Ҳар куни янги уйлар қурилаётгани ҳақида эълонларни кўрамиз. Ойликларни ўсиш кўрсаткичи секин аста ошса-да, уй жой олиш имкони оддий одам учун анча камайиб бораяпти. Чунки, уй жой бозорида йилдан йилга нархлар ортиши кузатилмоқда. Кўчмас мулк бозоридаги вазият, уй-жой сотиб олиш масаласида вазият қандай? Уй-жой сотиб олишни режалаштирганлар қайси пайтда харид қилганлари маъқул?
Аниқ статистика маълумотларига кўра, ҳар йил бошида ва ёз ойининг ўрталарида Ўзбекистонда уй-жой сотиб олишга бўлган талаб сезиларли даражада пасаяди. Уй сотиб олишни режалаштирган харидорлар айнан шу пайтда кўчмас мулк сотиб олиш орқали харидорлар пулни тежашлари мумкин.
Баҳор ойларида эса, одатда уй-жой савдоси авж олади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази кўчмас мулк бозоридаги вазиятни доимий равишда таҳлил қилиб келмоқда.
Марказнинг навбатдаги эълон қилган тадқиқотига қараганда, 2022 йил январь ойида республика бўйича 17,7 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилган.
Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,4%га камроқ.
Энг юқори ўсиш суръатлари Қашқадарё (36,4 %), Фарғона (16 %), Сурхондарё (11,1 %) вилоятларида кузатилган.
Тошкент (-17,6 %) вилояти, Қорақалпоғистон (-14,4 %) ва Тошкент шаҳрида (-6,7 %) эса сезиларли камайиш қайд этилган.
Иккиламчи бозорда вазият қандай?
Марказга кўра, январда иккиламчи бозорда уй-жойнинг ўртача нархлари ўтган ойга нисбатан 1,4 % га ўсган. Солиштириш учун, нархлар 2021 йил декабрда ўзгармаган, ноябрда 1,2 % га кўтарилган эди.
Нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Фарғона (5,2 %), Андижон (5,0 %) ва Навоий (4,5 %) вилоятларида кузатилган.
Жиззах (-4,2 %), Сурхондарё (-3,1 %), Наманган (-2,3 %) ва Сирдарё (-2,1 %) вилоятларида эса нархларда пасайиш қайд этилган.
Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари 2,4 % га ўсган. Энг катта ўсиш Мирзо Улуғбек (5,0 %) Миробод (4,5 %) ва Яшнобод (4,3 %) туманларида кузатилган бўлса, Учтепа (-1,4 %) ва Олмазор (0,7 %) туманларида уй-жой нархлари пасайган.
Уй-жой савдосида тижорат банклари томонидан ажратилаётган ипотека кредитларининг ҳиссаси катта.
Хусусан, Марказий банк хабарига кўра, 2021 йилда тижорат банклари томонидан 59 570 нафар фуқарога қарийб 9,8 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Бу 2020 йилга нисбатан 700 млрд сўмга кўпроқ ҳисобланади.
Охирги 5 йилда тижорат банклари томонидан жами 35,6 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу кўрсаткични ўтган йиллардаги ҳолат билан солиштирганда, фарқлар яққол кўзга ташланади:
2020 йилда — 9,1 трлн сўм;
2019 йилда — 7,9 трлн сўм;
2018 йилда — 4,8 трлн сўм;
2017 йилда — 4 трлн сўм.
Шунингдек, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, ипотека кредитлари қолдиғи 35,8 трлн сўмга етган.
Энг кўп кредит Тошкент шаҳри (2,67 трлн сўм), Самарқанд (883,6 млрд. сўм), Андижон (780,8 млрд. сўм) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Энг кам ипотека кредитлари эса Жиззах (252,6 млрд сўм) ва Сирдарё вилоятларида (259,7 млрд сўм) ажратилган.
Ажратилган кредитларнинг 7,35 трлн сўми ёки 78 фоизи бирламчи бозордаги уйларга, 2,44 трлн сўми ёки 22 фоизи иккиламчи бозордаги уйлар учун йўналтирилган.
2021 йилда ажратилган ипотека кредитларининг молиялаштириш манбалари орасида асосий улуш Молия вазирлиги маблағлари (6,97 трлн сўм) ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари (1,96 трлн сўм) ҳамда банкларнинг ўз маблағлари (867,1 млрд сўм) ҳам молиялаштириш манбалари ҳисобига киради.
Ўтган давр ичида иккиламчи уй-жой бозорида ипотека кредитларини ажратиш ҳажми 10 баробардан кўпроққа ошди.
Солиштириш учун, 2020 йилнинг биринчи олти ойлигида иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 1,3 фоизни (63 млрд. сўм) ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 18,6 фоизгача (656 млрд. сўмга) ўсган.
2017-2021 йиллар давомида ипотека кредитлари қолдиғи 3,6 баробарга, ипотека шартномалари сони эса қарийб 2,2 баробарга ошган.Уйлар кредитга олиш кўпаймоқда.
Иккиламчи бозордан уй сотиб олиш нега тўхтатилганди?
Маълум бўлишича, ҳозирда ҳар олтинчи квартира ипотекага сотиб олинмоқда.
Жорий йил январь ойи охирида иккиламчи бозор учун кредитларга талаб юқори бўлганлиги боис ОТБнинг 150 млн долларлик маблағлари муддатидан олдин ўзлаштирилгани сабабли, иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган мақбул ипотека кредитларини қайта молиялаштириш вақтинча тўхтатилди.
Аҳоли талабининг ўта юқорилиги сабабли, ОТБнинг 150 млн доллар миқдоридаги босқичма-босқич 2023 йилнинг биринчи чораги якунига қадар ўзлаштирилиши режалаштирилган қарз маблағлари муддатидан аввал, яъни 2022 йилнинг биринчи чораги давомида ўзлаштириб бўлиниши кутилганлиги сабабли, қайта молиялаш тўхтатиб турилди.
Аммо февраль ойида 2022 йилнинг биринчи чорагида тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари 42 млн доллар миқдорида Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштирилиши маълум қилиниб, «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ ўз фаолиятини тиклади ва иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитларини қайта молиялаштиришни давом эттирмоқда.
Маълум бўлишича, 2022 йил давомида компания тақдим этган маблағлар ҳисобидан иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун 2 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилади. Солиштириш учун, 2021 йилда бу миқдор 1,9 трлнни ташкил қилган. Шунингдек, Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига бирламчи бозордан уй-жой сотиб олиш мақсадида аҳолига ипотека кредитлари бериш учун 12,8 трлн сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган, 2021 йилда бу кўрсаткич 5 трлн эди.