Қашқадарёда кўпкари ўйнаб, мақом куйлаган ҳоким - Зоир Мирзаев Тошкент вилоятида аҳолини гулхан атрофида йиғди. Сиёсатни яъни ҳокимликни халқ ўйинларию, қўшиқлари билан қориштириб юборган ҳоким асли вазифасини қандай уддаламоқда?
Тошкент вилояти ҳокимлигига ҳудуддаги муаммога ечим излаб борсангиз, қабулга ёзилиш деярли имконсиз. Гулхан атрофига аҳолини йиққан Зоир Мирзаев муаммо юзасидан ҳокимлик эшигига бош уриб борганларга осонликча вақт ажратавермайди. Аммо, чекка қишлоқдаги кам таъминланган оила хонадонида тунаб қолиш унинг қўлидан келади.
Бугун ҳокимларга оммавий ахборот воситаларида иш қилаётгандек кўринишнинг ўзи кифоя. Қайсидир қишлоқнинг, қайсидир хонадонида ҳоким меҳмон бўлиб тунаб қолгани билан нима ўзгаради? Ёки ҳокимнинг қўлида вилоят инфратузилмасини ривожлантириш ва ҳудуддаги тадбиркорликни қўллаб қувватлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича бошқа амалий қўлланма йўқми?
Зоир Мирзаев Қашқадарё вилоятида ҳокимлик қилганда у ҳақида оммавий ахборот воситаларида бир қанча пиар мақолалар тарқалди. Аммо, амалда Қашқадарё қаддини букаётган қатор муаммолар билан қолиб кетди.
Ишсизлик даражаси энг юқори кўрсаткичи Қашқадарёда бўлиб (9,4 фоиз), қашқадарёлик ёшларнинг 26 мингдан ортиғи ишсиз ҳисобланади;
Нотўғри суғориш оқибатида ерларнинг 45 фоизи шўрланган;
аҳолининг атиги 50 фоизи ичимлик суви билан таъминланган;
вилоятнинг 88 мактабида «смена» кўрсаткичи юқори, бир нечта мактаб филиали биноси пахсадан қурилган;
соғлиқни сақлаш тизимида ҳам 1000 дан ортиқ шифокорлар етишмаслиги таҳлил қилинган;
Тошкент вилоятидаги камчиликлар ҳам Қашқадарёдан қолишмайди. Зоир Мирзаев пиар кучи билан яна юқорига парвоз қилса, Тошкент вилояти ҳам яна ўзининг содиқ муаммолари билан яшайверадими?
Шу кунгача турли оммавий ахборот воситаларида ёритилган ҳатто, сенаторлар ҳам янги ҳашаматли биносидан чиқиб ўрганган объект - Назарбек қишлоғи аҳолиси ҳамон боғча ва мактабсиз қийналмоқда. Улар ечим излаб кунда Зоир Мирзаев қабулига қатнаб келади.
Шу билан бирга Зангиота тумани, Эшонгузар МФЙ ҳудудидаги қурилиши тугалланмаётган болалар спорт майдончаси ҳам ечимини кутмоқда.
Тошкент вилояти Республикадаги энг ҳавоси ифлосланган ҳудудлардан ҳисобланади. Вилоятда буни ўзгартириш учун бирон концепция таклиф этилдими?
Таҳририятимизга ҳам Тошкент вилояти аҳолиси томонидан кунда мурожаатлар келиб тушади. Вилоятда ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Вилоят Тошкент шаҳрига туташ бўлишига қарамай пойтахтдан тубдан фарқ қилади. Ривожланишда, инфратузилмада пойтахтдан анчагина ортда қолган. Электр, сув, газ таъминотидаги узилишлар ҳудуд аҳолисига бегона эмас. Бугунгача Зоир Мирзаевнинг Тошкент вилоятини қаддини ростлаш бўйича биронта йирик ташаббусини кўрмадик. Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар саҳифасидаги пиар эса афсуски, вилоятдаги вазиятни ўнглаб беролмайди