орқали халқ таълими тизимидаги муассасаларга қўшимча маблағ олиш имконияти мавжуд.
Жорий йилда «Ташаббусли бюджет» жараёнида 10140 та умумтаълим мактаблари иштирок этаётган бўлиб, бу таклиф этилган 69700 та жами лойиҳаларнинг 15 фоизи демакдир.
Айни дамда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси учун ажратиладиган маблағ миқдори 1,1 трлн сўмни ташкил қилади.
Овоз бериш жараёни жорий йилнинг 5 март куни бошланди ва 1 апрель кунига қадар давом этади.