Урганч шаҳридаги «Хонқа» кўчасида янги қурилган 9 қаватли турар-жой биноси охирига етказилмасдан аҳолига топширилиб юборилган.
Айни шу қурилишни Президентимизнинг Хоразмга ташрифи давомида ҳам давлатимиз раҳбарига кўрсатиб мақташган эди. Ушбу қурилиш истиқболини "Ўзбекистон24" телеканалида ҳам бир неча бор кўрсатилган.
Қурилганига икки йил бўлган ушбу янги бинода кўплаб камчиликлар бўй кўрсата бошлаганлиги боис аҳоли Rost24.uz сайтига мурожаат қилишга мажбур бўлган эди.
Rost24.uz ахборот-таҳлилий сайти жорий йил 26 август куни ушбу масала бўйича “КЎЗБЎЯМАЧИЛИК: Президентни ва аҳолини алдаганлар” номли махсус танқидий кўрсатув ҳам тайёрлади.
Танқидий чиқишдан бир кун ўтиб Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли ташкилотлар биргаликда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Бу ишлар натижаси бўйича кейинчалик батафсил маълумот берилиши ҳам айтиб ўтилган эди.
Орадан икки ой ўтиб Урганч шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бинодаги барча камчиликлар бартараф этилганини маълум қилди.
"Биноларнинг лифти ишга туширилди, канализация тармоқлари сув оқава тизимига уланди, "насос станцияси" қурилди, кузатув камералари қўйилди, болалар ўйингоҳ майдончалари ва дам олиш ўринлари кўпайтирилди, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди ва чиқиндиларни ташлаш жиҳозлари қўйилди", – дейилади Урганч шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.