Савдо маркази портлашига сабаб, унинг қурилиш ва шаҳарсозлик нормаларига амал қилмаган ҳолда газ қувурининг устига қурилиши бўлганлиги айтилди.
Денов шаҳар газ бўлими бошлиғи ва Ҳудудгаз Сурхондарё газ таъминотининг 2 нафар ходимига "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилди.
Сурхондарё вилояти, Денов туманида 7 декабрь куни портлаб кетган "Инденим" савдо маркази, қурилиш нормалари бузилган ҳолда, газ қувурининг устига қурилгани сабабли бахтсиз ҳодиса юз берган. Бу ҳақида ҳокимлик ахборот хизмати маълум қилди.
Денов тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлисда "Hududgaz Surxondaryo" газ таъминоти филиали директори М.Мансуров ушбу ҳолат бўйича изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 2013 йилда қурилган савдо мажмуаси, Денов тумани ҳокимлиги қозонхонасини газ билан таъминлайдиган ерости ўрта босимли газ қувури устида қурилгани. Ваҳоланки, амалдаги қурилиш нормалари ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ, ҳар қандай бино ва иншоот пойдевори газ қувури орасида 4 метр масофа бўлиши керак, дейилган хабарда.
"Инденим" савдо мажмуаси газ қувурининг айнан устида қурилгани сабабли ер остидаги коммуникациялар созлигини текшириш имкони ҳам бўлмаган. Бино остида ҳосил бўлган дайди токлар металл қувурларнинг ташқи коррозиясига ва газ қувурида нуқсонлар пайдо бўлишига олиб келган. Бу эса ўз навбатида газ сизиб чиқишига ва газ-ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлган", - дейилади хабарда.
Шундан сўнг Сурхондарё ҳокими туманда аниқланган яна 25 та ана шундай қоидабузарликлар билан қурилган бино ва иншоотларни газ таъминотидан узиш ҳақида топшириқ берди. Вилоятдаги барча ижтимоий соҳа объектларини инвентаризация қилиш, қоидабузарликлар аниқланганда уларни ҳам газ тармоғидан узиш вазифасини қўйди.
Деновдаги савдо мажмуасида юзага келган чақнаш ҳодисаси бўйича тергов қилинаётган жиноят иши доирасида 15 декабрь куни Денов шаҳар газ бўлими бошлиғи, Ҳудудгаз Сурхондарё газтаъминотининг 2 нафар ходимлари жами 3 нафар шахсга Жиноят кодексининг 116, 214-моддалари билан айб эълон қилиниб, "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.