Ўзбекистонда илк бор судьялар оммавий бўшатилиб, исмлари ошкор қилинмоқда

23.02.2022 17:16

Олий суд кенгаши ишлай бошлади: 40 кунда 48 нафар судьяга чора кўрилди

Интизомий жазога тортилаётган судьялар шахси илк маротаба очиқланмоқда. Лекин, нима сабабдан қонун бўйича йўқ ҳолат 29 йил сир тутиб келинган? 

Rost24.uz сайти сўнгги 2 ой ичида интизомий жазога тортилган судьялар рўйхатини таҳлил қилади.

Шу вақтгача Олий суд кенгаши интизомий чоралар асосида жазога тортилган судьяларнинг фақат сонини маълум қилиб, кимлигини ошкор қилмай келаётган эди. Аслида, бу бўйича олдин ҳам қонунда бирон-бир асос бормиди?

«Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 67-моддасига кўра, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш улар мустақиллигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири экани келтирилган. Қонуннинг 70-моддасига кўра, судьянинг шахси дахлсиз экани, дахлсизлик унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлиги келтирилади. Бироқ қонунда интизомий жавобгарликка тортилган судьянинг шахси ва қилмишини очиқлаш унинг дахлсизлигини бузиш ҳисобланиши ҳақида ҳеч қандай норма мавжуд эмаслигини кўришимиз мумкин. Лекин, нега шунча йилдан бери бу тизим судьялар орасида ишлаб келган, бу саволга тизим ичидагилар ҳам жавоб беролмаслиги тайин, албатта.

Ўтган йил ноябрь ойидан бошлаб ушбу ишламаётган тизим ўз ишини бошлади, яъни судьялар интизомий чоралар асосида жазога тортилса, шахси очиқланмоқда. Интизомий жазога тортилган судьяларнинг шахсини энди фуқаролар бемалол билиб олиши мумкин. Аслида бу очиқлик сиёсатининг ижроси бўлиб хизмат қилади.

Ўтган икки ой давомида қанча судья интизомий жазога тортилди?

Жорий йил 7 январь куни Судьялар Олий кенгаши расмий саҳифасида фаолиятида масъулиятсизликка ва процессуал қонун нормалари бузилишига йўл қўйгани учун қуйидаги шахслар интизомий жазо чорасига тортилган:

- Олий суд судьяси Фахриддин Халилов;
- Олий суд судьяси Санобар Мамадалиева;
- Фарғона вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ойбек Ҳасанов;
- Тошкент вилоят суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Умиджон Расулбердиев;
- Фарғона вилояти фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг раиси Улуғбек Орипов интизомий жазога тортилган.

2021 йил декабрь ойида Ибодуллаев Жасур Ибодуллаевич ёзма аризасига биноан ҳамда судьялик қасамёдини бузганлиги учун Сурхондарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг раиси лавозимидан озод этилиб, ваколати муддатидан илгари тугатилган.

20 январь санасида эса одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлиги, суд ишини ташкил этишда бепарволиги ва интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг раиси Хидиров Камолиддин Хожаназарович лавозимидан озод этилиб, ваколати муддатидан илгари тугатилган. Айнан шу санада Сурхондарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси Аллаярова Муаттар Чарияровна ўз аризасига асосан лавозимидан озод этилиб, ваколати муддатидан илгари тугатилди.

14-15 февраль кунлари масъулиятсизлиги учун қуйидаги судьялар жавобгарликка тортилган:

- Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича Хонқа туман судининг раиси М. Ҳасанова;
- Навоий вилояти фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг раиси Ш.Тогоев интизомий жавобгарликка тортилган.

19 февралда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши қарори билан қуйидаги судьяларга жазо қўлланган:

- Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг раиси Ўктам Холиқов;
- Тошкент вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Хилола Бегалиева;
- Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судининг раиси Исоқбой Эргашев;
- Бухоро вилояти Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси Маъруф Саидов ўз аризаларига кўра, лавозимларидан озод этилиб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилди.

Булар Судьялар олий кенгаши расмий саҳифаларида эълон қилинган сўнгги 2 ойдаги бўшатилган судьялардир. 

Бу вазиятда ишдан озод қилинган ёки жазога тортилган судьялар яна қайта суд фаолиятида ишлаши мумкинми?

Судьялар олий кенгаши раисининг матбуот котиби Турсунали Акбаровдан Rost24.uz мухбири маълумот олди.

Турсунали Акбаровнинг айтишига қараганда, сўнгги 40 кун ичида жами 48 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилган.

«2022 йилнинг ўтган 40 куни давомида 14 нафар судья вазифасидан озод этилди (уларнинг 5 нафари ўз хоҳишига кўра, 9 нафари одил судловни ва судьялик қасамёдини бузгани учун). 48 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди. Вазифасидан озод этилганлар энди тизимда ишламайди, интизомий жазога тортилганлар тегишли хулоса чиқариши керак, акс ҳолда улар билан хайрлашишга тўғри келади», деди Турсунали Акбаров.

Матбуот хизматининг берган маълумотларига қарайдиган бўлсак, интизомий жазога тортилган судьялар ишидан буткул четлаштирилмайди. Яъни кейинчалик ҳам суд фаолиятида ишлаши мумкин. Бу фақат судьялар учун «огоҳлантиришдай» гап экан. 

Жумладан, Хоразмда мурдадан «кўрсатма олган» судья Ж.С ҳамон судьялик лавозимида ишлаб келмоқда. У Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимида фаолият юритади. Бу судьяга нисбатан ҳеч қандай жазо чораси белгиланмади, жинояти кўриниб турган бўлса ҳам. Бу эса Олий суд жавобига нисбатан парадокс ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 1-чорагида 9 нафар судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатилган эди. Бироқ уларнинг шахси очиқланмаган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
24.02.2022 15:18
Булардан баттар судьялар борку, лекин уларни хеч ким ишдан олмайди. Бу бечораларни таниши билиши йукда хахаххаха
24.02.2022 01:29
Xorazimlik sudyani balki jazolashgandir faqat qoğozdan tushib qolgandur bizda xamma narsa bõlishi mumkinki õrganib xam qolyapmiz baxonalarga