“Маҳалла банкирлари”нинг касбий кўникмалари оширилмоқда

07.08.2025 11:24

Cўнгги йилларда республика тижорат банклари фаолияти маҳаллагача туширилгани ўз натижасини бермоқда. Хусусан, ўтган йилнинг 16 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокамасига доир ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган таклиф асосида “Маҳалла банкирлари” фаолияти йўлга қўйилгани “маҳаллабай” ишлаш тизимида янги босқични бошлаб берди. 

Ҳозирда “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик-тижорат банкига республика бўйича бириктирилган 653 та маҳаллада 232 нафар маҳалла банкири ва 653 нафар ёрдамчи агент иш олиб бормоқда. 

Улар аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, мавжуд корхоналар салоҳиятини кенгайтириш ва маҳаллада қўшимча имкониятларни яратиш борасида фаоллик кўрсатмоқда.  

Шу кунларда банк томонидан “Маҳалла банкирлари” ва ёрдамчи агентларнинг ишчанлик салоҳиятини ошириш, уларда очиқ ва самарали коммуникация кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ҳудудларда семинар-тренинглар ўтказиляпти. 

Мазкур тадбирлар давомида иштирокчиларда жамоада ишлаш, ягона мақсад атрофида бирлашиш, муаммоли вазиятларга тўғри ёндашув, ўзига ишончни мустаҳкамлашга қаратилган амалий машғулотлар ташкил қилинмоқда. 

 

 

Шунингдек, семинар-тренинглар доирасида банкнинг “Менинг бизнесим” ва “Менинг буюртмам” мобил иловалари орқали аҳоли бандлигини оширишнинг инновацион ечимлари бўйича муҳокамалар ҳам бўлиб ўтмоқда.  

Тадбирларда Марказий банк вакиллари иштирок этиб аҳоли ғояларини лойиҳаларга айлантириш, креатив ташаббусларни амалиётга жорий этиш юзасидан тавсиялар бермоқда. 

Айни вақтгача бундай семинар-тренинглар Қўқон, Фарғона, Урганч шаҳарларида ва Янгийўл туманида ўтказилди. Тадбирлар якунида фаол иштирок этган маҳалла банкирлари ва ёрдамчи агентларга диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилмоқда. 

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бу каби тадбирлар орқали  ходимларнинг касбий ривожланишига эришиш билан бир қаторда мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишни ҳам кўзламоқда. 

Бу туркумдаги тадбирлар жорий йилнинг декабрь ойига қадар республиканинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган. 

Банк ахборот хизмати 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар