ЁХУД Ўзбекистонни чўлга айлантирган амалдорлар хорижнинг баҳаво масканларида дам олишади
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Президент администрацияси, яъни Бош вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлар, ҳоким ва унинг барча ўринбосарлари, Президент маслаҳатчилари 2022 йил 1 январдан 15 январь кунига қадар навбатма навбат барчаси меҳнат таътилига чиқиб, дунёнинг энг сўлим масканларига дам олиш учун кетмоқда.
Расмий хабарларга кўра, ўзбекистонликлар ҳар йили чет элда дам олиш учун 1 миллиард 200 миллион доллар атрофида пул сарфлашмоқда. Бу сумманинг қанчаси амалдорлар ҳисобига тўғри келиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.
Манбаларнинг хабар беришича, амалдорларимиз Анталия, Таиланд, Малдив ороллари, Сочи, Кисловодск, Ялта каби дунёга машҳур хорижнинг сиҳатгоҳларида дам олиши кўзланган.
Ички туризмни ривожлантириш ташаббуси тарғиб қилинаётган бир вақтда амалдорларимизнинг хорижда дам олаётганини тушуниш қийин. Савол туғилади. Ўзбекистон иқлими, табиатини авайлай олмаётган, аксинча, дарахтларнинг шиддатли кесилишини олдини олиш учун махсус қонун ва моддаларни ишлаб чиқолмаган амалдорларнинг ўзлари табиати гўзал давлатларда дам олишида адолат борми?
Гўёки, дарахтсиз қолаётган Ўзбекистон табиати чет мамлакатларга дам олгани чиқа олмаган фуқаролар учун совға сифатида қолдирилгандек. Хорижнинг кўм кўк, сўлим масканларида дам олаётган амалдорлар Ўзбекистоннинг табиати учун жиддий қайғурармикан?
Ўзи умуман барча амалдорларнинг бундай тарзда оммавий дам олишга, ўзга давлатларга чиқишидан мақсад нима?
Қолаверса, коррупциясиз жамият қуришга отланган давлатларда доимо бу каби ҳолатлар, шаффоф тарзда оммага очиқланади. Яъни, қайси амалдор қаерда, қанча пулга дам олаётганидан халқ ҳабардор бўлиши шарт. Халқ солиқлари ҳисобига яшайдиган ҳукумат вакилларининг қандай дам олиши оммага очиқланадиган маълумот бўлиши лозим. Бу коррупцион ҳолатларни чек қўйилишига ҳам ёрдам беради. Аммо, шу вақтгача бирон бир матбуот котиби бу ҳақида маълумотни бергани йўқ.
Ўйлаймизки, ҳукумат тузулмаси матбуот котиблари ОАВ орқали ўз раҳбарларининг қайси давлатга, нечи кунга дам олишга кетгани, қанча ҳаражат давлат ҳисобидан кетаётгани борасидаги аслида халқ билиши керак бўлган маълумотларни очиқлайди.