Сайлов ўтди энди адолат керак эмасми?
“Менинг фарзандларим, невараларим Россияда мардикор бўлиб юришини истамайман. Қишлоғимизда 15 минг аҳолига мўлжалланган на бир мактаб ва на бир боғча бор. Болалар узоқ ва хавфли жойдаги мактабга қатнамоқда, йўлда йўл транспорти ҳодисасига учрамоқда. Бу муаммони ҳал этувчи биронта виждонли амалдор борми?”, дейди Назарбек қишлоғи “Фаробий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Маъмура ая.
Rost24.uz ахборот сайтида Тошкент вилояти Назарбек қишлоғи, “Фаробий” маҳалласида 40 йил аввал мактаб учун ажратиб бўш қолаётган ер Зангиота туман ҳокими томонидан “Беш ташаббус” ижтимоий объектларини қуриш учун бериб юборилгани ҳақида ёзилган эди.
Беш ташаббус асосида ижтимоий объектлар қурилиши керак бўлган жойга айни дамда 40 та турар жойлар ва 200 кишилик мактаб ва 100 кишилик боғча қурилиши кутилмоқда. Аммо, қизиғи шундаки, беш ташаббус лойиҳаси асосида ер олган тадбиркорга на замонавий турар жойлар ва на мактаб, боғча қуришга рухсат этилади.
Мазкур масала кўтарилгач, қурилиш объектига 9 та вазирликдан вазир ўринбосарлари иштирокида комиссия тузилиб ўрганилди. Жумладан, Қурилиш вазири ўринбосари Н.Бабаев, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бош мутахассиси С.Жуманиёзов, Тошкент вилояти ҳоким ўринбосари Ш.Ҳакимов, Адлия вазири ўринбосари М.Икрамов, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари У.Шарифходжаев, Мактабгача таълим вазири ўринбосари Н.Муслитдинов, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Т.Набиев, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги раиси ўринбосари А.Абдуллаев, Тошкент вилояти прокурори ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси Ш.Турдалиев каби мутасаддилар ишни кўриб чиқишга жалб этилди.
Шунингдек, қурилиш жараёнини вақтинча тўхтатиб туришга оғзаки кўрсатма берилди. Йиғилиш якунида баённома тузилиб, аҳолини мактаб ва боғча билан таъминлаш, қайта суд ишини аппеляция орқали кўриш жоизлиги бўйича кўрсатма берилди. Аммо, айни дамда, қурилиш авжида, 15 минг аҳолининг мактабсиз қолаётгани бўйича Зангиота туман ҳокимлиги бирон иш қилгани йўқ. “Сайловгача одамларни тинчлантириб туриш” вазифасини 9 та вазир ўринбосарлари уддалади. Аммо аҳолининг мактабсиз қолаётгани улар учун нисбатан муҳим бўлмаган иш бўлиб қолмоқда.
Адолат излаган Назарбек қишлоғи фуқаролари, оддий конститутцион ҳуқуқлари бўлмиш мактаб ва боғчага эга бўлиш ҳуқуқларидан маҳрумлигича қолмоқда.
Эслатма: сайтимизда аввал мазкур масала юзасидан қатор материаллар эълон қилинган. Воқеалар охиригача қандай тугашини кузатишда давом этамиз. “Тошкент вилоятида ҳокимлик Президент фармони билан найранг ишлатиб, 12 минг аҳолини мактабсиз қолдирмоқда”