Бойсун туман ҳокимлиги Rost24.uz нинг "Бойсун туман ҳокимлиги қонунга хилоф равишда "Trailblazer" харид қилди" мақоласига изоҳ берди:
15 ноябрь куни Rost24.uz ахборот сайти орқали "Бойсун туман ҳокимлиги қонунга хилоф равишда "Trailblazer" харид қилди" сарлавҳаси остида эълон қилинган мақоласи юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Материалда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари тасдиқланган. Унга кўра, Бойсун туман ҳокимлиги сотиб оладиган хизмат автомашинаси энг юқори нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 700 бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги, ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 270 000 сўм эканини ҳисобга олиб, ҳокимлик сотиб олган хизмат автомашинасининг нархи 189 млн. сўмдан юқори бўлмаслиги кераклиги баён қилинган. Шунга кўра, ҳокимлик 258-сонли қарор талабларини бузганлиги кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари тасдиқлаш бўйича қарорининг биринчи иловаси 14 бандида энг юқори нархи, базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан 1000 баравар, двигателнинг энг юқори қуввати 2000 см3 этиб белгиланган. Бундан ташқари қарорининг биринчи иловаси олтинчи хат бошида “.... Бориш қийин бўлган ва тоғли туманлар ҳокимлари учун хизмат автотранспорт воситасини харид қилишда двигателнинг энг юқори қуввати 3000 см3 гача оширилишга рухсат этилади....” деб кўрсатиб ўтилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Бойсун туманининг олис тоғли ҳудудда жойлашганлиги, туман марказидан энг узоқ ҳудудларга бориш камида 70-80 км масофани ташкил қилиши, ушбу ҳудудлар денгиз сатҳидан 1800-2200 метр баландликда жойлашганлиги ва олиб борувчи йўлларнинг географик ноқулай эканлиги ҳисобга олинган ҳолда қарор талабидан келиб чиқиб, "Trailblazer" хизмат автомашинаси сотиб олинганлигини маълум қиламиз.