Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази кўчмас мулк бозори бўйича янгиланган таҳлил натижаларини тақдим қилди. Унга асосан, Ўзбекистонда 2025 йил август ойида уй-жой савдолари июль ойига нисбатан бир оз камайди, бироқ йил давомида бозор қарийб 13 фоизга ўсди.
Рақамларга кўра, август ойида уй-жой олди-сотди шартномалари сони 25 мингни ташкил этди. Бу кўрсаткич июлга қараганда 4,6 фоизга кам, аммо ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кўпдир. Ҳудудлар кесимида энг катта ўсиш Сирдарё (34 фоиз), Хоразм (29 фоиз) ва Сурхондарё (27 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Иккиламчи уй-жой бозори
Август ойида иккиламчи бозорда нархлар июль ойига нисбатан яна 1 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда эса ўсиш 4 фоизни ташкил қилди. Жиззах (14 фоиз), Сурхондарё (17 фоиз) ва Сирдарё (10 фоиз) вилоятларида уй-жой нархлари энг юқори даражада ошгани кузатилди.
Пойтахтда иккиламчи уй-жой бозори нархлари йил давомида ўртача 2,3 фоизга пасайди. Бироқ бирламчи, яъни янги қурилган уйлар нархлари ўтган йилга нисбатан 0,7 фоизга ошди. Август ойида эса иккиламчи бозорда нархлар 0,2 фоизга кўтарилди. Мирзо Улуғбек (-6,3 фоиз), Яшнобод (-4,4 фоиз) ва Чилонзор (-4,6 фоиз) туманларида энг сезиларли пасайиш қайд этилди. Шу билан бирга, янги уй-жойлар сегментида нархлар Миробод (6,6 фоиз), Яккасарой (3,6 фоиз) ва Олмазор (2,6 фоиз) туманларида кўпроқ ошди.
Ижара бозори
Август ойида Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун 8 доллар атрофида барқарор бўлиб қолди. Энг юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида кузатилди — ўртача 10,3 доллар бўлса, энг катта пасайиш Учтепа, Чилонзор ва Бектемир туманларида кузатилди.
Умуман олганда, уй-жой бозори ҳудудларда сезиларли фаолликни сақлаб қолмоқда, Тошкентда эса талаб барқарор даражада давом этмоқда.