Наманганда қотилликларнинг 60 фоизи оилавий низолар сабабли содир этилган

15.08.2025 16:28

Наманган вилоятида жорий йилнинг дастлабки 7 ойида қотилликларнинг 60 фоизи, тан жароҳати етказиш жиноятларининг эса бешдан икки қисми оилавий низолар сабабли содир этилган. Бу ҳақда кеча, 14 август куни вилоятнинг Поп туманида  Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигида бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлисида маълум қилинди.

Қайд этилишича, мажлисда Миллий ва ҳудудий кенгашларнинг аъзолари, сенаторлар, Наманган вилояти халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари, фаоллар ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этган. Унда Наманган вилоятида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар ҳолати кўриб чиқилган.

Билдирилишича, бугунги кунда вилоятнинг иқтисодий салоҳияти юқори бўлиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасида банд. 2025 йилда 4 млрд доллар миқдорида инвестициялар жалб қилиш, 1 млрд доллар ҳажмида экспорт қилиш, 323 минг иш ўрни яратиш ва 55 минг оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган.

Маълум бўлишича, 2024 йилда вилоятда жами 8 204 та жиноят қайд этилган. Уларнинг 35 фоизи кибержиноятлар. Жорий йилнинг 7 ойида эса 5 786 та жиноят содир этилган, шундан 45,6 фоизи кибержиноятлар ҳисобланади. Жиноятларнинг катта қисми олди олиниши мумкин бўлган туркумга киради. Уларнинг асосий сабаблари орасида аҳоли мулк хавфсизлигига бепарволик, етарли даражада профилактика тадбирларининг йўлга қўйилмагани ва ижтимоий муҳитдаги салбий омиллар қайд этилган.

Шунингдек, 2025 йилнинг дастлабки етти ойида қотилликларнинг 60 фоизи, тан жароҳати етказиш жиноятларининг эса бешдан икки қисми оилавий низолар сабабли содир этилгани қайд этилди.

Билдирилишича, ёшлар ва аёллар орасидаги жиноятчилик айрим ҳудудларда ошган. 2025 йилда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони умумий ҳисобда пасайган бўлса-да, Учқўрғон, Поп, Наманган ва бошқа туманларда ушбу кўрсаткич ошган. “Қизил” ва “сариқ” тоифадаги хавфли маҳаллалар сони юқорилигича қолмоқда. 21 та маҳалла уч йилдан буён “қизил” тоифадан чиқмаган.

Шунингдек, мажлисда вилоятда коррупцияга қарши курашиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинган. Ўтган даврда аниқланган коррупцион жиноятларнинг асосий қисмини ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олиш ҳолатлари ташкил этган.

Бандлик, соғлиқни сақлаш, банк, қурилиш каби бир қатор соҳаларда жами 85 та коррупцион жиноят фош этилган бўлиб, уларнинг катта қисми бевосита мансабдор шахсларнинг ноқонуний фаолияти билан боғлиқ. Айрим давлат хизматчиларининг қонунга зид равишда тадбиркорлик билан шуғуллангани ҳам аниқланган.

Мажлис якунида Миллий кенгаш томонидан Наманган вилоятида маҳаллаларда хавфсизликни кучайтириш, рақамлаштириш чораларини жадаллаштириш, ижтимоий профилактика ишларини сифат жиҳатидан яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни назарда тутган қарор қабул қилинган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар