Тошкент шаҳар прокурори ва ИИББ бошлиғи жиноятчиликнинг ҳақиқий “ўчоғи”га борди?

06.12.2021 13:13

Пойтахтнинг икки сектор раҳбари ҳақиқий муаммолар маконига бориб ўрганишди. 

4 декабрь куни Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов ва ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатов Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш учун жиноятчилик ўчоғига айланган жойларга боришди.

Пойтахтнинг икки сектор раҳбари “Қўйлиқ деҳқон бозори” АЖ, “Компасс” савдо мажмуаси ва “Ипподром” деб аталувчи савдо мажмуалари атрофига бориб ҳудудларнинг жиноятчилик ўчоғини ўрганишган.

Rost24.uz сайти ушбу бозорлар атрофидаги жойлардан “доля” ундирувчилар муаммосини бир неча бор кўтариб чиққан эди.

Тошкент бозорлари атрофидаги тартибсизликлар”, “ОГОҲЛИК ҚЎНҒИРОҒИ: Бозорлар бошқаруви давлатдан "кўча" қўлига ўтиб кетмоқда сарлавҳалари билан танқидий мақолалар эълон қилинган.

Унда “Президент топшириғи ҳам бажарилмайдиган даврлар бошландими?”, “Биргина бозор атрофидан ҳар ой тушаётган 90 минг АҚШ доллари қайга кетмоқда?” каби саволлар ҳам ўртага ташланиб, асл жиноят ўчоқлари ҳақида огоҳлантириш сигналлари берилган эди.

Мақолаларда аҳоли гавжум бозорлар атрофидаги катта йўл атрофлари ноқонуний сотувчилар эгаллаб олингани айтилган. Ҳаттоки, қўлбола чодирлар қуриб олгани ҳам кўрсатилган эди. Сотувчилар “бизга бу ерни беришган” деган иддоаларни ҳам қилишган. Ушбу муаммоларга масъул шахслардан “ёймачи”лар тепасида турган ташкилотчиларни бартараф этишни бир неча бор сайтимиз орқали сўраган эдик.

Гувоҳи бўлганингиздек, Тошкент шаҳар прокурори ва ИИББ бошлиғи асл муаммонинг маконларини кўздан кечиришган. 

Умид қиламизки, Президент топшириқлари амалда ҳам бажарилиб бозорлар атрофидаги "доля"чилар бартараф этилади.

Бу бозорлар атрофидаги муаммо ҳақиқатдан ҳам раҳбарларни чўчитадиган даражада катта. Аммо буни ҳозирданоқ бартараф этмаса, вақт ўтган сари йириклашиб боравериши аниқ.

Болтани муаммонинг шохларига эмас, асл илдизига уриш лозим…

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар