2021 йил давомида энг ёпиқ бўлган матбуот котиблиги, деб қайси ташкилот ахборот хизматларини айтган бўлар эдингиз?
ОАВ ходимларини саралаб чақирувчи, атрофига хос блогер ва журналистларни тўплаб олган матбуот котибини танийсизми?
Балки, журналистларга қимматбаҳо совғалар улашиш билан ўз фаолиятини кучайтиришга уринаётган тизимларни биларсиз?
Журналистларга қимматбаҳо совға қилиб, этика меъёрларини бузган матбуот котибини-чи?
Rost24.uz матбуот котибликлар рейтингини эълон қилади. Бу журналистлар танлови, журналистлар овози. Махсус фокус гуруҳ тузилиб, журналистлардан матбуот котибликлари ва вазирлик, ташкилот ва ҳокимиятлар борасида сўровнома ўтказилди. Сўровнома жавоблари унда қатнашган журналистнинг хоҳишига кўра очиқланиши ҳам мумкин. Натижалар эса rost24.uz журналистлар учун уюштирган йил танлови дастурхонида эълон қилинади.
Мақсадимиз давлатни демократлашувига таъсир этиш. Вазирлик, ҳокимият ва ташкилотларни очиқ ва ёпиқлик рейтингини эълон қилиш орқали уларни журналистлар учун очиқ бўлишини таъминлаш ҳамда ахборот олиш имкониятини кенгайтириш ва давлат идоралари шаффофлигини таъминлашга ҳисса қўшишдир.
Танловимиз шартлари ва маълумотлари бир қанча халқаро ташкилотларга ҳам юборилган бўлиб, танлов натижаларини улар ҳам кузатиб боришларини маълум қилган.
Қайси вазирлик ёки ҳокимият оммавий ахборот воситалари, халқ олдида ҳисобдорлигини унутди?
Журналистлар томонидан йўлланган саволларга қайси матбуот котиблиги бефарқ ёки расмий хат билан чиқинг, деган қуруқ жавоб билан қутилади. Журналистлар ҳукумат ва давлат идоралари, ташкилотлари фаолиятини ёритар экан бевосита уларнинг фаолиятига ҳам нисбатан холис баҳо бера олади. Баъзи ташкилот ёки вазирликлар тадбирбозликда биринчи, интернет сайт ва телеграм каналларида хабарлар тез-тез янгиланади. Аммо, журналистларнинг очиқлашни истаган биргина саволига жавоб беришни эп билмайди. Шу нуқтаи назардан rost24.uz нашри уюштираётган “Йил танлови” маросимида журналистлар билан энг яхши ва энг ёмонларни саралайди. Бу журналистларнинг ўзидан аввалги 3 ҳокимиятга берган баҳоси ва танловидир. Жамоамиз мазкур сўровномаларни анъанага айланишини истайди. Шунингдек, танлов давомида журналистлар жонли овоз бериш йўли билан дарахтлар билан аёвсиз курашган ҳоким номини ҳам аниқлайдилар ва унга ўткир қалам соҳибларидан ўткир болта совға қилинади. Энг ёлғончи матбуот котибига ҳам табиийки, махсус совға бор.
21 январь куни бўлиб ўтадиган танловга барча журналистларни таклиф этиб қоламиз. Танқидий чиқишлари билан оммалашган rost24.uz уюштирган журналистлар байрамида қатнашишдан чўчиманг.