Жума намозига борган баъзи бир фуқаролар машинасини йўл ўртасига қўйиб кетади, бу ҳолат тўғрими?

05.11.2021 20:22

Ҳар жума куни шу бўлар такрор...

Ҳафтанинг ҳар жума кунлари масжидлар атрофида тирбандлик юзага келади. Кўп ҳолларда ибодатга келган фуқароларнинг айримлари автомобилини йўл ҳаракатини тўсган ҳолда ташлаб кетади. Бу борада дин пешволари қандай фикрда? Ибодат қилишга отланган кишининг бошқаларга зарар етказиши ва халақит қилиши кечиримлими?

Rost24.uz сайти мухбири мазкур масала юзасидан Шайхонтоҳур тумани Коҳота жоме масжиди имом-хатиби Абдуҳаким Пирназаровдан жавоб олди:

“Машинада юриш ижтимоий одоблардан бири. Кўчада бўлсин, масжидда бўлсин ё бошқа жамоат жойда бўлсин ўзини мўминман, мусулмонман, деб ҳисоблайдиган одам шариатимиз белгилаб берган қонун-қоидаларга бўйсуниши керак. Худди шундай, ҳозир сиз кўтараётган муаммо бу нафақат Тошкент шаҳрида, балки бутун республикамизда, нафақат жума куни масжидларимиз олдида, жамоат жой бозорларимиз, ё шифохоналаримизда бу муаммонинг ҳар куни гувоҳи бўляпмиз. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг бир ҳадислари бор: “Агар Оллоҳдан қўрқмасанг, хоҳлаганингни қил”. Лекин эртага Оллоҳнинг ҳузурига жавоб беришга тайёр тур.

Жума кунлари масжидларнинг олдига ва бошқа жамоат намозларида ҳам баъзи бир намозхонларимиз йўлнинг керак бўлса иккинчи, учинчи қатнов қисмигача машинасини қўйиб намозга кириб кетади. Оқибатда кўпчилик ўтиши лозим бўлган катта йўллар ҳам тўсилиб қолмоқда. У йўлдан ҳомиладор аёлларни шифохонага олиб боришга тўғри келиб қолиши мумкин. Ёнғинни ўчириш машиналари ўтади, ёки бошқа одамлар ўз зарурат юзасидан кетаётган инсонларнинг йўлини тўсиб қўйиш мумкин. Йўл тўсиш эса катта гуноҳдир”, – дейди Имом Абдуҳаким Пирназаров.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар