Миллиардлаб инвестиция киритилаётган лойиҳалар якунлангач уларнинг нархлари ҳамёнбоп бўладими?
Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири, “Чорвоқ” ТРЗ дирекцияси директори бу бўйича қандай ваъда берди?
“Чорвоқ” туристик рекреацион зонасида амалга оширилган инвестиция лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтган бир вақтда, Rost24.uz мухбири юқоридаги саволлар билан Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовга юзланди.
Вазирнинг маълумот беришича, 2021 — 2024 йиллар орасида 3 та йўналишда инвестицион лойиҳалар бўйича ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда экан. Бу лойиҳалар ичига дор йўллари, замонавий меҳмонхоналар, савдо дўконлари, санаторий, аквапарк, ресторан ва хиёбонларни олади. Бу лойиҳалар Россия ва Франция ҳамкорлигида ҳамда чет эл тажрибаларини ўрганган ҳолда қилинмоқда.
Бундай лойиҳалар амалга оширилаётган бир вақтда масаланинг бошқа тарафи ҳам бор, албатта…
Бу дам олиш масканларидаги нархлар қанчалик ҳамёнбоп бўлади? Бу жойларда ўзимизнинг аҳоли ҳам келиб дам ола оладими ёки фақат бойлар ва чет элдан ташриф буюрувчи туристлар учун қилинмоқдами?
Айнан мана шу масала кўплаб ОАВ нашрларида ҳам ёритилди. Тошкент вилоятидаги барча дам олиш масканларидаги нархлар оддий шароитда яшайдиган инсон учун умуман тўғри келмаслиги кўриниб турган ҳақиқат. Масалан, Сурхондарёдан келаётган оила, албатта, бир кун бўлса ҳам ташриф буюрган жойида ётиб қолади. Энг арзон меҳмонхонани олсак, 4 кишилик оила учун бир куннинг ўзи 1,5 миллиондан зиёд пулга тушади. Албатта бу оила фақат бир кун меҳмонхонада дам олиб кетмайди, бошқа қулайликларидан фойдаланади. Бу қулайликларнинг барчаси учун эса алоҳида маблағ сарфланади. Бироқ бундай сарф-харажатни бир ойда битта оила топа оладими?
Аксарият лойиҳалар фақатгина кам ва ўртача даромад топадиган оилалар учун қулай бўлиб қолмоқда. Аниқроғи сифат хорижники каби бўлмасада, нархлар бемалол чет эл билан беллаша олади.
Аммо, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов янги дам олиш масканлари барча учун ҳамёнбоп бўлишига ишонмоқда.
“Бир нечта лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди. Шу жумладан, Чимён ҳудудида ҳам француз ҳукумати билан амалга оширилаётган янги лойиҳаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳозир француз архитекторлари ўзларининг якуний таклифларини беришди. Якуний ҳисоб китобларга эришдик. Бу лойиҳани яқин муддатларда бошлаш арафасидамиз.
Президентимизни топшириқлари билан ушбу ҳудудда оддий ўқитувчи, шифокор ҳам бемалол оиласи билан келиб, дам олиб кетадиган нархда бўлади. Яъни бу ерда 4 ёки 5 юлдузли меҳмонхоналарда эмас, аксинча, аҳолимиз учун ҳамёнбоп бўлган хизматлар воситалари қурилиб топширилади. Асосан 3 юлдузли, бир нечта 4 юлдузли меҳмонхоналар ва арзон ҳостеллар ҳам қурилмоқда”, дея сўзини якунлади вазир.
Янги лойиҳалар қуриб битказилгандан сўнг хизматлар ҳамёнбоп бўлади демоқда, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов. Демак, масала ечими шундаки кўп юлдузли меҳмонхоналар фақат пулдорлар учун, ўқитувчи ва шифокорлар учун эса арзон хостеллар хизмат кўрсатади.