1 октябрда мактаб ўқитувчилари қанча мукофот олади?

13.09.2025 18:31



Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчилари “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни”муносабати билан 953 минг сўмдан мукофотланиши бўйича хабарлар тарқалмоқда. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ушбу хабарларга изоҳ берди.

Нотўғри талқин

Мазкур хабар қисман нотўғри. Буни тарқатаётганлар Президент фармонидаги кичик, лекин ўта муҳим жойини нотўғри талқин қилишган.

Хабарларда айтилганидек, дарҳақиқат, 2025 йил 19 мартдаги ПФ–51-сон Президент Фармони билан умумтаълим муассасаларининг Директор жамғармасидан фойдаланиш тартибига ўзгартириш киритилди. Янги ўзгаришга кўра, “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ходимларни мукофотлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача этиб белгиланди. Аввал мукофотлаш миқдори 50 фоизни ташкил этган эди.

Янги ўзгаришдаги -гача қўшимчаси максимал чегарани англатади, лекин бу ҳамма ходимлар 75% мукофот олади, дегани эмас. Қаердадир 75, қаердадир 60, қаердадир 50 фоиз берилиши мумкин.

Мукофот миқдори нимага асосланиб белгиланади?

Мукофот миқдори мукофотлаш даврида Директор жамғармасининг амалдаги молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, унинг жорий молия йилидаги мавжуд маблағлари доирасида белгиланади. Жайдари тилда айтганда, Директор жамғармасида қанча пул борлигига қараб, мукофот миқдорлари фарқ қилади, барча мактабда ўқитувчилар бир хил мукофот олмаслиги мумкин.

Мукофотнинг энг максимал миқдори МҲТЕКМ 75 фоизигача, яъни 953 минг 250 сўм бўлади, бундан кўп мукофот бериш мумкин эмас, лекин молиявий имконияти бўлмаса, бундан кам бериш мумкин.

Бу муҳим: байрам муносабати билан мукофот фақат ўқитувчиларга эмас, балки барча ходимларга берилади. Яъни раҳбар ва техник-хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳам мукофот олади, деб ёзади ҳуқуқшунос.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар