Кеча, 6 январь куни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида, бугун Миллий матбуот марказида журналист Карим Баҳриев таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Университет ректори профессор Шерзодхон Қудратхўжа ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров раҳбарлик қилган тадбирларда профессор ўқитувчилар ҳамда кўплаб журналистлар машҳур сиёсий журналист, кўплаб асарлар муаллифи ва таржимон Карим Баҳриевга алоқадор хотиралари билан бўлишди.
Масалан, "Олтин мерос" хайрия жамғармасининг раиси, шоир, журналист Амирқул Каримов 39 йилдан буён таниш эканликларини, учрашувлари 1983 йилда, Москва ва Ленинград Давлат университетига кетаётганларида самолётда юз бергани ҳақида, 17 йилки, тақдир тақозоси билан ёнма-ён кабинетларда ишлашлари, Карим Баҳриев нима иш қилса шуни тўғри деб билишлари ва амал қилишлари ҳақида сўзлади.
Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, профессор Турсунали Қўзиев ижодда шахс принциплари масаласи муҳимлигига эътибор қаратиб, халқ муҳаббатига бу қадар сазовор бўлиш қийин эканлиги ҳақида сўз юритиб, моҳир рассом томонидан мойбўёқда ишланган К.Баҳриевнинг суратини совға қилди.
80-йилларнинг охири – 90-йилларнинг бошида миллионлаб тиражда чиққан машҳур "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасининг Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев "Ой бориб, омон қайтмаган болам" мақоласининг босилиш тарихи, Қўқон воқеалари, нашриёт директори Ислом Шоғуломовнинг ҳар ҳафта газета босилишидан аввал, чақириб "Илтимос, газетани 100 минг дона камроқ босинглар, бир вагон қоғоз кетяпти" деб илтимос қилиши, ўткир мақолалар ортидан ҳукуматнинг юқори кабинетларида мулозимлардан эшитиладиган даккилар ҳақида сўзлаб берди.
Филология фанлари доктори Ҳалим Сайидов ўзи ҳам қачонлардир армия ҳақидаги мақолага ҳавас қилиб, шундай материал тайёрлагани, юрак-бағри қон бўлганию, охир-оқибат мақолани чиқарадиган жасур бош муҳаррири топилмаганини ўкинч билан сўзлаб берди.
Ўқитувчилар Акбар Нурматов ва Назира Тошпўлатова ҳам сўзга чиқиб, юбилярнинг машҳур мақолалари, улардаги долзарб мавзулар ҳақида сўзладилар.
Самимий, енгил кулгига бой ва инсоний руҳда ўтган ҳар икки учрашувда ҳам Карим Баҳриевга юбилей тўни кийдирилиб эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда Карим Баҳриев билан биргаликда "Миллий тикланиш" газетаси муҳаррири Дилмурод Қирғизбоев ҳам таваллуд куни муносабати билан табрикланди.
Эслатиб ўтамиз, Rost24.uz сайтида бир муддат аввал “Буюк журналист 60 йиллик юбилей ёшига тўлди, аммо одатдагидек уни ҳеч бир мулозим табрикламади” номли мақола эълон қилинган эди.