Халқнинг миллиардлаб маблағига қурилган ва Ортиқхўжаев бош-қош бўлган “Янги Ўзбекистон” боғи 4 ой ўтмасдан тўкилиб тушмоқда...

13.01.2022 17:51

Боғни қурган компаниялар эгалиги эса маълумотларга кўра, яна шу Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев номи атрофида айланмоқда.

“Абдуллажон” фильмида фақатгина раиснинг кетмони учолмасди, аммо бизнинг Тошкентда фақат “раис” – ҳокимнинг кетмони учаётгандек. Бугун ночор аҳволга келиб улгирган “Янги Ўзбекистон” боғини Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли "Mimar Group" компанияси қуриб битказган ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Ортиқхўжаев ҳокимликка келишидан аввал "Mimar Group" компанияси таъсисчиси эди. У ҳоким бўлгач ўзига тегишли бўлган компанияларни акцияларини сотиб юбормаганини ҳам тан олган. Ортиқхўжаев журналистларнинг унга тегишли бўлган фирмалар акциясига оид саволларига “Масалан, агар менда “Boeing” компаниясининг акциялари бўлса, мен ҳоким бўлсам, уни сотишга мажбурманми ёки “Apple” компаниясида улушим бўлса, нега уни сотишим керак?”, дея жавоб қайтарган эди.

Эндиликда у йирик қурилишлар бораётган пойтахтда ҳоким экан, мана шу қурилишларни амалга ошираётган компанияларнинг таг илдизи ҳам унинг собиқ фирмаларига етакламоқда. Очиқ манбалар орқали уларни кўздан кечирар экансиз, гўё Тошкентдаги барча йирик қурилишларни Ортиқхўжаев бажараётганига гувоҳ бўласиз.

Айни дамда ночор аҳволга келиб қолган янги “Янги Ўзбекистон” боғининг пудратчиси ҳам "Mimar Group" ҳисобланади. Ушбу компания яқинда “Шахидлар ҳиёбони”ни ҳам қуриб битказган эди.

“Янги Ўзбекистон” боғида жойлашган «Истиқлол» мажмуаси қурилишининг пудратчиси ҳам давлат харидлари портали маълумотларига кўра, "Mimar Group" ҳисобланади.

Порталда жойлаштирилган лот маълумотлари бўйича, қурилиш-монтаж ишларига 195 млрд.га яқин маблағ сарфланган. Афсуски, мажмуа ва боғ битказилганига 5 ой бўлмасдан уларнинг охори тўкилиб эскиришига улгирди.

Тошкент вилояти Қибрай туманида барпо этилган «Янги Ўзбекистон» боғи сўнгги вақтларда жуда гавжум. Хусусан, асосий Янги йил арчаси шу ерда ўрнатилди, байрам кунлари пойтахтдан боққача бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилди, шахматнинг рапид тури бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовни тақдирлаш маросими ҳам шу боғда нишонланди.

Боғ барпо қилинганига ҳали бир йил ҳам бўлмади, аммо мажмуанинг баъзи жойлари, хусусан, мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Истиқлол” мажмуасининг маълум қисмлари ҳам емирилаётганига кўзингиз тушади. Боғга ўтган йилнинг 1 май кунида илк кўчатлар ўтқазилган, худди шу ерда мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган «Истиқлол» мажмуаси ҳам бунёд этилган.

Айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистон боғидаги умумий фон, амфитеатрдаги ўриндиқлар, ҳатто чиқинди идишларининг ранглари ҳам “Ташкент сити”ни эслатади. Боғда байрам муносабати билан “Артел” компаниясининг кўплаб белгилари ўрнатилган. Шу ерда эслатиб ўтиш жоизки, мазкур бор қурилишига Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев масъул этиб тайинланган эди.

“Янги Ўзбекистон” пудратчиси бўлган  Mimar Group ҳақида қуйидагиларни биламиз:

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, "Mimar Group" компаниясининг асосий фаолият тури тураржой биноларини қуриш ҳисобланади (Компания таъсисчилари Алишер Абдубаситович Ганиев (56,75%) ва Козимбек Уткирович Яминов (43,25%) кўрсатилган, раҳбари — Ферузбек Давронов). Ферузбек Давронов номида яна айнан қурилиш ишларига кўмаклашувчи бир қанча фирмалар мавжуд. Улар, "SPEEDWAY LINE", Polaris technologies.

Қурилиш-пудратчи ташкилотларнинг reyting.mc.uz рейтингига кўра, "Mimar Group" ва Ijod-Ijod  баҳоси ССС, яъни ишончлилик даражаси 30 фоиздан 35 фоизгача бўлган қурувчилар гуруҳига киради. 

Mimar Group нима дейди?

Иншоотлардаги емирилишлар билан боғлиқ саволларга жавоб олиш мақсадида "Mimar Group" билан боғланишга уриниб кўрдик, аммо уринишларимиз зое кетди.

Масъуллар қандай жавоб қилди?

Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, боғда одамлар кўп тўплангани сабабли,  йўлакчалар чўкиб  кетган. “Истиқлол” мажмуаси эса вақтинчалик гипсдан тайёрланган бўлиб, тез орада у бронзага алмаштирилади.



Мажмуанинг вақтинчалик макет эканини тушуниш мумкин, аммо йўлакчаларнинг тез орада чўкиб тушганлиги баҳонасини қандай қабул қилиш керак? Ахир бу йўлаклардан танк ўтган эмас-ку. Унда шунчаки одамлар ҳаракатланган холос. 

Энг ачинарлиси, одамлар кўп тўпланишини ҳисобга ололмайдиган "Mimar Group" компанияси Тошкентдаги кўпгина йирик қурилишларга масъуллик қилмоқда. Ундан ташқари йўлакларга тўшаладиган бетон черепицалар мисол учун "Durable Beton" ва бошқа бинолар устини қоплаб бораётган пластик ишлаб чиқарувчи фирмаларнинг бари биргина "ном" остида бирлашмоқда.

Ҳақиқатан ҳаётда ҳаммаси кинодагидек бўлмайди, биз фақат кетмони учмайдиган раисларни киноларда учратамиз холос.

Эслатиб ўтамиз, Президент янги боғ ҳудудини, парламент тасдиқласа, Тошкент таркибига ўтказилишини маълум қилган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
16.01.2022 22:52
Шунчаки кириш хаккини киммат килиб куйиш керак, одамлар узи кирмай кетади..
15.01.2022 08:06
Bogda odamlar toplangani uchun yol chokib qolgan Bitta yoli bor bogni yangiday saqlashni. Odamlarni kirgizma bog yangiday turadi. Ahmoq