“Миришкорда милиция томонидан олиб кетилган шахснинг ўлиги келди”, дея маълумот тарқатди Инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов.
2022 йилнинг 11 февраль куни кечки пайтда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани “Чандир” МФЙда яшовчи 37 яшар Юсуф Султоновнинг Миришкор тумани ИИБга олиб кетилгани ва орадан 4-5 соат ўтиб унинг жасади олиб келингани айтилмоқда.
Ҳодиса гувоҳларига кўра, икки фарзанднинг отаси бўлган Юсуф Султонов 11 февраль куни соат 17:00 ларда маст ҳолатда аввал ўзи истиқомат қилган хонадонда, сўнг қўшни хонадонларда жанжал кўтарган. Қариндошларнинг Миришкор тумани ИИБга мурожаати ортидан "Чандир" МФЙ га бириктирилган участка профилактика нозири Суннатилло Дониёров томонидан олиб кетилган.
Юсуф Султоновнинг жасади эрталаб уйига олиб келинган ва марҳум тупроққа қўйилган.
Кўплаб чандирликлар наздида марҳумнинг сирли ўлими ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатига шубҳа уйғотмоқда, дейди тарқатилган маълумотда.
Ҳозирча бирор бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу ҳақида расмий маълумот бергани йўқ.
Эслатиб ӯтамиз, бундан олдин Сурхондарё вилояти, Денов туманида фуқаро Ҳасан Хушматов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидан Бахтияр Даулетмуратов ИИБ профилактика инспекторлари томонидан уриб ўлдирилгани ҳақида расмий доиралар томонидан ҳам турли муносабат ва баёнотлар билдирилган эди. Ушбу воқеаларга нисбатан эса ИИВ матбуот хизмати Шоҳрух Ғиёсовнинг муносабати ҳам эълон қилинган эди.
Мазкур ҳодиса юзасидан расмий изоҳ кутиб қоламиз…