Қонунни бузмайдиган касб эгалари камдан кам топилади, балки топилмаса ҳам керак. Аммо давлатнинг энг муҳим бўғинида қонун устуворлигини таъминлашдек олий вазифа зиммасида бўлган судьялар ҳам мунтазам қонунни бузиб турса-чи?
Фуқароларнинг ишини бир кун кечикканда қабул қилмайдиган судьяларнинг ўзлари кодексдаги муддатни 47 кунга бузди. Судьяларга қонунни бузиш мумкинми? Айни масала юзасидан ҳозирда rost24.uz сўрови билан Судьялар олий кенгаши матбуот хизматига сўровнома юборилган. Судьялар олий кенгаши матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича хизмат текшируви тайинлаган. Текширув якуни ҳақида қўшимча ахборот берилиши кутилмоқда.
Олий суд ёки Судьялар олий кенгаши раҳбариятидан турли тадбирларда фуқароларимизнинг суд тизимидан норозилиги кучайиб бораётгани сабаблари ҳақида сўралса, доимо “судьяларимизда ҳеч қанақа айб йўқ, улар ҳар доим ҳам қонун доирасида ишлашади, айрим қисқагина муддат бузилишларига эса иш ҳажмининг кўплиги ва судьялар штатлари етишмаслиги сабаб бўляпти”, деган бир хил жавоб айтилади.
Фуқаролик процессуал кодексининг 202 ва 207 моддаларига кўра меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ишлар суд томонидан энг узоғи билан бир ой ичида кўриб чиқилиши шарт. Бу муддатни ҳар қандай асос билан узайтиришга қонуний асос йўқ. Эътибор қилинг, қонунда узоғи билан бир ой дейиляпти.
2021 йил 23 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиевнинг ишга тиклаш ҳақидаги даъвоси киритилган ва ФИБ Шайхонтохур туманлараро судида кўриб чиқилган. Бу бўйича ҳолат қандай кечган эди?
Бунга масъул судья И.Қурбонбоев бу ишни 77 кун кўриб чиққан. 2021 йил 8 октябрда қарор чиқарилган.
Тасаввур қилаяпсизми, бир кун кечикилса, процессуал муддатни бузгансан, деб шикоятингни қайтариб юборадиган қонун ҳимоячилари ўзлари доим пеш қиладиган ўша кодексдаги муддатни роппа-роса 47 кунга бузаяпти.
Кимнидир хаёлига балки суд тизими раҳбарлари доим такрорлаб келадигандай “судьянинг иш ҳажми кўп бўлгандир ёки иш жудаям мураккаб бўлса-чи”, деган фикр келиши мумкин. Лекин 47 кун кечиши бу асослаб бўлмайдиган иш.
Судья И.Қурбонбоевда иш ҳажми кўп, бошка судьяда кам эди ҳам дея олишмаса керак. Сабаби Олий суд раҳбарияти “бизда ишларни тақсимлаш электрон шаклда амалга ошириб келинмоқда, бу жараёнда инсон омили тўлиқ истисно этилган, бу дастур судьяларнинг иш ҳажмидан келиб чиқиб ишларни тақсимлайди”, деб жар солиб келишмоқда.
Қонунчиликнинг айнан судья томонидан бузилишига кенгаш қандай жавоб беришини кутиб қоламиз.