Ғарбнинг Россияга қўллаётган санкциялари ўзбекистонлик муҳожирларга қандай таъсир қилмоқда?

05.03.2022 13:15

Бугунги кунда Россия Федерациясида 3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик муҳожирлар борлиги айтилади. Украинага қарши бошланган ҳарбий амалиётлар ортидан Россияга қўлланилаётган АҚШ ва Ғарбнинг санкциялари таъсири Ўзбекистон муҳожирларини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Йилдан йилга Россияга бориш зарарлироқ бўлиб бормоқдами?

Cаволларга ҳуқуқшунос Ботир Шермуҳаммад батафсил жавоб берди:
 

Ўзбек мигрантлари Россияда қай аҳволда? Уларни қандай масала қийнамоқда?

- Биринчи, навбатда бу бўлган воқеалардан мигрантларимизга албатта моддий, иқтисодий тарафдан зиён етади. Мурожаатлар бор. Нима қилишимиз керак керак дея озгина саросима билан савол беришмоқда. Энди пулни қандай уйга жўнатамиз, банк ишламаяпти деган саволлар келмоқда бизга ҳам. Умуман олганда, мигрантларни асосий қизиқтириб турган нарса ҳозир сиёсий нарса эмас, иқтисодий масала биринчи бўғинда турибди. Пулни қандай юборамиз, долларнинг нархи қанча бўлади, эртага юборса бўладими ёки йўқ каби саволлар турибди.

Ўзбекистондаги баъзи бир банклар Россиядан кирувчи пулларни вақтинчалик ёпиб қўйди. «Ипак йўли» банки масалан. Шунинг учун шундай хавотир бор. Асосийси шу, бошқа томондан Россияда муаммо йўқ бугунги кунда.

Доллар курсини кўтарилгани маошларга ҳам таъсир қилганми? Қайси йўл орқали пул жўнатишларини маслаҳат берасиз? Имкон борми ўзи ҳозир Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказишни?

- Имкон бор. Фақат гап шундаки, доимий равишда доллар курси ўзгариб турганлиги саросима уйғотади. Бугун 80 дан алмаштирилган бўлса, эртага 90 ундан кейин 100 каби ўзгариб турибди. Шунинг учун одамларда тушунарсиз ҳолат. Маошга ҳали таъсир қилиб улгургани йўқ. чунки вазиятга кўп бўлгани йўқ. Маошга таъсир қилиши учун мен ўйлашимча вақт ўтиши керак. Тўғридан-тўғри маошга эмас, нарх-навога таъсир қилади. Импорт товарларни нархи ошиб кетади. Шунга ўхшаш савдо-сотиққа таъсир қилиши мумкин. Баъзи техникаларни нархи ошиб бормоқда кундан-кунга. Лекин ҳали маошга таъсир қилгани йўқ. Россия рублида олган маошларини Ўзбекистонга долларда юборади. Шуни камайиб қолганлиги сезиляпти. Ўзимиз ҳам шахсан сезяпмиз.

Ҳозир ўзи умуман олганда вақтинча пул жўнатмаган маъқул. Тушунарсиз ҳолат, балким эртага доллар нархи бирдан ўзгариб кўтарилиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳозирги кунда рубль сотиб олиш ҳам, доллар сотиб олиш ҳам тўғри эмас. Буни албатта, иқтисодчилар тушунтиргани маъқул. Лекин, пул жўнатса бўлади. Баъзи банклар ишламагани билан, лекин мана Россия ўзининг «Юнистрим»,«Контакт» каби системалари ишлаб турибди. Россия Президентининг охирги қарори бўйича чет давлатларни шу каби пул юбориш бўйича ишлайдиган системалари тақиқланди. Яъни ҳозирги кунда “Wеstern Union” каби хорижий тизимлар орқали, четга банкда ҳисоб очмасдан туриб пул ўтказиш тақиқланди. Лекин, Россиянинг ўзининг системалари бор. Улар ишлаяпти.

Мен иқтисодчи эмасман, ҳуқуқий маслаҳатлар бераман. Ўзимиздан келиб чиқиб маслаҳат беряпмиз. Бундан ёмон бўлмаса керак бундан кейин. Умид қиламизку, уруш тўхтаб, санкциялар енгиллашиб, доллар курси ҳам яхши бир вазиятга келиб қолар. Лекин бундан ёмон вазият бўлмаса керак. Пул юбориш мумкин, лекин ютқизиб қўйиш ҳам мумкин. Вазият тез ўзгаряпти. Ҳозир берган маслаҳатимиз, бир соатдан кейин ҳам ўзгариб қолмоқда. Ойни бошида ҳамма иш ҳақи олган бўлиши керак, айнан шунда бир қанча вариантларни кўриши керак.
 

Бир яхши таклиф бўлди, иқтисодчилар, банкда ишлайдиганлар бир йиғилиб аҳолига тушунтириш берса бўлади деган. Енгилроқ, арзонроқ йўлда қандай пул жўнатса бўлади деган тушунтириш, маслаҳатлар бериши керак дейишган эди. Нафақат, мигрантлар, балки савдо-сотиқ билан шуғулланадиган тадбиркорларимиз бор. Экспорт-импорт қилаётганлар бор. Улар нима қилиши керак. Шунинг учун ҳозирги кунда яхши бир иқтисодчи, молиячиларни маслаҳати керак. Чунки биз ҳуқуқшуносмиз, кўпроқ ҳуқуқий масалада ёрдам берамиз. Лекин ўзимизга ҳам ҳозирги кунда иқтисодчиларни маслаҳати керак.

Баҳор вақтида Ўзбекистондан муҳожирларни кетиши кузатиларди. Бу йил бу хол қандай кечмоқда. Ишга доимгидек кетилмоқдами?

  • Мен кузатувларимдан айтаман. Чунки 16 йилдан бери Москвада яшайман. Илгари кузда қайтиш дейиларди, баҳорда келиш. Лекин охирги 10 йил ичида унақа «сезон» деган нарсани ўзи йўқ. Ҳар қандай вақтда одам кўп кетяпти, кўп келяпти. Ўтган йили Россия Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, Ўзбекистондан 3100 нафар одам борган. Бу жуда ҳам кўп.чунки ўтган йилги маълумотларда, бу статистика 2100 нафарни ташкил қилар эди. Пандемиядан кейинги даврда бу ҳолат кўпайган. Патент олиш ҳам 1 млнга кўпайган. 2020 йил йўллар ёпиқлиги учун боролмаган одамлар боришди.

Лекин ҳозирги вазиятда кўп одамлар менга ёзишди, 5 мартга билет олиб қўйгандим, борсаммикан йўқми деб. Бу саволга жавобни ўзи йўқ. Йўл очиқ борса бўлади. Россияни 12 та регионига бориб бўлмаяпти, чунки ёпилган. Марказий шаҳарларида рейслар ишлаб турибди. Россия ҳукумати баъзи бир давлатлар билан доимий рейсларни яна кўпайтиришни эълон қилди. Пандемиядан кейин ҳали автомобиль, поезд йўллари ҳали очилмаган. Бу ҳам очилиб қолишига умид қилиб турибмиз. Чунки Россия ҳукумати пандемияни унутгани кўриниб турибди, ҳозирги кунда. Чунки, тадбирларга ҳам рухсат берганини кеча ўқидим. Одамларда хавотир бор, Миграция маркази ишлайдими, патент олсак бўладими деган, ҳаёт давом этмоқда, секин аста изга тушмоқда ҳаёт.

Сўнгги воқеалардан кейин сизга Россияда ишлаётганлардан қайтиш, иш излаш ёки бошқа давлатга бориш борасида маслаҳатлар кўпайган. Шундайми?

  • Бундай саволлар доимий келиб туради. Яъни «Америкага қандай борса бўлади?», «Жанубий Кореяга қандай борса бўлади?», дейишади. Лекин, албатта ҳозир кўпаяпти. Таҳлил қилдик, 2008 йилдан бери Россия рублини қиймати 330 фоизга камайган. Яъни қадри пасайган. Мигрант таҳлил қиладиган бўлса, йилдан йилга Россияга бориш зарарлироқ бўлиб бормоқда. Ундан ташқари патент тўлови ошиб бормоқда, яна қўшимча ҳужжатлар, талаблар. Ҳар қандай ақлли инсон таҳлил қилиб, бошқа давлатларга боришни, долларда пул топадиган давлатларни танлашини маслаҳат берамиз, танлагани маъқул. Лекин албатта у ерга бориш учун виза олиш керак, тилни билиш керак, малакага эга бўлиши керак, энг катта муаммо бу бизда. Нимага Россияга кўпчилик боради, асосий айб ўзимизда. Яъни биз тилни билмаймиз, малакамиз йўқ, муаммо шунда, агар мигрантларимизга инглиз тили, ёки умуман бошқа тилларни ўргатсак, уларни боришига имкон бўлади. Ҳозирги кунда Россиядан Америка ёки Кореяга кетишни имкони йўқ, Россиядаги элчихона ўзингни давлатингга борасан деб айтади. Баъзи бир ҳолатларда бўлиши мумкин лекин жуда қийин, Ўзимизни давлатдан виза олиб, чиқиб кетган яхши. Лекин бошқа давлатларда ҳам Ўзбекистондан бораётганлар кўпайиб бормоқда. Демак, ҳаракат қилса бўлар экан. Маслаҳатимиз, тилни ўрганиб Европа мамлакатлари, Америка, ёки Араб мамлакатларига бориб ишлашса яхши. Яхши тарафи у ерда иш ҳақини долларда олишади. Ҳозирги кунда энг ишонса бўладиган валюта бу доллар бўлиб турибди. Эътибор бериб шунга ҳаракат қилишлари керак. Албатта Россия катта давлат, бизни ишчиларимиз кўп. Бирдан бу нарсага ўтиб кетолмаймиз, вақт керак. Лекин йўналишни тўғри олишга ҳаракат қилиш керак.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар