Сиёсатда амалдорлар блогерлар орқали жавоб берадиган янги усул пайдо бўлдими?
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов саволларга жавоб берди.
Жорий йил январь ойида Қозоғистонда юз берган воқеа ортидан Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга қаратилган «таҳдидона» гапларини айтган эди. Мана шу вақтда Ўзбекистонда амалдорлар бу вазиятга ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Аксинча, блогерлар бу вазиятга турли хил фикрлар билдирган эди.
Айнан мана шу вазият нимага бу тарзда ўтганлигини сиёсий жиҳатдан шарҳлаши учун Rost24.uz мухбири сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга юзланди.
Лукашенко 2 марта Ўзбекистонга нисбатан таҳдидона сўзларини айтди. Лекин бунга нисбатан Ўзбекистон амалдорлари ҳеч қандай жавоб бермади. Буни сиз қандай баҳолайсиз? Аксинча бу вазиятда ижтимоий тармоқларда блогер ва журналистларнинг фикрларини кўрдик. Ўзбекистон расмийлари блогерлар орқали жавоб бермоқдами? Ёки сиёсатда шундай усул ҳам борми? Нима дейсиз бунга?
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бу саволга қуйидагича жавоб берди:
«Биринчи марта Лукашенко Ўзбекистон хулоса чиқариши керак деганда, бизнинг ҳокимиятимиз бир ҳафта ўтганидан кейин оҳистакорлик билан исм фамилиясини айтмасдан муносабат билдирди. Энди саволингизга жавоб бераман, бу ерда геосиёсий контекст мавжуд. Сабаби Ўзбекистон ҳокимияти хулоса қиляптики, Лукашенконинг бу гаплари орқасида расмий Кремль - Москва ёки Путин турибди деган. Шунинг учун расмий Тошкент, Ўзбекистон Россия билан ёки расмий Москва билан тўқнашмаслиги учун ичкарида шаклланган ва кейинги 5 йилда йиғилиб қолган совуқ муносабатларни расмийлаштирмаслик мақсадида бу нарсага алоҳида урғу бермаяпти.
Қандай совуқ муносабатлар? Россия кутган эдики, биз Евросиё иқтисодий иттифоқига кирамиз ва маълум бир муддатдан кейин Россия иккинчи қадамни ташлаб, Ўзбекистонни КХШТга аъзо қилиш нияти бор эди. Бу иккала лойиҳа Россиянинг стратегик лойиҳалари. Яъни бу лойиҳалар орқали Ўзбекистонни геостратегик назорат қилиш, яъни бутун бир минтақани назорат қилиш мақсади қўйилган эди.
Демак, 2016 йилга қадар Ўзбекистон билан Россия геосиёсий даражада анчагина очиқ эди. Буни сабаби 1999 йил олий ҳокимиятни топшираётган Елцин Каримов муносабатлари Путин Каримов муносабатларига кўчиб ўтди. Лекин, Каримов вафот этганда 2016 йилда Путин жуда катта постсовет дунё даражасидаги катта монстр эди. Олдинги муносабатларни «Янги Ўзбекистон»да иккинчи маъмуриятда давом эттириш имкониятлари анча чекланган эди. Бугунги постсовет ҳудудидаги, айниқса, Марказий Осиёдаги Россиянинг ташаббусларига, Россиянинг у ёки бу провокацион чиқишларига асосий муносабат бу эҳтиёткорлик. Яъни, агар Ўзбекистон жиззакилик билан сиёсий идеализмдан келиб чиқиб муносабат билдирадиган бўлса, яшириниб ётган муносабатлар расмийлашиб бошлайди. Натижада худди Грузия, Украина билан ёки умуман бошқа мамлакатлар билан бўлган совуқ муносабатлар Ўзбекистонга тушиб қолиши мумкин, деган хавотир мавжуд».
«Сизнингча, бу тўғри йўл бўлдими» деган саволга Камолиддин Раббимов бу тўғри йўл дея таъкидлади.
«Менинг назаримда бу тўғри йўл. Сиёсатшунос сифатида бугунги Путиннинг шахсияти ва унинг халқаро даражадаги анча маргиналлашган ҳолатларини, тажовузкорлигини инобатга олинганда, сиёсий нуқтаи назардан тўғри. Лекин, масаланинг ҳуқуқий ва дипломатик томони ҳам бор. Яъни айни вақтда учта вазифани қондириб жавоб бериш анчагина чекланган эди».
Буни қўрқоқликка ҳам йўйиш мумкинми, қайсидир маънода?
«Йўқ, менинг назаримда қўрқоқлик эмас. Чунки сиёсат бу шундай мураккаб феноменки, уни олдиндан қонун-қоидаси тўлақонли ёзилган бўлмайди. Яъни, Ўзбекистоннинг геосиёсий мустақиллигини сақлаш вазифаси қўйилганми, геосиёсий масофа сақлаш вазифаси қўйилганми, демак мана бунга етишиш учун ўша идеализмга берилмаслик, реализм билан эҳтиёткорлик билан ва баъзан паузалар билан жавоб бериш мақсадга мувофиқ бўлади деб, ўйлайман мен»,- дея сўзини якунлади сиёсатшунос.