Ноширларга имтиёз, сифатли таржимага маблағ йўқ
АОКА журналистика ва “пиар” билан шуғулланишга ўтди, нашриётларнинг аҳволи нима бўлди?
Балки, нашриётлар фаолиятига қайғурмаган агентликнинг кераги ҳам йўқдир.
Ноширлар тармоқ солиқ имтиёзларига эга эмаслигидан нолишмоқда, таржимонларни эса сифатсиз таржима адабиётлари ўйлантирмоқда. Барини четда кузатиб турган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар тарқатиш билан оворадек.
Президентнинг “Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида таржима бўйича агентликка алоҳида вазифа юкланган:
миллий адабиётимизнинг энг сара асарларини чет тилларга таржима қилиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқишни амалга оширади, чет эл адабиётини ўзбек тилига таржима қилишни ташкиллаштиради, уларни молиялаштириш, сифатли чоп этиш ва тарқатиш тизимини йўлга қўяди;
Rost24.uz'га интервью берган бир гуруҳ таржимонлар бадиий таржима агентлиги тузиш кераклигини таъкидламоқда. Улар бугун бозорни эгаллаётган сифатсиз китоблар ва таржима мактабининг йўқолиб кетаётганидан ташвишда.
ТАРЖИМОНЛИК ҚИЛИБ РЎЗҒОР ТЕБРАТИБ БЎЛМАЙ ҚОЛДИ
Зиёда Ғуломова, таржимон:
– Бугун ҳаваскор таржимонлар орқали ёки "ҳашар" йўли билан қилинган сифатсиз таржима китоблар бозорни эгаллади. Сифатли таржима китоблар ҳам йўқ эмас, аммо оз. Ўзбек аудиторияси айни дамда шу китобларни ўқишга мажбур бўляпти. Бу китобхоннинг саводсизлашувига, ўқувчининг бадиий дидини «мажруҳ» қилишга ҳисса қўшмоқда. Бу каби китобларнинг кўпаётгани ўзбек жамияти учун аянчли, чунки бу борада ҳеч ким масъулиятни бўйнига олмаяпти. Яқинда янги таржима қилинган «То сени топгунимча» асарини қиёслаш учун сотиб олдим. Инглиз тилидаги асли билан таққослаганимда бир варақнинг ўзида ўнлаб хато чиқяпти. Адабиёт – сўз дурдонаси. Аммо бугунги таржималарнинг оддий қўлланмадан фарқи қолмаяпти, чунки таржима соҳасига эътибор йўқ. Таржимонлик қилиб рўзғор тебратиб бўлмайди. Яхши таржима учун грандлар ажратилмайди. Давлат китобхонликни ривожлантиришга рағбат кўрсатяпти: “Spark” совға қилиш, турли танловлар... Балки сифатли китоб учун ҳам шундай рағбат бўлиш керакдир? Яхши таржимонлар бошқа соҳаларда юрибди. Ўтган асрда таржимонларга рағбат етарлича эди. Масалан, Эркин Воҳидов Гётенинг шоҳ асари «Фауст»ни таржима қилиш давомида асарни тўла тушуниб, ҳис этиш учун Гётенинг ватани Германияга борган. Россияга бориб, уни рус тилига ўгирган таржимон билан суҳбат қурган. Икки йил фақат асарни таржима қилишга вақт сарфлаган.
Университетларда «Таржима назарияси» йўналишлари бор. Лекин таржима билан шуғулланаётганлар орасида бу йўналишни тамомлаганлар учрамайди. Асар таржима қиламан, деганларнинг борадиган аниқ манзили йўқ. Ёзувчилар уюшмаси таржимонларни ўз атрофида тўплай олмаяпти. Бугун таржима мактабини йўқотяпмиз, чунки таржимонларни жамлашга, устоз-шогирд анъанаси давом эттиришга шароит, имкон йўқ. Шундай экан, интернет асрида бизни бирлаштирадиган бирор марказ тузилса, ўринли бўларди.
БИЗДА НАШРИЁТЛАРГА СОЛИҚ ҚЎЙИЛГАН, АММО ДУНЁНИНГ 70 ДАН ОРТИҚ ДАВЛАТЛАРИДА КИТОБ СОҲАСИГА ИМТИЁЗЛАР БЕРИЛГАН.
Фируз Аллаев, “Asaxiy Books” хусусий нашриёти раҳбари:
– Бозор иқтисодиёти шароитида нашриётларга ҳеч қанақа молиявий ёрдам йўқ. Уларга ҳеч қандай солиқ имтиёзлари берилмаган. Натижада нашриётлар ўзини-ўзи боқишга маҳкум. Бугун китоб ҳам бошқа бизнесларга ўхшаган бизнес. Халқ китоб кам ўқигандан кейин, китобга талаб кам. Оқибатда нашриётлар молиявий томондан оғир аҳволда. Улар таржимон, корректор, муҳаррир каби ходимларга тўланадиган ҳақдан, қоғоздан, умуман, пул тежаш мумкин бўлган ҳамма жойдан пул тежамоқда. Пул тежалган сари китобларнинг сифатида муаммо бўляпти. Аксар нашриётлар қарзга ботган, ходимлари бир неча ойдан бери ойлик олмаяпти. Нашриётлардаги профессионал муҳаррирлар ва таржимонлар ахборот сайтларига ўтиб кетди. Масалан, нашриёт 3 миллион ойлик тўлашга қийналса, ахборот сайтлари бемалол 5-6 миллион ойлик бера олади. Битта китоб даромад келтириши учун камида 10000 нусхада сотилиши керак, лекин аксар китобларнинг тиражи 3000 тага бормаяпти.
Бизда эса эл қатори нашриётларга солиқ қўйилган, аммо дунёнинг 70 дан ортиқ давлатларида китоб соҳасига имтиёзлар берилганини кузатиш мумкин. Чунки бу – ижтимоий муҳим соҳа. Масалан, Буюк Британияда нашриётлар умуман солиқлардан озод қилинган бўлса, Францияда 20 фоиз ўрнига 5,7 фоиз солиқ тўлашади. Шимолий Европа давлатларида солиқ имтиёзларидан ташқари давлат бюджетидан ҳар бир чиққан китобдан 2000 нусхада сотиб олиниб, кутубхоналарга тарқатилади. Бизда эса нашриётлар қанақа молиявий ҳолатда эканини билиши учун аксарининг офисига бориб, иш шароитларини кўриш етарли.
Агар китоблар устидан қаттиқ назорат ўрнатилса бу сифатнинг яхшиланишига эмас, цензура ва коррупция кўпайишига олиб келади. Шунинг учун ҳам бу соҳада бутун дунёдаги каби бозор қоидалари амал қилиши, ҳақиқий баҳони истеъмолчи бериши жуда муҳим. Ким сифатсиз маҳсулот чиқарса, ўшанинг маҳсулоти ўтмай қолади.
"ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ТАРЖИМОНЛАРНИ БИРЛАШТИРА ОЛМАЯПТИ"
Алишер Файзуллаев, таржимон:
– Бадиий таржима чала ўлик ҳолатда ҳозир. Дўконларни «gogle-tarjima» китоблар босган. Мазмун йўқ, сўз устида ишланмаган, қайтариқлар кўп, фикрлаш ўзбекча эмас, фақат китоб дизайни кўзни қувнатади. Битта асарни таржима қилиш учун баъзида йиллаб вақт кетади, шунда таржимон тил имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб, асарни «сайрата» олади. Айни кунда бир-икки ой ичида ҳаваскор ёки пулга муҳтож талабалар орқали қилинган таржималар пештахталарни тўлдиряпти. Ҳозир қайси китобни таржима қилиш кераклигини китоб савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлар танлайди. Бу борада улар дидли бўлса, нур устига аъло нур, акс ҳолда, китоб бозори яна бир хонтахта тагига кўтарма бўладиган китобга бойиди. Таржимоннинг асосий иши таржима бўлсагина, у самарали иш қилиши мумкин. Рўзғор ташвишлари, шароит ҳақида ўйламаган кишигина яхши ижодкор бўлади. Бунинг учун “гонорар” масаласини тўлиқ ҳал қилиб олиш керак. Яъни бунинг учун бутун интеллектуал меҳнат учун бериладиган ҳақ – гонорарни тартибга соладиган ташкилот – агентлик бўлиши керак. Шунда бечора таржимонлар олиши лозим бўлган ҳақининг кетидан бугунгидай югурмасди, қилган таржимасини олиб ҳақини бермай кетган китобфурушларни излаб юришга вақтини сарфламасди. Судлашиб, гонорар ундиришга вақтини ҳам, асабини ҳам кетказмасди. Таржимоннинг ҳуқуқи ҳам, муаллифлиги ҳам ҳимоя этилмаяпти, профессионал таржимани қўллаб-қувватлайдиган бирорта тизим йўқ. Ёзувчилар уюшмасидаги таржима бўлими шу соҳа мутахассисларининг бошини қовуштирадиган тизим сифатида ишлай олмаяпти. Дейлик, мамлакатда турли йўналишдаги қанча таржимонлар бор. Улар нима билан машғул, ҳар бирининг қўлидан нима келади, бу каби саволларга жавобни таржима бўлими бера олиши керак. Шу орқали таржимонларнинг бошини бириктириб, бирор лойиҳа учун фойдаланиши, йўналтириши мумкин бўлар? Афсуски, ҳозир ундай эмас .
"БИЗГА ТАРЖИМОНЛИК АГEНТЛИГИ КEРАК"
Нодирабегим Иброҳимова, таржимон:
– Технологиялар ривожланган даврда имкониятлардан фойдалансак тўғри бўларди. Бизга бадиий таржимонлик агентлиги керак. Бу – халқаро адабий-бадиий алоқаларни ривожлантириш учун ҳам муҳим. Ҳозир таржимонликда устоз-шогирд анъанасида узилиш бор, шу туфайли ёш таржимонлар қўлига илинган асарни таржима қиляпти. Нашриётлар оммабоп китобларга кўпроқ буюртма беришади, классик асарларни харидори кам. Бир нодир китоб таржима қилинди дейлик, аммо ношир унинг сотилишига ишонмаса, чоп этишга иккиланади. Бозор харидорга боғлиқ. Аксар китобхонлар "енгил ҳазм бўладиган", содда китобларни танлашяпти. Таржимонлар ҳам арзимас гонорар олади, бир неча ой китоб устида таржима жараёнини бошдан кечирган одам бунинг қийинчилигини яхши тушунади. Айрим адабий журналларда сара асарларни ўқиб турамиз, чунки муҳаррирлар таржимонлардан яхши таржималар сўрашади. Аммо у ерда ҳам қалам ҳақи кам, ҳаммаси ададга боғлиқ. Мен ўн йилдан бери таржимачилик билан шуғулланган бўлсам, ўнта таржима китобим чоп этилди, ҳисоблаб кўрсам, гонорар меҳнатимга арзимайди, аммо бу машғулотни яхши кўраман, китобхонларга ўгирмаларим етиб боришини истайман. Уларнинг эътирофи хурсанд қилади. Ёзувчилар уюшмасида таржима асарлар камдан-кам чоп этилади, грантлар ажратилмайди. Халқаро адабий алоқаларимиз жуда суст. Аслида қанчадан-қанча ўзбек ёзувчиларини жаҳон майдонига олиб чиқиш имкони бор, бунга катта маблағ ҳам, вақт ҳам кетмайди, аммо шу иш негадир қилинмайди. Мен ўз ҳикояларимни рус, инглиз, турк, Вьетнам, испан тилларида жаҳоннинг турли давлатлари журналларига бердим, чоп этишди, илиқ фикр билдиришди. Улар ҳамиша адабий алоқалар учун тайёр.
Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими билан боғландик. Бўлим мутахассиси Рисолат Ҳайдарованинг айтишича, чиндан бугун бозорларда сифатсиз таржима китоблар ортмоқда. Мутахассис ҳам бунинг сабабини нашриётларда таржимонларга етарли ҳақ тўланмаётгани, шу боис китоблар “Google translater” дастурида ўзбек тилига сифатсиз ўгирилаётанида деб изоҳлади.
Мафтуна КАРИМОВА