Россия Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раиси Леонид Калашников Ўзбекистон КХШТга қайтишга мажбур бўлишидан умидвор.
У “Интерфакс”га берган интервьюсида "Ўзбекистон бир пайтлар КХШТдан чиққан эди, лекин у ташкилот сафига қайтиши мумкин. Улар ҳеч кимга суяна олмасликларини кўргач, ташкилотга қайтишларини истисно қилмайман", деди.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонни ЕОИИ ва КХШТ таркибига қайта қўшиб олишга психологик таҳдидлар ошкора сезилмоқда. Бироз аввал Беларусь президенти Лукашенко Қозоғистондаги воқеалардан сабоқ чиқарилмаса, бу ҳолат Ўзбекистонда қайтарилиши мумкинлиги, “экстремист”ларнинг нигоҳи ҳозирда Ўзбекистонга қаратилгани ҳақидаги фикрларини ошкор қилган эди.
Бир нечта давлатлар иттифоқи ҳисобланса-да, Россия таъсири остида бўлган ушбу икки ташкилотга Ўзбекистонни тўлақонли аъзо сифатида қўшиб олишга ошкора ва пинҳона уринишлар кўп марта кузатилган. Охирги пайтларда Путин ҳукуматининг МДҲ давлатларига таъсир ўтказишга бўлган ҳаракатлари яққол сезилмоқда.
Ўтган йилда Россия Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Андрей Руденко “Қирғизистон ва Арманистонда иқтисодий ривожланиш рўй бераётганини, ушбу ташкилотга аъзоликдан келадиган фойдаларни” мисол қилиб, Ўзбекистонни ЕОИИга тўлақонли аъзо сифатида қўшилишга ундаган эди.
Шунингдек, сўнгги пайтларда, ғарб элитасида Путин собиқ тузумни қайта тиклаш ниятида экани ҳақидаги хавотирлар ҳам авж олди.
Хусусан, СССР парчаланганининг 30 йиллиги арафасида АҚШ давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Сенатдаги эшиттиришларда Владимир Путин Совет Иттифоқини қайта тиклаши ва бу орқали тарихга кириш ниятидан ташвишда эканлигини билдирган. Маълумки, Владимир Путин СССР қулашини ўтган асрнинг энг улкан геосиёсий фожиаси деб ҳисоблайди ва бу ҳақдаги фикрларини ҳамиша очиқ айтиб келган.
Яқинда Путиннинг Байден билан музокаралар чоғида НАТОга аввал собиқ тузум таркибида бўлган ҳудуд ишларига аралашмаслик ультиматумини қўйганини ва Украинага нисбатан бўлаётган ҳолатларни ҳисобга оладиган бўлсак, бу гумонлар ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин. Аммо, Путин бу фикрларга жавобан СССРни қайта тиклашдан ҳеч қандай маъно йўқлиги ва бу мақсадсиз ҳаракатдан бошқа нарса эмаслигини айтиб ўтган.
Ўзбекистоннинг Леонид Калашников айтганидай, ҳеч кимга суяна олмасдан КХШТга қайтишга мажбур бўлиш эҳтимоли мавжудми?
Аммо Ўзбекистон раҳбарияти эртага Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этилиши кутилмоқда ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан Калашников сўзларини исботловчи бирон бир ҳаракат ёки муносабат ҳозирча сезилгани йўқ.