Худди Роғун ГЭС каби хатарли...

23.12.2020 10:06

Шу кунларда Эфиопия давлатида жойлашган Хидасэ гидроэлектр станцияси қурилиши ва сув омборининг тўлдирилиши Шимоли-шарқий Африкада янги беқарорлик ўчоғини яратмоқда. Бу муаммо худди Роғун ГЭС каби қўшни давлатлар учун жиддий хавф туғдиргани боис, жараёнларни ўрганиш фойдадан ҳоли эмас.

“Грант Ренессанс”ми ёки “Мавҳумлик лойиҳаси”...

Эфиопиянинг 1830 метр баландликдаги Тана кўлидан бошланувчи Кўк Нил дарёси Судан ҳудудидаги Оқ Нилга келиб қўшилади ва кейинчалик катта Нил дарёси ҳосил бўлади. Айнан Тана кўлдан бошланувчи дарё ўзанида, Судан шимолий сарҳадларига 15 километр қолган масканда Эфиопия сув омбори қурилишини бошлаб юборган эди. 2011 йилда қайта қурила бошланган объект 2023 йилда тўлиқ ишга туширилиши кутилмоқда. Аслида у ўтган асрнинг 60-йилларида император Хайле Селассие даврида бошланган, аммо давлат маблағлари етмагач, аҳолидан пул йиғилган. Бироқ ишлар чала қолиб кетган эди.

Одатда бундай улкан ва кўпмиллиардли иншоотлар аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида бошланади. Сўнгги йилларда катта иқтисодий ўсишга эришаётган Эфиопия ҳам ўзининг 110 миллионли (сони кўплиги бўйича Африкада Нигериядан кейин иккинчи ўринда туради) аҳолисининг атиги 45 фоизи электрдан фойдаланиш имкониятига эга эканлиги бунда асосий сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Бинобарин янги объект ҳозирда мамлакатда ишлаётган барча электр станциялари қувватидан бир ярим баробар кўпдир.

Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али эса стратегик лойиҳа очилиши билан унинг мамлакати Африкада энг йирик электр ишлаб чиқарувчиси бўлиб олишига, ички бозорни тўлдириб, хорижга экспорт қилувчига айланишига ишонч билдирмоқда.

Шу сабабли, мамлакат маъмурлари уни улуғлаб, “Эфиопиянинг буюк қайта тикланиш тўғони”, “Грант Ренессанс” дея атамоқда. Аммо кўплаб можароларга сабаб бўлаётгани боис лойиҳани инглиззабон нашрлар синчков журналистлари “Мавҳумлик лойиҳаси” ва “Минг йиллик сув омбори” деб ҳам киноя билан аташмоқда.

Чиндан ҳам 9 та турбогенераторга эга ва йиллик қуввати 6,45 ГВтга тенг иншоот ўз йўналишида Африкадаги энг йириги ҳисобланади. Тошли хомқолип ёрдамида ўзандан кўтарма шаклида барпо этилаётган сув омбори баландлиги 175 метр, тўғоннинг узунлиги 2 километрга тенг ва 70 миллиард куб метр сувни ўзида сиғдира олади.

Мўътадил-қуруқ иқлим ҳудудда жойлашган тўғоннинг умумий майдони 1,5 минг километр квадрат. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард долларга тенг. Ишлар авжига чиққани сари қўшниларнинг ҳадику хавотири ошиб, асаблари дош бериши қийин кечмоқда.

Миср жазавага тушмоқда, Судан икки ўт орасида

Миср ва Судан Эфиопиянинг бир томонлама ҳаракатларига кескин қаршилик кўрсатмоқда.

Расмий Қоҳирани тушунса бўлади. 1929 йилда Англия-Миср, 1959 йилда Миср ва Судан ўртасида имзоланган келишувларга кўра, расмий Қоҳира Нилда ҳар қандай сув омбори ва тўғонлар қурилишига вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган эди. Эфиопия эса энди бу каби “тарихий” ҳужжатларни тан олмаслигини ва бирор-бир мажбуриятлар ҳам қабул қилмаслигини, бу жараёнларда унинг манфаатлари ҳеч ҳам ҳисобга олинмаганини, унинг ҳудудидан ўтувчи учта дарё ирмоғи қўшни Судан ва Мисрнинг 80 фоиз сувини таъминлаётганини айтиб, истаган ишини қилишини очиқ билдирмоқда.

Мисрнинг 2006-2010 йилларда Нил дарёсидан фойдаланиш ҳақидаги ҳадли битимни имзолашга уриниши якунда кутилган самарани бермади. Миср ва Судан бир томонда турган бўлса, Эфиопия ва дарё қирғоғидаги бошқа 9 та мамлакат, жумладан Кения, Руанда, Танзания ва Уганда ҳам Эфиопиянинг сувдан фойдаланиш ҳуқуқини қўллаб-қувватламоқда.

Миср ва Судан билан ҳамкорликдан воз кечган олти давлат 2010-2011 йилда алоҳида Нил ҳавзаси бўйича ташаббус механизмига асос солишди.

Эфиопия эса ҳеч қандай муҳокамасиз 2011 йил февралда Хидасэ қурилиши бошланганини очиқ эълон қилди. Пудратчилар Италиянинг “Salini Impregilo” компанияси бўлиб, унда Хитой, АҚШ ва Исроил компаниялари ҳам иштирок этмоқда.

Айнан бу даврда Мисрда “Араб баҳори” танглиги бошланган, расмий Қоҳира ички беқарорлик билан андармон бўлиб, қўшнисига кучи ва босимини ўтказишга имкониятини топа олмаган эди.

Судан эса икки ўт орасида қолиб, яраштирувчи томон мақомини сақлашга ҳаракат қилди. Қолаверса, ўша вақтдаги президент Умар Баширнинг халқаро майдондаги обрўси кескин тушиб кетгани, Жанубий Судан билан уруш ҳолати туфайли, у Эфиопия билан ГЭС ишга тушса, арзон электр энергиясини олиш бўйича келишди.

Қоҳира интилишлари самарасиз тугамоқда...

Чигаллик кучая боргач, 2015 йилда уч мамлакат Судан пойтахти Хартумда декларация имзолашди. “Нил ресурсларидан атроф-муҳитга ва қуйи оқимда жойлашган давлатлар иқтисодий манфаатларига зарар етказмаган ҳолда тенг ҳуқуқли ва оқилона фойдаланиш” тамойилларини эълон қилишди. Аммо унинг техник жиҳатлари, жумладан сув омборини тўлдириш муддатлари бўйича якуний тарзда муросага келиб бўлмади. 2017 йилда музокаралар бутунлай боши берк кўчага кириб қолди.

Аслида сув омборининг ҳар қандай тарзда тўлдирилиши Мисрга беқиёс ресурсни келмай қўйиши демакдир. Шу боис мисрликлар сув омборининг тўлдирилиши ва ГЭСнинг ишга туширилиши устидан биргаликда назорат ўрнатиш ҳақида ҳужжат имзолашни истамоқда.

Миср раҳбарияти сувнинг минимал ўтказиш қувватини йилига 40 километр куб бўлишини талаб қилса, Эфиопия фақат 30 километр кубга розилик бермоқда. Фақатгина ёмғирлар мавсумида (июль-август ойларида) 37 километр кубни ташлаб туришга қаршилиги йўқлигини қайд этаяпти.

Миср уни шошмасдан 21 йил давомида тўлдириш зарур деса, Эфиопия бунча узоқ кута олмаслигини, 3-7 йилда уни тўлатиш кераклигини айтмоқда.

Қоҳира келгусида катта иқтисодий зиён кўришидан қўрқади. Ўз ҳудудидаги стратегик Асвон ГЭС фаолияти учун сув ресурслари етмай қолишидан, охирги йилларда юз бераётган муттасил қурғоқчиликлар янада кучайишидан, Нил сувига боғлиқ деҳқончилик ҳосиллари йўқотилишидан, шундай ҳам кун тартибида турган бандлик, ижтимоий муаммолар кучайиб, бир ярим миллион фуқароси янги ишсизга айланишидан жиддий хавотирда.

Бахтга қарши, 2019 йил октябрда Вашингтон ташаббуси билан бошланган уч томонлама учрашувлар таклифи ҳам туя гўшти еди.

Миср ўзаро келишувни АҚШ ва Жаҳон банкининг таклифлари асосида ишлаб чиқишни таклиф этди. Тегишли ҳужжат 4 ой давомида тайёрланди. Аммо Аддис Абеба уни имзолашни турли баҳоналар билан чўзиб, бир томонлама ҳаракатларини давом эттирмоқда, ишларнинг 80 фоизи ниҳоясига етган. Июл ойидаги ёғин мавсуми авжида 5 миллиард куб метр сув жамғариб олишга ҳам эришди.

Сув ресурслари, ирригация ва энергетика вазири Силеши Бекеле ГЭС 2021 йил июнда илк электрни бера бошлашини билдирди.

У Миср бир вақтлар Асвон тўғонини қурганидан ҳеч кимдан рухсат сўрамаганини ва яккабошлик асосида дарёдан узоқ йиллар фойдаланиб келганини айтиб иддао қилмоқда.

Мисрнинг Эфиопияга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиш бўйича барча сиёсий-дипломатик воситалари иш бермади. Унинг араб давлатларини ёрдамга чақириши ва БМТнинг Хавфсизлик Кенгашида масалани кўриб чиқишга интилиши муваффақиятсиз тугади. Қитъадаги энг йирик тузилма – Африка Иттифоқи шафелигида ёзда бошланган мулоқотлар ҳам бу муаммони ҳал қилишга ожизлик қилди.

Эфиопия учун охири вой бўлмасин...

Миср муаммони ҳарбий йўл билан ҳал этишдан бошқа чораси қолмаётганини бот-бот шама қилмоқда.

Эфиопия томони эса душман кучларига қарши миллионлаб кишиларни сафарбар этишга қодирлигини ва бундай қўрқитувлар фақат зарар келтириши ҳақида ҳам очиқ баёнот бермоқда.

Судан ҳам Миср томонда бўлиб, охирги пайтларда унинг Эфипоия билан чегарасида ҳарбий тўқнашувлар юзага келаяпти, бир неча аскарлар қурбон бўлди. У тўғонга яқин ҳудудда Россиянинг ракета-зенит мажмуасини жойлаштиришини билдирди. Аммо тўрт кун муқаддам Судан бош вазири Абдулла Ҳамдук Аддис Абебага ташриф буюриб, икки давлат бош вазирлари Уч томонлама музокараларни қайта бошлаш бўйича келишиб олишди.

Судан можарога бошқа йирик давлатлар аралашмаслигини истайди. Уч томонлама музокараларга раислик қилишини, муҳим бандлар бўйича томонлар позицияларини яқинлаштириш учун янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидламоқда.

Қолаверса, Роғун ГЭСни зўр бериб қуришда давом этиб келаётган, ҳали сув йиғиш босқичида муаммолар янада кескин кучайиши мумкин бўлган Тожикистон ҳам бу жараёнларни пухта ўрганиши, барча қўшни мамлакатларнинг умумий манфаатларидан келиб чиқиб иш тутиши, кўп томонлама ҳадли битимларни имзолаши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ш.Холмуҳаммад

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
22.10.2021 15:50
Бизда хам бор эканку мард журналистлар! Кани Рогун ГЭС буйича экологларимиз? Рогун ГЭС курилиши хавфли булиши уз позицияларини билдирган Хукумат аьзолари каерга гойиб булишди?
22.10.2021 15:46
Бизда хам хакикатни куркмасдан ёза оладиган журналистлар хам бор эканку! Нима учун хамма Рогун ГЭСи буйича скут сакламокда? Кани экологлар? Рогун буйича уз позицияларини билдирган Хукуматимиз аъзолари каерга гойиб булди?