ХТВ:Тартиббузар ўқувчига чоралар таъсир қилмаса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишгача борилади

24.02.2022 00:35

Наманганда 1-синф ўқувчиларини изза қилган ўқитувчи ишдан олингани хабар қилинганди. У ишга қайта тикланадими? 

150 минг нафар ўқувчи бугун мактабларнинг ички профилактик рўйхатида туради. Улар ҳуқуқбузарларми? Бу ва бошқа саволларга Халқ таълими вазирлигида ўтган матбуот анжуманида жавоб берилди. 

Яқинда Намангандаги мактабларнинг бирида ўқитувчи дарс тайёрламай келган бир нечта ўқувчиларни бутун синфда «уят, уят» сўзларини айттириб сазойи қилгани акс этган видеолар тарқалди. Халқ таълими вазирлиги берган тезкор муносабатда ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани айтилган эди. Халқ таълими вазирлиги вакиллари томонидан  берилган маълумотга қараганда, унинг масаласи қайта кўриляпти. Педагог ота-оналар талаби билан ўқитувчи ўз ишига қайта тикланиши мумкин.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамованинг сўзларига қараганда, «ҳозир ўқитувчи даволаниш таътилида. Ота-оналар таклифи билан устозни ўз синфида қолдириш масаласи кўриб чиқиляпти». 

Агар ўқувчи уй вазифаларини бажармаса, ўзини ёмон тутса, атрофдагиларни ҳурмат қилмаса ўқитувчи нима қилиши мумкин?

Ўқувчини уриш, стул кўтаргизиб қўйиш ёки дарсдан чиқариб юбориш ўтмишда қолган. Яъни, бу қонунан таъқиқланган. 

Бундай вазиятда ўқитувчи нима қила олади?

Ўқитувчиларни қийнаб келаётган мазкур саволга Халқ таълими вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазирликнинг маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Акбар Тагаев жавоб берди. 

Шахс вояга етгунига қадар унинг хатти-ҳаракатлари учун ота-оналар ёки унинг ўрнини босувчи шахслар жавобгар ҳисобланади. Ўқувчига нисбатан жазо чорасини қўллаш бу қонунан мумкин эмас. Ўқувчи дарсга келмаса, вазифа бажармаса-ю, унинг муҳокамасига ўқитувчи вақт бағишласа, 45 дақиқа шу билан ўтиб кетади, бу эса дарс сифатига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Ана шундай шароитда уларнинг масаласини дарс жараёнида муҳокама қилиш шарт эмас. Одоб-ахлоқ қоидаларида ёзиб қўйилган. Биринчи навбатда кундалигига ёзиб қўйилади, ёки синф раҳбарига мурожаат қилиниб, ота-онасига етказилади. Мана ҳозир Kundalik.com ишлаяпти, унда ҳам ота-онасига танбеҳ ёзиб қўйиш мумкин. Агар бу қадам ўзини оқламаса, синф раҳбари орқали ўқувчининг ота-онаси мактабга чақирилади, мактаб раҳбарияти, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, мактаб психологи, синф раҳбари, фан ўқитувчиси масалани муҳокама қилишади. Шунда ҳам таъсир қилмаса, кейинги босқичда  оила-маҳалла-таълим муассасаси жамоатчилик кенгаши бор. Мактаб директори шу жамоатчилик кенгаши директори ҳисобланади. Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари вакиллари, Ички ишлар органлари, психолог маҳаллий ҳокимиятдан вакиллар жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳисобланади. Мана шу жамоатчилик кенгаши аъзолари қарори билан ўқувчини мактабнинг ички профилактик рўйхатига қўйилади. Ва бу рўйхатда узоғи билан 6 ой туриш мумкин. Агар шунда ҳам бола ўзгармаса мактабнинг сўрови билан ўқувчини  Ички ишларнинг профилактик рўйхатига қўйилади. Бизнинг таъсир чорамиз шу. Боланинг устидан қатъий назорат ўрнатилади. Унда ҳам таъсир қилмайдиган бўлса ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишгача борилади. Чунки улар ўз вазифаларини тўлиқ  бажармаган ҳисобланади, дейди Акбар Тагаев . 

Унинг таъкидлашича, январь ойи ҳолатига кўра республикада 10 минг 134 та умумтаълим мактабларидан 150 мингдан ортиқ ўқувчилар мактабнинг ички профилактик рўйхатига киритилган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ҳуқуқбузарлик содир қилмаган. Уларнинг орасида шундай контингент борки, улар тартиббузарлик қилишга мойиллиги бор ўқувчилардир.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
24.02.2022 13:02
Томи кетган бу хтвлигини. Фақат четдан кузатиш ва нотўғри қарор чиқаришга уста, кклиб ўрганмайди ҳолатни, келганда ҳам директор билан гаплашади, ўқувчиларни кўрмайди ҳам фақат негатив кўз билан негатив фикрбаш билан банд улар. Ш. Шерматов чиройли гапларни гапириб бошқа ишга ўтиб кетди. У кишининн давомчилари янги вазирни бошини айлантириш билан овора. Тўлиқ вазирликни туманларга, қишлоқларга 1 ҳафталик ўз ҳисобидан ўрганишга юбориш керак. Ва ҳар биридан алоҳида мактаблар ва ўқувчмлар бўйича яратилган шароитлар бўйича ҳисоботини тинглаш еерае. Қоғозда жимжимадор сўзларни ёзгандан еўра вазиятни омма олдида борича гапириш керак.