Алишер Қодиров кўтарган ташаббус тўғрими?

12.02.2022 19:18

Дарс соатларини кўчириш яхши, лекин бунга имконият йўқ, жаноб Қодиров!

«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров кутилмаган таклифни айтди. Унингча, йўл тирбандлигини камайтириш учун олий таълим муассасаларидаги дарсларни бошланиш вақтини кўчириш керак.

Олийгоҳлар ҳолати бу айтилаётган таклифга жавоб бера оладими, аслида..?

Йўллардаги тирбандликлар фақат шу омилга боғлиқми?

Куни кеча Президент раҳбарлигида ўтказилган, йўлларда хавфсизликни таъминлаш масаласига бағишланган йиғилишда иштирок этган Алишер Қодиров бир йилда 9 мингта авария, 3 мингга яқин ўлим содир бўлаётгани, шундан 600 га яқини болалар эканлигини эслатаркан, бу ҳолатни фожиа деб атади.  Шунингдек, у жазо муқаррарлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш кераклигига эътибор қаратган.

Жамоат транспорти сифатсиз эканлигини қайд этган Қодиров, бу тирбандликлар билан боғлиқлиги ва тирбандликни келтириб чиқараётган оқимнинг катта қисми талабалар эканлигини айтиб ўтган.

«Нима учун давлат хизматида иш бошлаш вақтини 8:30, олийгоҳларда ӯқиш бошлаш вақтини 10:00 га белгилаш мумкин эмас? Осмон узилиб ерга тушмайди, лекин жамоат транспортига ҳам, автойўлларга ҳам босим жиддий камаяди», деган у.

Айни шу фикрлар кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Олий таълим муассасалари уч сменада ўқийди, аудитория муаммосини ким ҳал этади?
Ўтган йилларда талабалар сони бир неча баробар ошди. Аудиториялар сони эса у билан мутаносиб тарзда қўшилгани йўқ. Шу сабабли икки-уч сменада дарслар ташкил этиляпти. Қолаверса, кечки ва сиртқи таълим ҳам биноларга қўшимча талабни юзага келтирди.  Аудитория билан таъминланиб қўйилса, кейин дарс бошланиш соати ҳақида гапирилса тўғри бӯлар эди. Икки ва уч сменали ӯқиш тизимида дарсларнинг 10:00 да бошланиши ҳали орзу қилинадиган режа. Бунинг учун тизим ӯзгариши керак, албатта...

Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети декани Амрилло Каримов таклиф бўйича фикр билдираркан, ҳозирда ўзи дарслар турли вақтларда бошланишини қайд этди:

- «Бунда тирбандлик камайиши мумкиндир. Аммо, айни пайтда бир қанча олий таълим муассасаларида ўқиш биринчи, иккинчи ва кечки сменада ташкил этилган. Бу таклиф анъанавий таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ундан ташқари, ҳозир ҳам ОТМларда дарслар турли пайтда 08:00, 08:30, 09:00 да бошланади», деди Амрилло Каримов.

        Дарс бошланишини ўзгартириш талабаларнинг молиявий аҳволига жуда ёмон таъсир қилади

Тадбиркор, asaxiy.uz интернет дўкони асосчиси Феруз Аллаев ҳам бу хато қарор бўлишини таъкидлаган:

- «Чунки, минглаб талабалар дарсдан ташқари ишлайди ҳам. Аҳолининг молиявий томондан энг қийналган қисми талабалар эканлигини ҳисобга олсак, дарс бошланишини ўзгартириш талабаларнинг молиявий аҳволига жуда ёмон таъсир қилади.

Дарс 10-00да бошланса, камида 15-00да тугайди. Бу ҳолатда талаба 15-00дан кейингина ишга чиқиб билади. Иш берувчилар ўз-ўзидан талабани ишга олмасликка ҳаракат қилишади. График тўғри келмаганлиги учун ҳозиргиларининг ҳам кўпи ишидан айрилади.

Иккинчи таклиф бўлса, давлат секторида иш кунини 08-30дан яъни эртароқ бошлаш таклифи бўлибди. Бу ҳам менимча нотўғри қарор. Аксар давлат органларида иш кунининг охири қонунчилик бўйича эмас, раҳбарнинг хоҳишига қараб белгиланади. Кўпчилик ишдан кейин ушлаб қолинади. Кечки мажлислар муаммоси алоҳида масала. Ўзи шундоқ ҳам кеч қолиб ишлайдиган ходимларни эрталаб янада эрта келишга мажбурлаш вазиятни ёмонлаштиради деб ўйлайман»,- дейди Аллаев.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил бошида Шавкат Мирзиёев талабалар уйларини кўпайтириш бўйича топшириқ берган эди. Ўзбекистондаги 129 та ОТМда 500 минг нафар талаба таҳсил олиши, лекин улар етарлича ётоқхоналар билан таъминланмагани ва Тошкентда 13 фоиз талабалар яшаш жойи билан қамраб олингани таъкидланган эди. Демак, университет ёнидаги ётоқхонада туриш имконига эга бўлмаган 87 % ёшлар шаҳар ичида узоқдан ўқишга қатнашга мажбур. Вақтларни ўзгартиришгина эмас, шу каби бошқа муаммоларни ҳам тезроқ ҳал этилишини депутатларимиз кун тартибига тез-тез қўйиб туради деган умиддамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
13.02.2022 02:14
Шу одамни умуман тушунмиман мутахасислиги нима узи Канака депломи бор ? Канака оилада усган ? Амалдор оиладами йоки дехкон йоки шифокор бирор киши биладими ?
13.02.2022 01:58
Йул харвкад коидаси жоида факат убекистонда ишлаб чикарилиб дурган машиналарни сифати йук нега таможнини очмайди томожнини очса у узбекистон эмас узбекистон узини халкига кучи етади мансабдорларга эмас халкга хакикат хечкимга йокмайди