Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ва адлия вазирлигининг функциялари кўп жойларда бир-бирини такрорлайди.
Президентнинг “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига кўра, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида ислоҳотлар амалга оширила бошланди.
Маълумки, аксарият ривожланган давлатларда махсус прокуратура органи мавжуд эмас. Прокуратура тизими асосан МДҲ давлатларида сақланиб қолмоқда.
Хусусан, юридик фанлар доктори, доцент Жўрабек Неъматов прокуратура ва адлия тизимининг функционал вазифаси ўхшаш бўлгани учун уларни бирлаштириб, Адлия вазирлигини қайта ташкил этиш кераклигини билдирган эди. Шунингдек, мутахассис Адлия вазирлигидан нотариат, адвокатурани бошқаришга оид функцияларни олиб ташлашни таклиф этган.
Тўғри, Адлия вазирлиги ҳар қайси мутахассис фикрига амал қилишга мажбур эмас, аммо “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармони билан белгилаб берилган маъмурий адлия тизимини такомиллаштириш сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлмаганини эслатишни истардик.
Rost24.uz мухбири Давлат бошқарув тизими оптималлаштириш жараёнида прокуратура тизимини тугатиш ёки адлия вазирлигига қўшиб юбориш қанчалар ўринли, деган савол билан адлия вазири Русланбек Давлетовга юзланди.
– Биринчидан, бу бутун дунёда эмас, айрим жойларда шундай. Иккинчидан, бу иккита орган орасида параллелизм ва функцияларнинг қайтарилиши минимал даражада. Қонун устуворлигининг назорати Конституциянинг 118-моддасида Прокуратура органларига берилган. ТАМОМ.
Бу ерда бошқа адлия тизими, асосан, қонунчилик ҳужжатлари билан ишлайди, қўллаш амалиётини таҳлил қилади, самарадорлигини аниқлайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича ва айрим йўналишлар бўйича, бизда, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи функцияларимиз бор. Бу дегани, прокуратура билан биз параллелизм бўляпти, деган хулосага келмаслигимиз керак. Иккита тузилмани ҳам ўзини олдига қўйган мақсади ҳам катта, вазифалари ҳам жуда кўп. Жамиятимизда жуда қийналаётган соҳалари кўп.
Менинг агар фикримни оладиган бўлсангиз, тўлиқ қонун устуворлигини устидан назорат қилишни прокуратура қилиши керак. Бошқа МДҲ давлатларини қарайдиган бўлсак, бу давлатларда адлия тизимида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи функциялари йўқ. Россия адлиясида ҳам Беларусь адлиясида ҳам йўқ. Бу ишларни прокуратура амалга оширади. Бизда энди, мана шу 2005 йиллардан бошланган. Биринчи инсон ҳуқуқлари бўйича, кейин тадбиркорлик бўйича, мана шунақа озгина параллелизм бўлиши мумкин, лекин бу ҳеч қанақа ривожланишга ҳам, ҳеч қанақа бир-биримизга ғов бўлишга ҳам таъсир қилмайди. Прокуратура келиб бизни текширади. Уларнинг назорат бўйича ҳуқуқи бор. Қонун устуворлигини таъминловчи орган, – дейди вазир Русланбек Давлетов.
Адлия вазирлиги давлат бошқарув тизимини оптималлаштириш жараёнида фаол иштирок этиши зарур бўлган орган ҳисобланади. Аммо, адлия раҳбари прокуратура назорати ҳатто унинг вазирлигига ҳам керак эканини маълум қилмоқда. Вазирликлар ва улар устидан яна назорат қилувчи органларнинг бўлиши қанчалар тўғри?
Эслатиб ўтамиз, яқиндагина адлия вазири Русланбек Давлетовнинг ўзи “Давлат органи дегани бу – бюрократия, дегани. Бу қўшимча ваколат, қўшимча бошқарув функцияси, дегани. Шунинг учун бу борада биз ўша ботиб кетган қўлларимизни қайтариб олишимиз керак! Бу бюрократия натижасида коррупция, мана шу қўллардаги негатив факторларни йўқотишимиз керак”, дея куюниб гапирган эди.