Шавкат Мирзиёев очаётган завод орқали Ўзбекистон ақлбовар қилмас иқтисодий юксалишга эришиш мумкин

25.12.2021 11:07

"Uzbekistan GTL" заводи учун фойдаланилган металл конструкцияларидан 4 та "Eyfel" минораси қуриш мумкин.

Қиймати 3,6 миллиард доллар бўлган ушбу мажмуа минтақадаги энг йирик инвестицион лойиҳа ҳисобланмоқда.

Бу каби улкан қувватларни ишга тушириш орқали қисқа фурсат ичида ақлбовар қилмас иқтисодий юксалишга эришиш мумкин".

Ўзбекистон учун бу заводнинг самарали қиймати қанчалик катта? Ушбу завод ҳақида батафсил маълумот берамиз.

***

Жаҳон энергетика тармоғидаги энг йирик лойиҳалардан бирига Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “Шўртан газ-кимё комплексининг тозаланган метан негизида суюқ синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан старт берилган эди.

Қашқардарёда қурилган "Uzbekistan GTL" заводи табиий газни чуқур қайта ишлаш имкониятларини кенгайтирадиган, углеводородлар импортини кескин камайтиради. Ушбу мажмуанинг қурилиши якунланди. Бу ерда энг замонавий маркадаги авиакеросин, дизел ёнилғиси, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

Бу гигант лойиҳанинг Ўзбекистон аҳолиси учун қанчалик фойдаси бор?

Халқаро консултант бу бўйича ўз фикрларини ҳам айтиб ўтган. Сараванан Сувермани уч йилдан буён мазкур қурилишда иштирок этмоқда.

"Қашқадарёда бунёд бўлаётган саноат мажмуаси дунёдаги GTL лойиҳалари ичида энг улкани. Мамлакат раҳбарияти лойиҳани ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор қаратиб келяпти. Бизни қўллаб-қувватлаб, юзага келадиган ҳар қандай масала ва муаммони ҳал этиб беряпти. Чунки бу мамлакат учун улкан иқтисодий истиқболларни белгилайдиган йирик қувват. Завод ишга тушгач, саноат ва қишлоқ хўжалиги учун зарур барча ёқилғи турлари ишлаб чиқарилади. Табиийки, мамлакатнинг иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Бу каби улкан қувватларни ишга тушириш орқали қисқа фурсат ичида ақлбовар қилмас иқтисодий юксалишга эришиш мумкин".

Хўш, нима учун “Uzbekistan GTL” заводини саноат гиганти сифатида таърифлаяпмиз? Биргина қиёс. Қатарда GTL технологияси асосида фаолият кўрсатувчи заводда бир йилда 1 миллион 200 минг тонна суюқ синтетик ёнилғи ишлаб чиқарилади. Нигериядаги GTL заводи 1 миллион 300 минг тонна шундай ёнилғи ишлаб чиқариш қувватига эга. “Uzbekistan GTL” ишга тушгач, бу кўрсаткич 1,5 миллион тонна бўлади.

Ўзбекистон бозори учун янги, шу билан бирга, юқори сифатли нефть маҳсулотлари —  724,6 минг тонна дизель ёнилғиси, 437,3 минг тонна нафта, 307,3 минг тонна авиакеросин, қолаверса, 53,4 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Бу —  йилига нефть хомашёси импорти учун сарфланаётган 1 миллиард долларгача валюта иқтисод қилинади, дегани.

— Лойиҳада нефть ҳамда табиий газни қайта ишлаш заводлари уйғунлашган, — дейди “Uzbekistan GTL” компанияси бўлим бошлиғи Носир Зокиржонов. — Яъни заводнинг ярми газни, қолган қисми нефтни қайта ишлайди. Лойиҳанинг ноёблиги шунда.

Мегалойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати, унинг жаҳон бозорида энг арзон ҳисобланган метан газини қимматбаҳо нефт маҳсулотига айлантириш имкониятидадир. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, GTL технологияси асосида қайта ишланган углеводород хомашёсининг қиймати камида 2 баробар ошади. Лойиҳа чин маънода гигант. Мажмуага жаҳоннинг энг олди технологияларига асосланган замонавий ускуналар ўрнатилган. Ҳисоб-китоб қилинса, ушбу ускуналар оғирлиги 40 000 тоннадан ошиб кетади. Тасаввур қилиш учун айтиш керакки, мана шундай оғирликдаги металл конструкцияларга Франциядаги машҳур "Eyfel" минорасидан 4 та қуриш мумкин.

GTL заводини қуришда 24 та давлатдаги 129 та корхонада ишлаб чиқариладиган энг замонавий технологик ускуналардан фойданилган.

Гигант ва ноёб дея таърифланаётган заводда ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотларининг сифати қандай бўлади?

Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда нефть маҳсулотларига “евро 5” стандарти талаб этилади. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, “Ўзбекистан ГТЛ” заводида тайёрланадиган нефть маҳсулотлари ҳатто “евро 6” мезонларига ҳам тўла жавоб беради.

"Sasol" компанияси вакили Ёхан Дегенаар қуйидаги фикрларни айтмоқда:

“Бундай йирик лойиҳа қурилиши тарихда илк маротаба кузатилди. Завод кунига 37 минг баррел суюқ ёқилғи ишлаб чиқаради. Шу тарзда Ўзбекистон дунё миқёсида мазкур йўналишдаги етакчи давлатга айланади”.

Сўз ўрнида шуни таъкидлаб ўтамиз, "Uzbekistan GTL” мамлакатимиз нефт-газ тармоғида янги даврни бошлаб беради. Бу стратегик лойиҳа билан мамлакатимиз энергетика тарихида илк бор юқори сифатли синтетик ёнилғи ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Агар буни пулга чақсак, гигант заводда йилига 7,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Ушбу заводнинг иш фаолияти бардавом бўлишига тилакдошмиз. Чунки бу лойиҳа бутун Халқаро ҳамжамиятда ягона ва стратегик аҳамиятга эга.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
28.12.2021 19:40
Bilmadimu menimcha biz oddiy halqqa hech narsa ozgarmasa kerak. Sovet davrida olis qishloqlarga gaz etib normagan edi. Hozir ham etib bormayabdi. Lekin hozir tuman hokimlari qimmat avtomobillarda yurishadi. Maktab bolalari esa maktabga eshshakda qatnashadi. Hosh ulardan katta bolsa kim chiqadi.
28.12.2021 14:18
Ishqilib Andijon insulin zavodi kuni boshiga tushmasinda
26.12.2021 00:42
ШУ ИШГА ТУШАЕТГАН ЗАВОД ИШГА ТУШИБ МАМЛАКАТИМИЗ ИКТИСОДИЯТИ РИВОЖЛАНСИН! КУРАМИЗ ,КУЗАТАМИЗ БАЛКИМ БЕНЗИН НАРХИ ХАМ ТУШИБ КОЛАР.