Ўқитувчилар маошини ошириш ҳақидаги гаплар анчадан буён гапириб келинади. Бу гаплар шунчалик кўп гапирилганидан бўлса керак, ҳозир кўпчилик ўқитувчилар аллақачон 10 миллиондан кўп ойлик олади деб ҳисоблайди. Аслидачи?
Тизимда ишлайдиган ўқитувчилар қанча ойлик олмоқда?
Маълумотларга қараганда, қӯшни Қозоғистонда ӯқитувчиларнинг ўртача маоши 800 доллар, Ӯзбекистонда эса 300 долларни ташкил қилмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, Россия умумтаълим мактабларида ишлайдиган ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи ойига 778 долларни ташкил қилади. Қўшни Қозоғистонда эса ўқитувчилар иш тажрибаси ва малакасига қараб ўртача 499,5 доллардан 874,8 долларгача маош олишади.
Кўплаб давлатларда ўқитувчиларнинг иш ҳақи қуйидаги омилларга боғлиқ:
-ўқитувчининг малакаси ва тажрибаси;
-дарс соатлари миқдори;
-таълим муассасасининг тури;
-мактабнинг рейтинги.
Қайси давлатда ўқитувчиларга энг кўп маош тўланади?
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти таҳлиллари бўйича, ўқитувчилар энг кўп маош оладиган давлатлар рейтингида энг юқори ўринларда Люксембург – йиллик 101 360 доллар, Германия – 80 407 доллар, Канада – 71 664 доллар туради ва бу мамлакатларда энг яхши касблардан бири айнан ўқитувчилик саналади.
Ўзбекистонда ӯқитувчилар қанча пул топишади?
Таълим соҳасидаги ўртача маошлар республика миқёсидаги ўртача иш ҳақи кўрсаткичидан 28 фоизга камроқ. Ўзбекистонда 2021 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 3,2 млн сўмни ташкил қилган.
Қачон бу кӯрсаткич 1000 долларга чиқади?
Статистикага кўра, корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг 37,6 фоизи таълим соҳасига тўғри келган. 2026 йилгача тараққиёт стратегиясида малакали ўқитувчиларнинг ойлигини босқичма-босқич 1000 доллар эквивалентига етказиш режа қилинган. Ўша вақтгача минг АҚШ доллари олиб қолса керак ўқитувчи.
5 йил ичида бу натижага етишнинг иложи бормикан..?
Тўғри ўтган йилларда ўқитувчининг маоши маълум даражада ортди.
2017 йилда таълим соҳаси вакилларининг ўртача ойлик маоши 1,1 млн сўмни ташкил этган
2018 йилда ўқитувчи қўлига ўртача 1.4 млн сўм ойлик олар эди.
2019 йилда эса ўртача маош 2 миллион сўмга етди.
2021 йилнинг охирига келиб таълим соҳаси вакилларининг ойлик маоши 2,3 млн сўмни ташкил этди ва бунда 2017 йилга нисбатан 1,99 марта ошгани қайд этилди.
Республика миқёсидаги ўртача ойлик иш ҳақи даражаси эса 3,2 млн сўмга етган бўлиб бу 2017 йилга нисбатан 2,2 марта ошганини кўрсатади.
Бундан кўриниб турибдики, ўқитувчи маоши фавқулодда ошгани йўқ. Ўқитувчи маоши 1000 долларга етиши учун маошлар миқдорининг ўсиш жараёни тезлашиши керак.
Энг кам маош ҳали ҳам ўқитувчида
Давлат статистика қўмитаси маълумотига таянадиган бўлсак, таълим соҳаси ходими маоши энг кам ойлик оладиган соҳалардан бири бўлган - соғлиқни сақлаш тизиминикидан сал олдинроқда эканлигини кўрамиз.
6-7 миллион олаётганлар ҳам бор!
Тўғри, лекин бунинг учун ўқитувчи икки сменада дарс бериши, бир қанча қўшимча юкламаларни бажариши ва албатта категория таснифи бўйича юқорироқ даражага эга бўлиши керак. Бунинг учун эса у имтиҳон топширади. Қолаверса ҳудудларда хотин-қизлар учун энг яхши иш ўрни ўқитувчилик бўлган вақтда бу соатларга эга бўлиш осон кечмайди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Сенатнинг янги биносида қасамёддан сўнг беш йилда Ўзбекистонда олий тоифали ўқитувчиларнинг маошини эквивалент ҳисобида минг долларга етказилишини маълум қилганди.
2021 йилнинг 1 ноябрида Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва шифокорларнинг маошлари босқичма-босқич оширилишини таъкидлаб, бу учун 2022 йилда 350 миллиард сўм ажратилишини айтган.
Аввалроқ ҳам, яъни 2020 йилнинг ноябрида ўқитувчилар ва шифокорлар билан учрашувда Президент уларнинг маошини ошириш бўйича катта режалар ҳақида эълон қилган эди. «Ўқитувчи 1000 доллар олмаса, ишга келмаслиги керак. Худди шу ҳолат шифокор билан. Агар шифокор 1000 доллар олмаса, эртага болалари ва невараларини қандай боқади?» — деган эди Президент. Ўшанда Шавкат Мирзиёев кўпчилик мамлакатдаги тиббий хизматлар сифатидан норози эканини танқид қилганди.