Rost24.uz кўтарган мавзу ечимини топди: реклама баннери олиб ташланди

06.02.2022 11:38

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги: Самарқанддаги ўзбошимчалик билан ўрнатилган реклама баннери олиб ташланди

3 февраль куни сайтимизда “Самарқандда кўп қаватли уй портлаб кетишига бир баҳя қолди, масъуллар эса ҳамон бефарқ” номли видео-материал эълон қилинган эди. Орадан 2 кун ўтмай, ушбу мақолага Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, масала юзасидан Уй-жой фонди инспекциясининг ҳудудий ходимлари тезкор ўрганиш олиб борган.

Маълум бўлишича, мақолада айтилган Самарқанд шаҳар, Қорасув маскани 71-кўп хонадонли уйнинг том қисмига "Pure Milky" МЧЖ томонидан уй мулкдорлари розилигини олмасдан, "Нур Шарқ Тесс" БСК билан ҳеч қандай шартнома ҳужжатлари расмийлаштирмаган ҳолда реклама баннери ўрнатилган.

Самарқанд вилояти ҳудудий инспекцияси томонидан "Pure Milky" МЧЖ директорига ўзбошимчалик билан ўрнатилган реклама баннерини 5 кунлик муддат ичида бартараф қилиш юзасидан мажбурий кўрсатма берилган.

Бундан маълум бўладики, 10 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига эга бўлган тадбиркор Бахтиёр Маърупов эгалик қилувчи “Pure milky” заводининг Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан рухсатномаси борлигини қайта-қайта пеш қилган, аммо уни талабимизга кўра кўрсата олмаган ходимлари РОСТ сўзлашмаган, шу сабабли ҳам мақолани сайтдан ўчиртиришга ҳаракат қилишган.

Нима бўлганида ҳам, мақола эълон қилингач ўз вазифасини тезкорлик билан бажарган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига миннатдорчилик билдирамиз ва рост хабарларни ёритишда давом этамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар