Самарқандда газ қувури устига реклама баннери жойлаштирилиши оқибатида кўп қаватли уй портлаб кетишига оз қолган. Шунга қарамай қувур устига яна каттароқ реклама девори ўрнатилмоқда. Ҳокимият вакиллари вазиятни ўрганиб, чора кўргунча газ қувури «чидаб» турадими?
21 декабрь куни Самарқанддаги Қорасув шаҳарчаси, 71-уйнинг 16-қавати портлаб кетишига бир баҳя қолди. Хонадон бир неча соат давомида газга тўлган, уй эгаси ишдан қайтганида подъездлардан ҳам газ ҳиди анқиётганини айтади.
Гап шундаки, 16 қаватдан иборат бўлган 71-уйнинг том қисмига сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Pure milky” заводининг улкан реклама баннерлари жойлаштирилган.
- Бино баланд, тепада ҳар доим шамол бўлиб туради, кечаси-ю кундузи реклама тахтасининг тақир-туқир овозини эшитиб, илоҳим синиб кетмасин, маҳкамланган газ қувуриниям синдириб юбормасин, деб, жон ҳовучлаб чиқаман, - дейди шу қаватда яшовчи хонадонига газ тўлган аёл.
Маълум бўлишича, шу куни билборд (реклама девори) ағдарилиб, бутун бинони табиий газ билан таъминловчи улкан қувурни ҳам синдириб юборган. Хонадон эгалари уйда бўлишмаган.
- Баъзида иккита ёш боламни уйда қолдириб, 1-2 соатга ишга бориб келардим, шу куни яхшиям уйда болаларимни қолдирмаган эканман, бўлмаса нималар бўларди тасаввур ҳам қилолмайман, - дейди аёл.
Газ қувурлари бино томидан туширилган. Билборд эса (қайси ақл биландир) тинимсиз шамол эсиб турадиган шундай баландликда, газ қувурига катта темир устунлар билан маҳкамланган. Хонадон эгасининг айтишича, шу куни эшикларни очиб, ширкатга бу ҳақда хабар бериб, носозлик бартарф этилгунича тўрт соат давомида фарзандлари билан ташқарида совуқда юрган.
16-қаватда 5 та хонадон истиқомат қилади. Уй эгасининг маълум қилишича, улар илгари ҳам бир неча бор бу масалада мурожаат қилишган, ҳатто билбордни кичикроғига алмаштиришни илтимос қилиб кўришган, аммо ҳеч қандай муносабат билдирилмаган. Аксинча, аввалгидан икки баравар каттароқ билборд ўрнатиб кетилган. Ширкатдагилар бунга завод эгалари жавобгарлигини айтишган, заводдагилар эса доимгидек тинчлантирувчи гап-сўзлар билан ўз ишларида давом этишган. Оқибат эса, фожеали бўлиши мумкин эди...
Маълум бўлишича, мазкур бинога синган билборд ўрнига янада каттароғи ўрнатилмоқда, ишчилар ўрнатиш ишларини аллақачон бошлаб юборишган. Хонадон эгалари бундан ниҳоятда норози.
- Яна аввалгидек газ қувурини синдирса, ёки уйим ёниб кетишига сабаб бўлса, ўзи хавфсизлик қоидаларига амал қилмаган, шу сабабли, деб ўзимга ағдариб қўя қолишадими? – дейди аёл.
Вазиятга ойдинлик киритиш учун завод масъуллари билан боғланганимизда, ўзини Юсуф, завод директори деб таништирган шахс шаҳар ҳокиимиятидан рухсатномаси борлигини, истаган жойимизга, истасак вилоят ҳокимига мурожаат қилишимиз мумкинлигини маълум қилди. Масала юзасидан учрашиб суҳбатлашиб олиш учун мазкур бинога келишни бир неча марта ваъда бериб, келмади. Охири кўнғироқларимизга жавоб бермай, телефонларни ўчириб қўйди. Шаҳар ҳокими томонидан билборд жойлаштириш учун берган рухсатнома нусхасини телеграм орқали юборишни ваъда берган эди, аммо такрор-такрор сўровларимизга қарамасдан ҳеч қандай рухсатнома юборилмади.
Вилоят ҳокими номига ёзилган аризага, 10 кунча вақт ўтган бўлса-да, ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Билборд эса ўрнатиб бўлинди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунида ташқи рекламани хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилмасдан жойлаштиришга жавобгарлик белгилаб қўйилган.