Чангли бўронлар ҳукумат вакилларини уйғота олдими? Халқ соғ-саломат яшаши учун ким қайғуради?
Дарахтлардан аёвсиз тозаланган пойтахт икки кундан буён қум бўрони қуршовида қолмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шу кунларда чанг тўзонли шамол оқибатида тез тиббий ёрдамга мурожаатлар ҳам кўпайган. Бухорода эса чангли кучли шамол иморатларнинг том қисмларини учириб кетган.
"Ўзгидромет"нинг Тошкент шаҳрида жойлашган ҳаво сифатини ифлослантирувчи моддалар таҳлилини юритувчи автоматик стационар кузатув постларида чанг миқдори кескин кўтарилиб, аввалига рухсат этилган меъёрдан 5 бараварга, кейинроқ маҳаллий вақт соат 21:00 ва 23:00 орасида 30 баробаргача кўтарилгани қайд этилган.
Мутахассислар фикрича, қум ва чанг шамолларининг қишлоқ хўжалигига ҳам етарлича зарар келтириши хавфи бор. Маълум бўлишича, ҳозирда кузатилаётган қум бўронлари хавфи ҳақида олимларимиз аввалдан барчани огоҳлантириб келган.
Чангли шамоллар шу кеча кундузда пайдо бўлган муаммо эмас. Аммо, мазкур муаммо шу вақтгача ҳукумат даражасида кўриб чиқилганми?
Экологларимиз қум бўронларини олдини олиш учун ҳукумат тепасида бонг уришганми? Жавоб ўзингизга аён.
Биология фанлари доктори Бахтиёр Абдуғофур қум бўронлари олдин ҳам бўлиб тургани, бу Ўзбекистон иқтисоди учун зарарли экани ҳақида гапирди. “Қум бўронлари ҳар доим бўлган. Вақти-вақти билан бўлиб турган. Унутилган. Лекин замонавий дунёдагиси анча хавфли? Нега? Сабаби, бу чанг-тўзонлар орасида тузлар ҳам учади, миқдори ҳам анча юқори. Қум-чанг зарарли бўлмаслиги мумкин, лекин туз учса ёмон.
Биринчидан, ўсимлик ва дарахтларнинг баргини қоплайди, зарарлайди, қуритади. Қишлоқ хўжалиги муҳим соҳа ҳисобланган Ўзбекистон учун бу жуда жиддий ҳолат”, дейди Бахтиёр Абдуғофур.
Биолог олим бу сафар чангли шамол талофати нисбатан кам бўлганини айтади. Чунки айни дамда ўсимликлар уйқуда. Агар бу чанг тўзонлар баҳор ёки кузда кузатилса, қишлоқ хўжалигига ва оқибатда табиийки, Ўзбекистон иқтисодига жиддий зарар етиши мумкин.
Бахтиёр Абдуғофур чанг бўронлари муаммоси аввалдан башорат қилингани ва уларга ечимлар ҳам таклиф қилинганини айтади. Бироқ, таклифлар, ишланмалар лабораторияда қолиб кетган. Олим қуйидаги икки усулни айтади:
1. Туз учадиган ҳудудларда ўша минтақа ўсимликларини экиш;
2. Тузни учмайдиган ҳолатга ўтказиш;
Бир вақтлар, тахминан ўн-ўн беш йиллар аввал чўл ўсимлигини қумда ўстириш, ўша ўсимликни бактериялар билан озиқлантириш биотехнологияси ишлаб чиқилган. Лекин ишланмалар лабораторияда қолиб кетаверди.
“Тузлар ёки оғир металларни бактерия полимерлари ёрдамида “қотириш” (ютиш) ишлари ҳам олиб борилган, жараён ва бу жараёнда қўлланадиган биологик воситаларнинг фундаментал натижалари илмий нашрларда ҳам эълон қилинган”, дейди олим.
Биология фанлари доктори Бахтиёр Абдуғофур бир икки кун кўтарилган чангли шамолга бефарқ бўлмасликни айтади. Чунки, олимнинг таъкидлашича, биз туз захираси марказида жойлашганмиз.
“Бу тузли чанг-тўзонлар ҳали кўп ўзини эслатади. Қайси фаслда қўзғалиши қараб хавф кўлами турлича бўлади. Агар баҳор ёки ёзнинг бошида бўлса, унда унда иқтисодий зарари жуда катта бўлади. Бутун бошли далалардаги ўсимликлар, дарахтлар хавф остида қолади. Жиддий масала шуки, биз потенциал туз захираси марказида жойлашганмиз. Бу каби экологик таҳдидлар бор ва биз келажакда кўп юзлашамиз...”, дея огоҳлантиради олим Бахтиёр Абдуғофур.
Олимлар огоҳлантирмоқда ва ечимлар ҳам таклиф этмоқда. Биргина савол очиқ: Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудларида кузатилган қум бўронлари ҳукумат вакилларини уйғота оладими?