Ўзбекистон Украинани қўлласа, ўзбек мигрантларига қийин бўладими?

03.03.2022 18:58

Бугунги Россия ва Украина можаросида расмий Ўзбекистон Украина тарафни қўллаши, ўзбек мигрантлари учун муаммо бўлиши мумкинми?

Айрим ҳукумат вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Ўзбекистоннинг Россия билан муносабатлари совуқлашиши РФ ҳудудидаги ўзбек муҳожирларига салбий та]сир қилишини тахмин қилади. Хусусан, Москва шаҳрида бир неча йилдан бери мигрантлар ҳимояси билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқшунос Ботир Шермуҳаммадга кўра, Россия ҳукуматининг мигрантлар орқасидан Марказий Осиё ҳукуматига «шантаж» қилиш ҳолатлари бор нарса» Лекин, шунга қарамай Россиянинг Марказий Осиё муҳожирларига эҳтиёжи катта, шундай экан Ўзбекистон манфаатларидан воз кечиш тўғри эмас.

Москва шаҳрида ўзбек муҳожирлари билан 10 йилдан буён ишлаб келаётган ҳуқуқшунос, «Мигрант» портали муаллифи Ботир Шермуҳаммад бу борадаги фикрларини билдирди:

«Россияда шундай нарса борки, агар, Марказий Осиё давлатлари ичида бир-бири билан конфликт бўлса, албатта мигрантлардан фойдаланади. Буни Тожикистон, Қирғизистон мисолида кўп кўрганмиз. Масалан, Тожикистон ҳукумати бундан бир неча йил олдин, Россиянинг иккита самолётини мусодара қилганди. Шунда Россия шу куннинг ўзидаёқ камида 300 нафар Тожикистон фуқаросини «депорт» қилганди. Грузия билан конфликт бўлганда айнан Грузия фуқароларини шундай қилган эди. Бу нарсалар бор. Ушлаб туриб сен Ўзбекистон фуқаросимисан, ё Тожикистон «Бор кетавер», деган ҳодисалар бўлган. Масалан, миллатига ёки фуқаролигига қараб шунақанги санкциялар қўлланганлиги бор. Шунинг учун Россия ҳукумати бунақанги мигрантларни орқасидан Марказий Осиё ҳукуматига «шантаж» қилиш ҳолатлари бор нарса. Лекин, биз қўрқмаслигимиз керак. Ҳукуматимиз бунга йўл қўймаслиги керак. Биз тушунишимиз керакки, мигрантлар биздан кўра, Россияга кўпроқ керак. Шу нарсани дипломатларимизга тушунтириш қийин бўляпти. Тушунишлари керак. Россия ўзини сиёсатчилари тили билан киргизмаслик керак деяверади. Агар таҳлил қиладиган бўлсак, Россия иқтисодини ривожланишида меҳнат муҳожирлари керак. Энг кўп меҳнат муҳожирини фақат Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон бера олади. Бошқаси беролмайди. Шунинг учун уларга айтиш керак, «яхши, бўлмаса чегарангни ёп», деб айтиш керак. Биз бошқа жойга борамиз. Йўлини қилса бўлади. Лекин ҳеч, қачон меҳнат муҳожирларини, деб Ўзбекистон ўз манфаатларидан воз кечиши керак эмас.

Билагида кучи бор ёш-ёш йигитларимиз, фуқароларимиз бошқа давлат иқтисодиёти ривожланишига ҳисса қўшмоқда. Улар Ўзбекистонда ҳам шу нарсаларни қуриши мумкин эди. Лекин, шуни имконият йўқлигидан қиляпти. Россия бундан жуда катта фойда кўрмоқда. Шунинг учун бу ерда кимга кўпроқ фойда деган савол туғилади.

Бизда ижтимоий тармоқда ёки қаердадир Россия танқид қилинса, Россия томонидан тазйиқ қилинган ҳолатлар ҳам бор.

Ўзининг бир қанча кўзга кўринган фаолларига ҳам ҳатто тақиқ қўйганини кўрдик. Биз билан ҳам бўлиши мумкин бу. Бир қанча ОАВга урушни Россия ҳукумати берган расмий талқин қилмагани учун  санкциялар қўлланилмоқда. Масалан, "Дождь" ёки "Эхо Москвы" ёпиб қўйилди.
Ўзбекистон фуқаролари, меҳнат муҳожирлари бундай сиёсатга аралашмасдан, кўпроқ ўзимизни манфаатимизни ўйлашимиз керак. "Иккита давлат уришмоқда меҳнат муҳожирлари нима қилиши керак?", деган саволни бериш керак. 

Муҳожирларимизда битта нотўғри тушунча бор: давлат иш ўрни яратиб бериши керак. Балки, қаердадир шундайдир, лекин менинг фикримча, ўзи бирор жойда  умрида янги иш ташкил қилмаган амалдор, қандай қилиб иш ўринлари ташкил қилади. Биласиз, одатда иш ўринларини тадбиркорлар ташкил қилади. Давлат бу ўринда фақатгина халақит бермаслиги, уларни қийнамаслиги керак. Лекин давлат катта миқиёсда иш ўринларини яратишига ишонмайман. Шунинг учун давлат агар мигрантларимизга шу ишни қилолмаётган бўлса, биз ўзимиз тадбиркорлик билан шуғулланишимиз керак. Яхши мутаҳассис бўлиш керак. Борган давлатларимиздаги яхши-яхши технологияларни ўрганиб, кейин шу нарсадан фойдаланишимиз керак. Яъни кутиб ўтириб давлат бизга қилиб беради, деб ўтириш нотўғри. Давлат шунча йилдан бери нима қилаётганини кўрдик. Давлат меҳнат муҳожирини ҳаётини кескин ўзгартирадиган иш қилолмайди. Биз кўпмиз, амалдорлар кам. Бюджетимиз имкониятлари ҳам кам. Муҳожирларимизни мақсадларини тўғрилашимиз керак. Америкага бориб, катта миқдорда пул тўплаган муҳожирларимиз ҳам ўша пулни нимага сарфлашни билмайди. Катта пул топган, лекин уни нима қилишни билмайди. Нима қиласан деган саволга машина оламан, кира қиламан, тўй қиламан деб жавоб беради. Ҳа, ишлаб чиқариш қилайлик, фойдали ишлар қилайлик, яъни ҳаётда қиладиган ишлар жудаям кўп.

Яхши маош оламан, деган одам, албатта ўзи яхши мутахассис бўлиши лозим. Шунда исталган давлатида, унга харидор, иш берувчи топилади, яхши пул ҳам топади», дейди ҳуқуқшунос Ботир Шермуҳаммад.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар