Исроил хусусий ташкилотларга Ғазо секторига гуманитар ёрдам юборишга рухсат берди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазирлиги таркибидаги COGAT (Исроил ҳукумати фаолиятини оккупацияланган ҳудудларда мувофиқлаштирувчи бўлим) хабар берди.
Хабарга кўра, хусусий сектор томонидан товарларни босқичма-босқич ва назорат остида олиб киришга имкон берувчи тартиб тасдиқланган. Бу қарорнинг асосий мақсади — Ғазо секторига кираётган гуманитар ёрдам ҳажмини ошириш ва БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар ёрдамига бўлган қарамликни камайтиришдир.
Энди қўшимча равишда қуйидаги товарларни олиб киришга рухсат берилади: зарур озиқ-овқатлар, болалар овқати, мева-сабзавотлар ва гигиена воситалари.
Товарлар Исроил Мудофаа вазирлигининг тегишли идоралари томонидан қатъий текширувдан ўтказилгачгина Ғазо секторига киритилади. Бу орқали ҲАМАС радикал исломий ҳаракатининг ёрдамни ташиш ва тақсимлаш жараёнида иштирок этишининг олди олиниши мақсад қилинган.
Бундан ташқари, товарлар учун тўловлар фақат банк ўтказмалари орқали ва Исроил томонининг назорати остида амалга оширилади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазода қурбонлар сони 60 минг нафардан ошгани ҳақида хабар берган эдик.