Президент кириб кўрган хонадон эса шу кўпқаватли уйни қурган қурувчининг ўзиники экан
Мамлакат раҳбари ташриф буюрган кўпқаватли уй бугун абгор аҳволда қолмоқда.
Бунёдкорликларни ОАВ ёритади, Президент уни қурганларга ишонч билдиради, халқ эса хурсанд бўлади. Аммо айрим ҳолларда ана шу ишонч ўлади, “Мендан кетгунча, эгасига етгунча” қилинадиган ишлар афсуски, камаймаяпти. Ҳатто айрим раҳбар ва масъулларнинг Президентни алдашгача журъати етаяпти.
2020 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида Президентга оғиз кўпиртириб мақталган уйлар атрофидан бугун канализация ҳиди анқиб турибди, болалар ўйин майдончасини шағал ва тупроқ босган. Кўчани ёритувчи чироқлар ўрнатилмаган.
Президентга қоп-қоп ваъдаларни берган масъуллар бугун кўп қаватли уйнинг аҳолисини ўта қийин аҳволда қолдирган.
Биз репортажда ҳикоя қилаётган бу Урганч шаҳрининг Ҳонқа кўчасида жойлашган 9 қаватли уйнинг лифти ҳам бир суткада 2 соат ишлайди.
Урганч шаҳар матбуот котибининг билдиришича, ҳаммаси жойида, аммо аҳолининг мурожаат қилишича, Президент ташрифида айтилган ваъдаларнинг ўндан бири ҳам амалга оширилмаган. Мазкур ҳудудни rost24.uz нинг вилоятдаги вакили ҳам кўздан кечириб, фототасвирга олди. Фототасвирлар таҳририятда сақланмоқда.
Тўлиқ тафсилотлар билан қуйидаги видеорепортажда танишасиз.