Азиз Абдуҳакимов Жалолиддин Мангубердининг аввалги ҳайкалини Бухорога ўрнатишни таклиф қилди

10.01.2022 18:07

Янги ҳайкал эса Гиннеснинг рекордлар китобига кириши мумкин...

Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов аввалги ҳайкални Хоразм ёки Бухоро вилоятининг кириш қисмига қўйилишини таклиф қилмоқда.

Rost24.uz сайтида аввал ҳам айни масала юзасидан Урганч шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати вакилининг жавоби эълон қилинган. Унда, ҳокимият матбуот котиблиги, "Бу ҳайкал эски эди, биз янгисини қўйганмиз", дея жавоб қилган эди. Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов эса бошқа таклиф бермоқда.

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида улкан бронза от ҳамда унинг устида Жалолиддин Мангуберди сиймоси бўлган ҳайкал ўрнатилди. Маълум бўлишича, ҳайкал Россиянинг Жуковский шаҳрида ясалган.

Ҳайкалнинг баландлиги 25 метр, умумий массаси эса 50 тоннадан юқори. Лойиҳа раҳбари Виталий Казанскийнинг айтишича, ҳайкал Гиннеснинг рекордлар китобига кириши тайин, чунки бронзадан ясалган улкан от ҳайкали дунёда йўқ, дея айтмоқда. Ушбу ҳайкал ўрнатилгандан кейин эски ҳайкал қаерга қўйилади ёки бузиб ташланадими, деган саволлар туғилиши табиий. Бу бўйича Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов қуйидагича фикрларни айтиб ўтди:

"Урганч шаҳрининг марказида Жалолиддин Мангубердининг янги ҳайкали ўрнатилмоқда. Олдинги ҳайкал бошқа ҳудудга кўчирилади. Бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқ. Мен ўйлашимча, биз барча маданий объектларимиздан ёки маданий бойликларимиздан тўғри фойдаланишимиз керак. Янги Жалолиддин Мангуберди ҳайкали жуда ҳам кўркам, борсангиз ўзингиз гувоҳи бўласиз. Уникал хусусиятларга эга, яъни бор йўғи 3 та нуқтада жойлаштирилмоқда. Инженеринг нуқтаи назардан ҳам жуда ҳам мукаммал мажмуа ҳисобланмоқда.

Шахсан мен, шундай бир таклиф киритган эдим, эски ҳайкални Хоразм вилоятига кириш қисмидами ёки Қорақалпоғистоннинг кириш қисмига ўрнатилса. Балки, Бухорога ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳар бир Хоразм вилоятига кириб келаётган инсон билиши керак, бу ўлкада қандай буюк инсонлар ўтганини, қанақа бир тарихий ҳудуд эканини тушунишади. Бу ерда ҳеч қанақа бир зиддиятлар йўқ деб ўйлайман", дея фикрини якунлади вазир.

Эслатиб ўтамиз, Урганч шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати шаҳардаги боғда ўрнатилган ҳайкални кўчирилиши бўйича баёнот берган эди. Унга кўра, Урганч шаҳридан ўтувчи "Шовот" каналининг чап қирғоғида жойлашган "Жалолиддин Мангуберди" боғидаги Жалолиддин Мангуберди ҳайкали вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги Архитектура-шаҳарсозлик Кенгаши томонидан Шимолий ғарбий округ 53008 ҳарбий қисмнинг майдонига кўчириб ўтказилиши таклифи ишлаб чиқилган. Унинг ўрни эса ободонлаштирилиб, аҳоли дам олиш хиёбонига айлантирилиши белгиланган.

Ҳарбий округга кўчирилган олдинги ҳайкал тез орада ўз ўрнини топади, деган умиддамиз. Чунки ҳар бир маданий мерос муҳофазаси таъминланиши зарур.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар