Ўзбекистон ёшлари 50 долларга сотиб олаётган «Йилнинг энг яхши ёш олими – 2021» дипломлари аслида сохта экан

25.11.2021 11:16

Барча етакчи расмий ва нодавлат ОАВларда «Йилнинг энг яхши ёш олими – 2021» дипломини олган ўзбекистонлик ёшлар ҳақида мақтовли материаллар эълон қилинган эди. Аммо афсуски, 50 доллар қийматга сотиб олинаётган мукофот ҳақида ҳеч ким бафуржа суриштирув ўтказмаган.

Rost24.uz мухбирлари сохта диплом ўйинларини фош қилди.   

Ўтган икки йилдан бери кўплаб талабалар «Bobek» номли умуммиллий ҳаракат (Қозоғистон) томонидан берилаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг «Энг яхши ёш олими» мақоми, кўкрак нишони ва биринчи даражали дипломларини кўз-кўз қилишаётганини гувоҳи бўляпмиз. 
Ҳатто давлат ва нотавлат ОАВ ҳам бу танловда ғолиб бўлган талабалар ҳақида хабарлар тарқатди. Масалан, Зўр Тв телеканалида бу ҳақида махсус лавҳа кетган бўлса, ЎзА, Кун.уз, Халқ сўзи каби ОАВ да ҳамда Халқ таълим вазирлиги, олий таълим муассасалари сайтларида мақтов маъносидаги материаллар жойланди. Лекин, МДҲнинг «Энг яхши ёш олим»лари ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек кўпайдики, уларни қайси бири аслида энг яхшиси?», деган табиий савол туғилади.

Маълумотларни таҳлил қилсангиз, бир йўналишда қатнашган бир нечта талабаларнинг ҳаммаси «Йилнинг энг яхши ёш олими – 2021» дипломини олишганига гувоҳ бўласиз. Ҳақиқий танловларда одатда бундай бўлмайди ва бир йўналишда бир киши ғолиб бўлади.

Бу «мукофот»ларни тақдим этаётган ташкилот жойлашган манзил Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳри, Алматы тумани, Е-49 кўча, 3/1 уй, 1 подеъзд, 3 этаж, 24 хонадон бўлиб яъни бу манзил турар жой типидаги уй саналади. Ассоциация шаклидаги юридик шахслар бирлашмаси «Бобек» умуммиллий ҳаракати" раҳбари Абиев Еркебулан Муратович бўлиб, ҳозирда 29 ёшда, Москва давлат университети аспиранти. Ташкилот 2018 йил 19 июнда рўйхатдан ўтган.
Энг қизиғи ушбу ташкилот сайтида Таҳрир ҳайъати бўлимида  (http://bobek-kz.com/team) ҳеч кимнинг исми, фамилияси йўқ. Ҳамдўстлик давлатларининг илмий интеграциясини кучайтириб, олимлар, докторантлар, талабаларнинг мақолаларини қабул қилиб кўплаб тўпламлар чоп этганларда таҳрир ҳайъати йўқ. Буни қандай тушуниш мумкин. Демак, пулини берса, хоҳлаган мақолани эълон қилиш ва кўкрак нишони олиш мумкин деган гаплар рост.
Бу илмни бизнесга айлантирганларни эса на бу талабаларни кўкларга кўтариб мақтаётган олий таълим муассасаси ва на вазирлик мутасаддилари суриштирмаган, назоратга олмаган.  
Энг ёмони республика танловларида ёки махсус стипендиялар тайинланишида бу дипломлар ҳам топширилган. Уларни ҳаъйят аъзолари инобатга олмаган деб ким кафолат бера олади?
       
МДҲда «ягона» бўлишнинг нархи қанча?

Танловда иштирок этиш учун тўлов ҳақида маълумотларни ташкилотчиларнинг сайтидан топа олмадик. Бироқ, ушбу танловда қатнашиб, «ғолиб» бўлганлар билан суҳбатлашилганда улар 50-70 АҚШ доллари атрофида пул берганликлари аниқланди. Бу ҳақда Андижон давлат университети тадқиқотчиси, тарихчи Шарофиддин Ҳошимжонов ўз тажрибасида бўлган воқеадан мисол келтирди:
- Аввал Андижон давлат университети ахборот хизматида ишлар эдим. Июнь ойида бир талабамиз МДҲда «Йилнинг энг яхши ёш олими» деб топилгани ҳақида хабар қилишди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилдик. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Кетма-кет шу танловда ғолиб бўлган талабалар ҳақида хабарлар кела бошлади, ҳаммасининг илинжи бир, университет расмий саҳифаларида эълон қилиш керак. Шундан сўнг ўйланиб қолдик ва текширишга қарор қилдик. Билдикки, ўзимизнинг талабаларимиздан бири уларнинг кўпига ўртада туриб ушбу «медал»ни пулга олиб беряпти. Талабалар расмий саҳифаларда ёритилмаслигини эшитгач, танлов ёлғон асосига қурилганини айтиб унга босим ўтказишган.  У ҳар бир номзоддан 65 АҚШ долларидан олиб, 50 АҚШ долларини тўлов учун, ўзига 15 АҚШ долларини хизмат ҳақи учун олиб қолган. 
Яна бир эътиборли жиҳати биргина илмий мақола билан энг яхши ёш олимни аниқлаш мумкинми? Ташкилот сайтидан эса унда иштирок этиш ва ўтказилиш тартиби ҳақида маълумотни ё биз кўрмадик ёки ростдан ҳам улар йўқ. Бундай қалбаки ғолибларни катта-катта расмий ахборот агентликлари, интернет нашрлари текшириб ўтирмай юлдузга айлантиришди, қайсидир вилоят ҳокими қўша-қўша совғалар ҳам берди. Ўзи кимдир бу танловда 2 ёки 3 ўринни оладими? Бундай танловларда аслида бу ўринлар ҳам мақтаса арзигулик иш, лекин негадир бундай ўрин олганлар ҳеч қаерда эълон қилинмади.

Сайтимизга бу маълумотларни очиқлаган Шарофиддин Ҳошимжонов танловда иштирок этганлардан бири билан суҳбатлашган:

Сизни изланувчан талаба сифатида айтишади, илмий тадқиқот иши билан шуғулланишингизни ҳам эшитганман. Улар билан қандай боғландингиз?
Исми сир қолишини илтимос қилган талаба эса бу танловда қатнашишни унга илмий раҳбари тавсия қилганини айтган. 
-  Мақола ёздим, таржима қилдим, плагиатда текширдим. Кейин, ютуқларим тўла папка яъни (пдф. форматда) мақола билан бирга юбордим. Улар 40$ тўласангиз мақола чоп этилган журналнинг аслини юборамиз деб ёзишди. Ўйлаб қолдим четга мақола чиқариш ҳам 350 минг атрофида, кейин ҳа майли, - деб юбордим. 1, 2, 3 ўринни  олиш олмаслигим ноаниқ деди. Кейин, Аллоҳга таваккал қилиб топширдим. Илмий ишим мавзуси ва мақола ҳақиқатда зўр эди, афсусдаман. Мен улар билан электрон почта орқали гаплашганман, тўловни ўзларига банк орқали тўлаганман. Ўртакашлар 55 ёки 60 АҚШ оляпти. Улар почтадан юборишди, омборга бориб олиб келдим. Номи улуғ сурпаси қуруқ экан, мана юрибмиз. Мақоламни кейин ОАК журналига бердим. Оғзим куйди.

Нега ёшлар ўртасида бу танловга қизиқиш жуда кучайиб кетди деб ўйлайсиз?

-  Билмадим, катта-катта сайтлар, ҳатто телевизорда ҳам кўрсатишди буни ғолибларини. Навоий вилоятидамикин ҳоким совға ҳам берди. Бу эса бошқаларнинг пулини сарфлаб бўлса ҳам шунақа шуҳратга эришиш учун ҳаракат қилишига сабаб бўляпти.

Сиз шунақа танлов ғолиби бўлган  университетимизнинг нечта талабасини биласиз? Кимдир сиздан қандай олганингизни сўраганми?

-  Ўҳҳў, анчаку. 11 кишини биламан экан. Деярли ҳамма факултетдан бор. Масалан, Физикадан иккита талаба олган. Исмларини айтаман сизга, лекин чиқарманг мақолангизга. Мен олгандан сўнг, маслаҳат сўрашди кейин айтдим. Пул сизники ундан бирон журналга беринг. Агар медал керак бўлса Ленинскийда 15 минг сўмга беради дедим. Ёзуви билан керак бўлса, шунга беринг.  Лекин мана бизники ҳам уйда сандиқни безаб турибди, - дедим. Мен олганман. Кейин бошқаларга маслаҳат бермаганман. Олишмади.

Хуллас, талаб бўлмаса таклиф бўлмайди. Шундай осон йўл билан, пул тўлаб ёлғон мақом олишдан қайтинг!!!

Сайтимиз билан яқиндан ҳамкорлик учун Андижон давлат университети тадқиқотчиси, тарихчи Шарофиддин Хошимжоновга миннатдорчилик билдирамиз!

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
27
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
05.12.2021 00:19
Бизда хам шунака олган бор биз хам ишонмадик бу нима иш килиб олим буьибди деб
29.11.2021 19:57
Haqiqat yuzaga chiqibdi
28.11.2021 17:05
Bu hali holva, odamlar doktorlik dissertasiyalarini sotib olyapti.
28.11.2021 05:14
Men ham bir necha tanishlarimning shunday mukofot bilan taqdirlanganini koʻrdim. Rosti, ular orasida yaqindagina mendan maqola qanday yozilishini soʻrab yurgan bittasi ham borligini koʻrib hayron qolgandim.
26.11.2021 00:09
Sizlardan iltimos. Maktab o'quvchilari o'rtasida o'tkazilayotgan bo'lmag'ur va vaqtni oluvchi ko'rik-tanlovlar va TADBIRLAR haqida ham materiallar tayyorlang. Iltimos.
25.11.2021 19:26
Axmoq odam "bo'bek" (o'zbekchasiga "go'dak") gapiga ishonadi