Ўзбекистонда хусусий компания билан шериклик-келишуви асосида қурилган биринчи аэропорт катта дабдаба билан очилди.У қандай афзалликларга эга?
Самарқанддаги янги аэропортга нима сабабдан китоб шакли берилди? У фойдаланишга тайёрми? Ким томонидан қурилган ва қандай имтиёзлар берилган?
2021 йил апрель ойида лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтган Самарқанд халқаро аэропорти орадан қарийб бир йил вақт ўтиб фойдаланиш учун топширилди. Ҳудуди 25,2 гектарни ташкил қилган мазкур аэропорт “Uzbekistan Airpots” АЖ ҳамда «Самарқанд халқаро аэропорти» МЧЖ буюртмасига асосан барпо этилган.
Лойиҳа қандай бошланган эди?
Самарқанд халқаро аэропорти 1967 йилда барпо этилган. Кейинчалик Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йили вилоятга ташрифи чоғида ушбу «ҳаво бандаргоҳи»ни модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берган. 2021 йил апрель ойида эса қурилиш ишлари бошланиб, Президент реконструкция ишларини кузатиш учун вилоятга ташриф буюрган.
Лойиҳа давлатникими ё хусусий компанияники?
2021 йил 23 сентябрь куни Транспорт вазирлигида «Air Marakanda» МЧЖ ва «Uzbekistan Airports» АЖ ўртасида давлат-хусусий шериклик битими имзоланган эди. Битим «Самарқанд» халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳаси доирасида тузилган. Ушбу битимдан мақсад эса «Самарқанд» халқаро аэропортида йўловчиларга ва авиаташувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш ва аэропорт бошқарувига халқаро компанияларни жалб қилишдан иборат эди. “Air Marakanda” компаниясига комплексни тендерсиз бошқарув ҳуқуқи ҳукумат томонидан 20 йилга давлат хусусий шерикчилик асосида топширилган.
Айрим манбаларда бу компания Кипрнинг “Drupola Holdings Limited” номли офшор компаниялардан бирига тегишли эканлиги ҳам айтилган. Бу аэропорт давлат аҳамиятида ва офшор компания қарамоғидаги компанияга берилиши бирмунча саволлар келтириб чиқаради. Ушбу саволларга мутасаддилардан очилиш маросимида жавоб ололмадик.
Маълумот ўрнида, “Air Marakanda” компанияси 2020 йил 9 апрелда рўйхатдан ўтган. Унинг асосий фаолият соҳаси ҳаво транспорти орқали хизмат кўрсатишдан иборат. Компания директори — Ғайрат Илҳомович Неъматов, асосчиси эса Кипрнинг «Drupo Holdings Limited» офшор компанияси ҳисобланади.
Аэропортнинг янги очилган терминал қиймати қанчага тенг?
2022 йил 18 март санасида очилган аэропорт янги терминалининг қурилиш лойиҳаси қиймати 80 миллион долларга тенг бўлиб, бу лойиҳа “Uzbekistan Airpots” АЖ ва “Air Marakanda” компанияси ўртасида имзоланган давлат-хусусий шериклик келишуви асосида амалга оширилди. Қурилиш ишлари Ўзбекистонда етакчи EPC-пудратчи ҳисобланган "Enter Engineering" компанияси томонидан Туркиянинг Kiklop лойиҳа-муҳандислик компаниясида яратилган меъморий ечим асосида ишлаб чиқилган.
Аэропорт йўловчилар терминали 3 қаватдан иборат бўлиб, соатига 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бу кўрсаткич йилига 1,5 миллион нафарни ташкил қилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, Lufthansa Consulting ташкилоти томонидан ўтказилган мустақил таҳлиллар ушбу аэропорт орқали йўловчи ташиш оқимини йилига 480 000 кишидан 2 миллион кишига ортишини кўрсатмоқда.
Лойиҳа ташкилотчилари нима демоқда?
«Самарқанд – бу Ўзбекистон дурдонаси, кўп асрлик тарих ва бой маданиятга эга музей-шаҳар. Дунёнинг турли мамлакатларидан сайёҳларни оҳанрабо каби ўзига тортади. Энди шаҳар ва мамлакат меҳмонларини энг яхши технологияларга эга янги аэропорт кутиб олишидан жуда хурсандман»,- деди “Uzbekistan Airpots” АЖ Бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
Нега аэропорт китоб шаклида?
«Air Marakanda» компаниясининг операцион фаолият бўйича бош директори ўринбосари Хилми Йилмаз эса аэропортнинг ўзига ҳос шакли ва сайёҳлар эътиборини тортадиган жиҳатлари ҳақида тўхталди:
- “ Аэропортимиз буюк олим Мирзо Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» китоби шаклида барпо этилгани, сайёҳларнинг эътиборини тортади, албатта. Замонавий бўлиши билан бир қаторда терминалимизда ўзбек халқининг ўзига хос миллий жиҳатларини ҳам кўришлари мумкин.
Самарқанд халқаро аэропорти архитектурасига мухбиримиз репортажида баҳо беришингиз мумкин.
Маълумот учун: Самарқанд халқаро аэропорти орқали тўғридан-тўғри Москва, Истанбул, Олма ота, Санк-Петербург каби шаҳарларга парвозлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Кейинчалик эса яна бошқа шаҳарлар, масалан, Шаржа, Красноярск, Сочи ва Новосибирск каби шаҳарларга ҳам чиқиш имкониятлари кўриб чиқиляпти.