Kun.uz журналистлари танлаган "Энг ёмон ва энг фаол вазир"лар ким?

28.12.2021 13:49

Kun.uz сайти журналисти Илёс Сафаров "Йил танлови –2021" номинациялари бўйича ўз фикрини билдирди.

"Энг яхши вазирлик", "Йил давомида яхши ишламаган вазирлик", "энг намунали давлат ва жамоат ташкилоти" ва "Йил одами" учун кимлар муносиблиги ҳақида батафсил маълумот берди.

Йил якуни ва сарҳисоби барча соҳаларда ўз номзодларини кўрсатиб, яхши ишлаган шахс ва ташкилотлар эътироф этиляпти. Rost24.uz сайтида ҳам ҳар йилги анъанавий "Йил танлови-2021" журналист ва блогерлар эътирофи ила ахборот воситаларида энг фаол, шаффофликни намоён қилган, халқ билан ишлашда самарали натижа кўрсатган вазирлик, давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида танлов ўтказмоқда.

Ушбу танловнинг натижалари янги йилда эълон қилинади. Эълон қилинишидан олдин, биз, турли инсонлардан бу бўйича ўз фикрларини сўрадик. Биринчи суҳбатдошимиз Kun.uz журналисти Илёс Сафаров.

Илёс Сафаров ўзи билан бевосита ишлаган ва фаолият юритган вазирлик ва ташкилотлар бўйича ўз фикрларини айтиб ўтди.

Kun.uz журналисти Илёс Сафаров:

1. 2021 йилнинг "Энг яхши вазири" – Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, собиқ Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков. Буларнинг ҳаммаси журналист кўзи билан қараганда, дея таъкидлаб ўтди Илёс Сафаров.

2. 2021 йилда "Яхши ишламаган вазирлик" – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.

"Маҳалла вазирлиги билан ишлаш қийин кечди. Саволларимизга жавоб бермаган ҳолатлари бўлди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳам ишлаш бирмунча қийин бўлди. Гарчи вазир яхши ишласада, матбуот хизмати билан иш қийин. Аввалги матбуот хизмати Фарҳод ака Бабашев билан алоқалар яхши эди, лекин янги келган матбуот котиби билан, шахсан, менинг муносабатим яхши эмас. Таҳририятимиз ҳам ишлашда қийналади. Кейинчалик бошқа таҳририятлардан ҳам бу бўйича танқидлар эшитдик. Шу 2 та вазирлик билан бироз фаолиятимиз қийин кечди", – дея айтиб ўтди журналист И.Сафаров.

3. 2021 йилнинг "Энг намунали давлат ва жамоат ташкилоти" – "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси".

"Kun.uz сайтида 10 дан ортиқ давлат ташкилотлари билан ишлайман, асосан ижтимоий йўналишда. Бу йил жуда фаол ишлади бу қўмита, ҳар бир саволимизга қисқа вақтда жавоб берди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси энг фаол ишлаган қўмита дея оламан. Энг қизиғи, мана шу фаолиятни матбуот котиби эмас, ўша қўмитада ишлайдиган Севара опа деган опамиз бор, фамилиялари ҳозир эсимда йўқ (деб кулиб қўйдилар). Бу опа билан ишлаш жараёнида жудаям яхши таассуротлар олдим ташкилот ишига нисбатан. Тўғри, жуда кўп танқид қиламиз, камчиликлари бор. Журналистлар камчиликларини олиб чиққандан кейин, қўмита раиси ишдан олинди. Лекин бари бир ушбу қўмита жуда фаол ишлади"

4. Йил одами – Римнинг "Roma" клуби футболчиси Элдор Шомуродов.

"Ҳамма соҳани қараб чиқиш керак. Тиббиётда нима бўлди? Сенаторларимиз ҳеч нарсани қойиллатиб қўйгани йўқ. Монополияни аввалги раҳбари яхши ишлади, олдинга бора олди. Спорт соҳасида 3 та олимпиада чемпионини кўрдик. Ўзбекистонни танитишда катта иш қилишди. Илм соҳасида жуда катта "Вауу" деган нарсани кўрмадим. Ўйлашимча, ҳозир Римнинг "Roma" клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Ўзбекистонда футболга бўлган қизиқишни оширди. Элдор Шомуродовни "Йил одами" деса бўлади", – деб журналист фикрини якунлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар