Алламжонов очган "уруш"га Ортиқхўжаев оқилона нуқта қўйди

20.02.2022 13:05

ЁХУД уюштирилган шов-шувлар соясида қолиб кетаётган асл муаммолар

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов билан ўрталарида ҳеч қандай совуқчилик йўқлигини ёзиб, мурожаат хати йўллади.

Ортиқхўжаевга кўра, Алламжонов билан ўрталарида ҳеч қандай совуқчилик йўқ ва улар ҳеч қачон ахборот уруши қилмаган.

Шунингдек, улар кунига 3-4 маротаба телефонлашиб, хабарлашиб, фикр алмашиб туришади.

Сал аввалроқ, xabardor.uz сайти орқали Алламжоновнинг Тошкент шаҳри ҳокими бўлиши ҳақидаги хабарлар тарқатилган, Алламжонов эса ҳоким бўлиш нияти йўқлигини маълум қилганди.

13-14 февраль кунлари Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Афросиёб кўчасидаги Космонавтлар майдонида космонавт Владимир Жонибеков бюсти атрофидаги гранит плиталари кўчириб ташлангани сабабли  Ортиқхўжаев атрофида норози кайфиятдаги гап-сўзлар янада авж олди.

Orginfo-даги очиқ маълумотларга кўра, Алламжоновнинг ҳоким бўлиш нияти ҳақида эълон қилган xabardor.uz нашрига сал кам 1,4 млрд сўмлик устав фондига эга “High Networks” корхонаси эгалик қилади.

Корхона таъсисчиси Рахимов Бахтиёр Эргашевич, аммо корхонанинг электрон почта манзили azizshermuhamedov@gmail.com эканлиги айримларнинг эътиборини тортди.

Сабаби, Азиз Шермуҳамедов kun.uz таъсисчиларидан бири бўлган Умид Шермуҳамедовнинг укаси ҳисобланади, kun.uz сайти эса норасмий тарзда Комил Алламжоновга ўтгани ва бунинг учун пулларни Дубайдаги ҳисоб рақамга ўтказиб бергани ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлар ҳам анчадан бери бор эди. Шу сабабли бу хабарларни Комил Алламжонов тарқатган деган талқин юзага келди.  

Аммо кун.уз таъсисчиларидан бири Умид Шермуҳаммедов xabardor.uz сайти ўзига тегишли эмаслигини, 2019 йилда сайт Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли бўлган гуруҳга сотилганини ва бу сайт ҳамон шаҳар ҳокимига тегишли бўлган гуруҳ томонидан ишлатилаётганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда Ортиқхўжаев ўзига қаратилган танқидларни кимдир унинг жойини эгаллашни истаб қолганига йўяётгани ҳақидаги фикрлардан сўнг мазкур мурожаат хатини эълон қилди.

Тармоқлардаги миш-миш қатори гап-сўзлар ўз йўлига, аммо бу гап-сўзлар фонида Космонавтлар майдонида реконструкция ишларини тўхтатишни сўраб йиғилган фуқароларнинг сўрови эътиборсиз ҳолда қолиб кетди. Маданий мерос агентлиги ҳудудни демонтаж ишлари рухсатсиз бошланганини аниқлагани маълум қилинган. Лекин, майдонда қуриш-бузиш ишлари давом этмоқда.

Чунки, бироз вақт ўтиб, лойиҳа илмий эксперт кенгашида маъқуллангани эълон қилинди.

Одатдагидек (Ғафур Ғулом боғи, яна бир қанча боғлар каби) ҳамма ёқни яшил қилишга ваъда беришди ва 10 кун муҳлат сўрашди. Натижаси ҳам одатдагидек бўладими йўқми, буни вақт кўрсатади.



@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
20.02.2022 20:39
Бу икки инсон ҳам ҳалқни ғамини ўйлаб ишкўрадиган одамлар эмас ваалохуальам.