Шерзодхон Қудратхўжа: журналистика олийгоҳи АОКА таркибига киритилмайди

27.01.2022 16:30

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги таркибига киритилмайди. 

Бу ҳақида бугун университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа олийгоҳда янги ташкил этилган замонавий теле ва радиостудия, фотолабаратория ҳамда талабалар пресс-клубининг очилиш маросимида айтиб ўтди.

Rost24.uz мухбири Шерзодхон Қудратхўжадан университетнинг кейинги тақдири ҳақида аниқроқ маълумот беришни сўради. Ректор саволларга аниқлик киритар экан ЎзЖОКУ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таркибида қолишини айтган.

Шунингдек, ректорнинг маълум қилишича, ЎзЖОКУни молиявий мустақил олийгоҳга айлантириш ҳам имконсиз. Сабаби, журналистикага пулдорлар эмас, кўпинча адолат излаганлар ўқишга киради.

Маълумки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) таркибига ўтказилиши маълум қилинган эди.

Маълумот ўрнида: 2018 йил 24 майда ташкил этилган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бугунги кунда бакалавр босқичи бўйича Халқаро журналистика, Интернет журналистика, Телерадиожурналистика, Босма ва оммавий ахборот воситалари журналистикаси, Спорт журналистикаси, Ҳарбий журналистика йўналишлари мавжуд. Университет ҳозирда йўналишлар бўйича фақатгина журналистларни тайёрлаб қолмай, медиадизайнер, медиамаркетолог, ПР менежерлар ҳамда ахборот хизматлари учун ҳам кадрлар тайёрламоқда. ЎзЖОКУда 3 та факультет ва 5 та кафедра мавжуд бўлиб, бакалавр, магистратура ва сиртқи бўлимларда 10 дан ортиқ йўналиш ва мутахассисликлар бўйича таълим берилади.

Ҳозирги кунда эса университетда Ахборот-ресурс маркази, Ахборот технологиялари маркази, журналистика тарихи музейи мавжуд. Университетда 202 нафар профессор ўқитувчилар бор. Улардан 4 нафари фан доктори ва 23 нафар фан номзоди, шунингдек, 9 нафар доцентлар ишлайди. Университет дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи таълим даргоҳи ва илмий марказлари билан халқаро алоқалар ўрнатган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
27.01.2022 22:14
Туппа тугри фикрлар айтиб утилган Шу олийгохда сиридан укийман Мен хам адолат излаб келгандан,аслида Шеьр китобини 25йилдан бери чикартириш орзусидаман