Бозорлар атрофи тозаланди. Атрофига қўшиб пойтахт учун катта аҳамиятга эга Қўйлиқ деҳқон бозорини ҳам “тозалашмоқда”ми?
Президентнинг танбеҳидан манфаатли мақсадлари йўлида фойдаланувчилар бу сафар ҳам унумли фойдаланишди.
Икки қоп ҳосилини сотмоқчи бўлган камбағал Янги Қўйлиқ деҳқон бозорига 103,5 миллион сўм олдиндан тўлов қилиши керак экан.
Rost24.uz ахборот сайти замонавий ва гавжум бозорларимиз атрофидаги жойлар харобага айланиб бораётганлиги ҳақида бир неча маротаба чиқиш қилган эди.
Бозорлар атрофида рўй бераётган бундай ўзбошимчаликлар ва “солиқчи”ларга Президентимиз ҳам жиддий эътироз билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида пойтахтда жиноятчилик ҳолатлари ошгани ҳақида гапириб, шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда шаҳар прокурорининг фаолиятини танқид остига олган.
Орадан бироз ўтиб Пойтахтимиз бозорлари атрофидаги "бардак"ларни оммавий тозалаш бошланди.
Асосан халқ тилида "Ипподром" деб аталувчи бозорлар мажмуаси, Чорсу ва Қўйлиқ бозорларининг атрофи тартибга келтирилди.
АММО...
Президентнинг ўзгаларга берган танбеҳидан манфаатли мақсадлари йўлида фойдаланиб қоладиганлар бу сафар ҳам унумли фойдаланишди.
Бозорлар атрофини тозалаш фонида Қўйлиқ деҳқон бозорини ҳам кўчириш ҳаракатлари бошлаб юборилди.
Кўпгина аҳолининг оғир кунига яраб келаётган бозорни йўқ қилиб минглаб одамларни амалдорлар қурган жойга мажбурлаб олиб бориш феодализмнинг кўриниш эмасми?
Тўғри, пойтахт биқинидаги бозор бир қанча ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Жумладан кундан-кунга кўпайиб бораётган машиналар учун тирбандликлар ҳосил бўлмоқда.
Аммо Қўйлиқ деҳқон бозорининг ўз мақсади, янада аниқроқ қилиб айтганда, ўз фалсафаси бор.
Бундай бозорлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бозорлар зарурат ва шароитга қараб жамият учун энг қулай ва маъқул жойда вужудга келади.
Шу жиҳатларини олганда Қўйлиқ деҳқон бозорининг одамлар учун ўз заруратлари бор.
Қўйлиқ деҳқон бозори аслида бир парча ерига экиб олган ҳосилини сотиб тирикчилик қилувчилар учун мўлжалланган бозор эди. Бундай ҳаммага аниқ ва равшан мақсадини бутун Ўзбекистонга унуттириш учун одамда чек-чегарасиз ваколат бўлиши керак.
Бир ўйлаб кўрайлик, икки қоп ҳосилини сотмоқчи бўлган одам Янги Foodcity бозорининг ҳисобига олдиндан 100 миллион сўм қўйиб, яна 3,5 миллион сўм ижара тўлаш керак экан.
Ёки бу камбағалликни таг-туби билан йўқотишнинг бир усулимикин?
Ҳадсиз ваколатни қўлга киритган амалдорларимиз “соққа” илинжида оддий мантиқни ҳам оёқ ости қилиб ташламоқда.
Амалдорларимизнинг энг замонавий ва энг жозибали бозорлар қуриши таҳсинга сазовордир балки. Аммо қураётган бозорларнинг мақсад ва вазифаси билан ҳисоблашмоғи лозим. Қўйлиқ деҳқон бозорида аксарият савдо қилаётганларнинг мақсади бойиш эмас, аслида ТИРИКЧИЛИК.
Бозорга уч қоп ҳосилини йиғиб борган деҳқоннинг чўнтагида 100 миллион сўми бўлганда қоп кўтариб юрмас эди.
Янги қурилган Foodcity бозорининг феодализмга хос қонун-қоидаларини таҳлил қилиб кўрилса, деҳқонга шарт-шароит яратиш эмас, аксинча, деҳқонни талон-тарож қилувчилар маконига ўхшамоқда.
Қўйлиқ деҳқон бозорини янги жойга кўчириш “ислоҳоти” пойтахтда озиқ-овқат нархининг кескин кўтарилиб кетишига хизмат қилади.