Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликларидан бирида ишловчи мансабдор шахс Навоий вилоятида рўйхатдан ўтган МЧЖга Тошкент шаҳри ҳудудидан 16 сотих ер майдонини расмийлаштириб Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли қарорини чиқартириб бериш эвазига тадбиркордан ҳар бир сотих ер учун 22 минг АҚШ долларидан жами 352 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ходимларининг Департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида ушбу шахс сўралган пулдан 35 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тошкент вилояти. ДХХ ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган бошқа бир тезкор тадбири давомида Тошкент вилоятидаги шаҳар хокимликларидан бирида масъул лавозимда ишловчи шахс маҳаллий фуқарога шаҳар ҳудудидан 15 сотих ер майдони олишида ёрдам бериш эвазига, ундан 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, сўралган пулнинг 4,5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур шахс дастлабки ҳужжатларни тайёрлаш учун муқаддам 5,5 минг доллар олганлиги ҳам маълум бўлди.
Тошкент вилоятида қайд этилган яна бир ҳолатда эса муқаддам 4 маротаба судланган шахс Бўстонлиқ тумани Ҳожикент қишлоғидаги 1 гектар ер майдонини туман ҳокимлигидаги танишлари орқали маҳаллий фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 160 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 80 минг долларини олган вақтида ушланди.
Ушбу 1 гектар ер майдони 80 минг долларни олиш учун фирибгар шахс билан бирга келган, унинг икки нафар қариндоши номига 2007 йилда деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун расмийлаштириб берилганлиги аниқланди.
Самарқанд вилояти. ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Самарқанд вилояти Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Ургут туман филиалининг мутахассиси туманнинг “Сариқтепа” массиви ҳудудида жойлашган 15 сотих ташландиқ ер майдонига эгалик ҳуқуқини берувчи туман ҳокимининг қарорини чиқартириб, тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 2000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги сув истеъмолчилари уюшмаларидан бирининг раиси боғдорчиликка мўлжалланган ер майдонларини полиз экинлари экишга бериш орқали шахсий моддий манфаатдор бўлиш мақсадида ваколатини суиистеъмол қилиб, маҳаллий фермер хўжалигининг 4 гектар ер майдонини Гулистон шаҳрида яшовчи фуқарога ажратиб бериш эвазига 20 миллион сўм олган вақтида ДХХ ҳамда Департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармалари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Жиззах вилояти Зарбдор тумани Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими ходими Ш.Рашидов туманида яшовчи фуқарога чорвачилик фермер хўжалиги ташкил этиши учун Зарбдор тумани ҳудудидан 40 гектар ер майдони расмийлаштириб олишига ёрдам беришини айтиб, хизмати эвазига 2000 АҚШ доллари талаб қилган.
Жиззах вилояти. ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида кадастр ходими сўраган пулдан 10 миллион сўмини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ноқонуний ишларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.