Ёхуд майда қонунбузарликларга чора кўрилади-ю, йирик компанияларнинг йирик ноқонуний ишларига қонуний тус берилади. НЕГА?
Кўча-кўйда диск сотиб юрувчилар тутилиб, муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши, контрабанда сабабли жазога тортилади. Аммо, давлат ва хусусий телеканаллар томонидан узатилаётган хорижий кино ва дастурларни оммага узатишда муаллифлик ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқдами?
Телеканаллар ҳам кўчадаги контрабанда диск сотувчилари каби шартнома асосида сотиб олинмаган кўрсатув ёки сериал, киноларни оммага узатмаяптими?
Яқинда “Uzreport tv” телеканали бош муҳаррири Гулноза Ҳусанова Халқаро пресс-клубнинг матбуот эркинлигига бағишланган анжуманида ҳам айрим телеканалларда муаллифлик ҳуқуқига риоя этилмаслиги ҳақида фикр юритган эди.
«Биз шартнома асосида сотиб олган кўрсатувни таржима қилгунимизча, бошқа хусусий каналлар уни муаллифлик ҳуқуқларисиз кўчириб олиб, эфирга узатиб юборишди», деганди Гулноза Ҳусанова.
Қайсидир телеканалларнинг шартнома асосида ишлаши ва бошқаларининг тўғридан-тўғри кўчириб олишлари оммавий ахборот воситалари ўртасидаги соғлом рақобатга ҳам таъсир қилади.
Айни масала юзасидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги раиси Тўлқин Абдусатторовга мурожаат қилдик.
Тўлқин Абдусатторов давлат телеканаллари ва бошқа ижтимоий медиа тармоқларида муаллифлик ҳуқуқларини бузилишида Интеллектуал мулк агентлиги ёлғиз ўзи кураша олмаслигини ва бунда ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги ҳам четда турмаслиги кераклигини айтиб ўтди.
“Ҳозирги кунда телевидение ва радиода муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилмаслиги жиддий масала. Агентлигимиз томонидан 11 та давлат каналларига тақдимнома хати юборилган. Унда телеканалларда намойиш этилган фильм ва бошқа хорижий кўрсатувлар шартномасини кўрсатиш ва бир ой муддат ичида мурожаатни олган телеканаллардан жавоб хатини беришлари сўралган. Хусусий телеканалларда ҳам муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши кўп учрайди, лекин биз хусусий тадбиркорлар фаолиятига аралашишимиз мумкин эмас.
Телеграм каналларда ҳам ҳикоя ёки бошқа муаллифлик материалларини эгасини кўрсатмаган ҳолда тарқатилиши кўп кузатилади. Бу борада Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги чора кўриши лозим. Интеллектуал мулк агентлиги ёлғиз ўзи бу каби камчиликларга қарши кураша олмайди. Қолаверса, агентлик мустақил равишда хусусий телеканаллар фаолиятини текширишга ҳақли эмас. Бу тадбиркорлик фаолиятига аралашув ҳисобланади. Бизга фуқаролардан ёки муаллифлик ҳуқуқи бузилган иккинчи тарафдан мурожаат бўлса, ишни судга оширишимиз мумкин.
Ундан ташқари, қўшни давлатларда бизнинг кинолар ҳам муаллифлик ҳуқуқи қоидалари бузилган ҳолда намойиш этилади.
Ўзбекистон "Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Берн Конвенциясига аъзо бўлган. Унга кўра асардан фойдаланаётган юридик шахс ёки ташкилотлар ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан шартнома тузишлари сўралади”, дейди Тўлқин Абдусатторов.
ЯНИЧАР