Ҳукумат коммисияси сафарбар этилган ходиса тақдири нима бўлади?
Асл воқеа қандай бўлган?
Мазкур ҳолат бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Бироқ ФВВ матбуот хизматининг эса бундан хабари йўқ.
7 декабрь куни соат 03:57да Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган 2 қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида содир бўлган портлаш ва ёнғин оқибатида 2 нафар инсон ҳалок бўлгани айтилган эди. Портлаш натижасида савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушган ва ёнғин чиққан.
Расмий маълумотларга кўра, 9 нафар фуқаро тан жароҳати олган, улар шаҳар шифохонасига ётқизилган, улардан бир нафарининг аҳволи ҳамон оғирлигича қолаётгани айтилган.
Ҳодиса жойига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси сафарбар этилган.
Ҳукумат комиссияси таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идора вакиллари киритилган.
Маҳаллий аҳоли маълумотига кўра, бу бино илгари “Юбилейний” савдо маркази бўлиб, аслида у собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақуловнинг қудаси “Эркин холодилник” лақаби билан машҳур бўлган Эркин Норқобиловга тегишли бўлган.
Нодир Тўрақулов қамалганидан кейин унинг қудаси ҳам жиноий жавобгарликка тортилган. Бино эса зарарни қоплаш учун Давлат активлари балансига ўтказилган.
2018-2019 йилларда илгари Эркин Норқобиловнинг қўлида ҳисобчи бўлиб ишлаган Улуғбек Хуррамов ушбу бинони ижара асосида ишлатиб келган. Сўнг бинони "Инденим" савдо маркази учун олишга ҳаракатлар бошланади, жой аукционда сотувга эмас, ижарага чиқади. Бир йиллик ижара нархи аукционда 30 миллиард сўмга чиқиб кетади. Кейинчалик эса бино Давлат активларини бошқариш агентлигидан Сурхондарё вилоят ҳокимияти балансига ўтади.
Daryo.uz сайти маълумотига кўра, 7 декабрь куни юз берган портлашда жароҳат олганлар ҳеч қандай газ ҳидини сезишмаган. ФВВ ҳам газдан заҳарланганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Суратларга кўра портлаш ҳудуди жуда катта, ён-атрофдаги биноларга ҳам зарар етган.
Ижтимоий тармоқларнинг айрим саҳифаларида бу портлашга жой талашаётган икки гуруҳнинг ўзаро низолари сабаб бўлди, деган маълумотлар ҳам тарқалди. Гуруҳларнинг ўзаро низосидан вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг ҳам хабари борлиги айтилади.
Ушбу воқеа юзасидан Сурхондарё вилоятида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, маҳаллий ОАВ ходимлари ва блогерлар иштирок этди. Анжуманда атрофлича воқеа ҳақида маълумотлар берилган.
"Икки қаватли «Инденим» савдо мажмуасида юз берган чақнаш оқибатида бинонинг деворлари қулаб тушган", – деди вилоят раҳбари. – Шунингдек, 65 та тадбиркорлик субъекти биноси ва хонадонга енгил зарар етган. Деразалар ойналари синган. Олтита хонадон деворларида ёриқлар пайдо бўлган. Лекин ижтимоий тармоқларда Мустақиллик ва Шароф Рашидов кўчаларини кенгайтирган ҳолда ободонлаштириш учун бузилаётган уй-жойлар сурати жойлаштирилиб, мазкур ҳодисага боғланган изоҳларни ҳам кўраяпмиз. Бу ҳақиқатга зид бўлиб, биргина Шароф Рашидов номли кўчада бузилишга тушган иморатлар учун 27,5 миллиард сўм маблағ тўлаб берилган. Айни пайтда бу фуқаролар мулкларини ўзлари бузиб олмоқда. Бундай нохолис маълумотларни ижтимоий тармоққа жойлаштириб, халқни чалғитмаслик керак. Зарар кўрганларнинг вақтинча яшаши учун 24 та хонадон ҳозирланди. Хонадони таъмирлангунича кўчишиб туриши лозим, деб топилган етти оила кўчирилди. Уларнинг яшаши учун ижара ҳақини туман ҳокимлиги тўлаб беради".
Матбуот анжумани оҳирида ҳолат юзасидан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилгани айтиб ўтилди. Тажрибали экспертлар гуруҳи иш олиб бормоқда.
Rost24.uz сайти матбуот анжумани бўлишидан олдин ФВВ матбуот хизмати билан боғланганда, улар анжуман бўлишидан бехабар эканлигини айтишди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси таркибига киритилган вазирлик барча тафсилот ва бўладиган матбуот анжуманидан хабардор бўлиши керак эмасми, аслида?
*****
Мавзуга оид мақола: