Яқинда Самарқанддаги боғчаларга музлатилган ва сифати бузилган гўшт маҳсулотлари тарқатилгани, боғча мудиралари болаларга музлатилган гўшт бериш мумкин эмаслигини айтишса-да, таъминотчи корхона вакили босим қилиб, таҳдидли сўзлар айтгани шов-шувларга сабаб бўлди.
Вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари мазкур таъминотчи корхона билан шу йил 9 сентябрдан ишлай бошлаган. Аммо, таъминотнинг илк кунлариданоқ норозилик келиб чиққан. Шунингдек, бу ҳолат бир ёки бир нечтта боғчаларда эмас, таъминотчи хизмат кўрсатаётган деярли барча боғчаларда юз берган. Қолаверса, бошқа маҳсулотлар, хусусан сут маҳсулотлари бўйича ҳам эътирозлар юзага келган, маҳсулотлар етарли миқдорда етказиб берилмаган.
Маълум бўлишича, таъминотчи корхона – “LAZZATLI HALOL OSHXONA” компанияси Самарқанд шаҳри, Тойлоқ, Ургут ва Пайариқ туманлари боғчаларига маҳсулот етказиб бериш бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлган ва сентябрдан етказиб беришни бошлаган.
Бироқ, компанияда ҳеч қандай сертификат йўқ ва у янги очилган. Бу қаттиқ шубҳа туғдирувчи ҳолатда негадир расмийлар изоҳ беришга шошилмаяпти.
Маълум бўлишича, ота-оналарнинг шикоятларидан кейин тегишли мутасадди идоралар томонидан текширув ишлари бошланган, бу бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Самарқанд вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутахассислар иштирокида комиссия тузилгани ва ҳолатлар ҳар томонлама таҳлил қилинаётганини таъкидлаган.
Аммо, мазкур ҳолатларни аниқлаш ва ҳозирча аниқланган маълумотлар асосида расмий хабар тақдим этиб бориш шу қадар кўп вақт олиши жамоатчиликда шубҳа уйғотиши мумкин.
Маълумот учун, боғчаларга музлатилган гўшт етказиб берилиши амалдаги санитария меъёрларига зид. Гап болалар соғлиғи ҳақида кетар экан, ҳар қандай қонунсизликка муросасиз муносабатда бўлиш шарт. Биз бу борада аччиқ тажрибаларни бошимиздан ўтказдик. 2019 йилда Тошкент вилояти, Бекобод туманидаги 15-боғча тарбияланувчиларида кузатилган заҳарланиш, 2022 йилда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 39-боғчада болаларнинг оммавий заҳарланиши, 2023 йилда Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 10-сонли боғча болаларидаги овқатдан заҳарланиш, 2024 йилда Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг овқатдан заҳарланиши каби кўплаб заҳарланиш ҳолатлари бизга сабоқ бўлиши керак.
Шунингдек, 2023 йилда 65 нафар норасиданинг доридан заҳарланиб вафот этиши юртимиз учун аччиқ сабоқ ва асло унутиладиган ҳодиса эмас.
Шу сабабли ҳам, мазкур ҳолатда агар озиқ-овқат сифатида қонунбузарликлар аниқланса, масъул шахслар қонун олдида жавоб бериши ва бу борада жамоатчиликка аниқ ва холис ахборот берилиши шарт.